Ёшларнинг ҳар бир муваффақияти – халқимизнинг ютуғи

Фото: "Халқ сўзи"
Янги Ўзбекистон бунёдкорлари
Кейинги йилларда ёшларга сифатли таълим-тарбия бериш, хорижий тилларни ўргатиш, касб эгаллаб, ҳаётда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада олиб борилаётган ислоҳотларнинг самаралари ўғил-қизларимизнинг эришаётган натижаларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, ўтган йили 150 мингдан зиёд йигит-қизлар халқаро тил сертификатларини олди. Бу — 2023 йилдагига нисбатан 2 баравар кўп. 2024 йилда юртимиз ёшлари “ТОП — 500”талик олийгоҳларига кириш бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади.
Навқирон авлодга кенг имкониятлар яратишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилаётир. Ана шундай шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, ўз салоҳиятини рўёбга чиқараётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Нафақат юртимиз, балки халқаро миқёсда ҳам ўз билими, ташаббускорлиги билан танилиб, минглаб тенгдошларига ибрат бўлаётган Муниса Муродова ҳам янги Ўзбекистоннинг ана шундай истеъдодли ёшларидан биридир.
У шу йил 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан Президентимизнинг навқирон авлод вакиллари билан мулоқотида қатнашиб, ўз таклифларини билдирди. Эътиборлиси, унинг ғоялари Юртбошимиз томонидан қўллаб-қувватланди.
— Мамлакатимизнинг энг иқтидорли ва истеъдодли дея эътироф этилган ёшлари сафида Президентимиз билан учрашиш бахтига муяссар бўлганим менга нафақат чексиз фахр ва ифтихор, балки катта масъулият ҳам юклайди, — дейди айни пайтда Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг “Бизнес ва молия бошқаруви” йўналишида таҳсил олаётган Муниса Муродова. — Шу куни Президентимиз ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир мактаб ўқувчисининг стартап ғоясини ривожлантириш учун 100 миллиард сўм маблағ ажратилишини эълон қилди. Менинг “Келажак йўли” лойиҳам ҳам айни шу ташаббус билан уйғунлашиб, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги 33 та мактабда 8 — 10-синф ўқувчилари учун синов тариқасида жорий этилиши кўзда тутилган. Келгусида эса лойиҳа Тошкент шаҳри бўйлаб барча туманларга босқичма-босқич татбиқ қилиниши режалаштириляпти. Ушбу лойиҳа ўқувчиларга бизнес стратегияси, SMM, IT, сунъий интеллект ҳамда журналистика йўналишларида бепул таълим олиш имконини яратади.
Барча эзгу амал ниятга боғлиқ
Муниса Муродованинг етакчилик фаолияти 2022 йилда мактаб сардори этиб сайланиши билан боғлиқ, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Ўша пайтдан у мактабда ижтимоий, маънавий ва инновацион лойиҳаларни фаол ташкил этишга киришди. “Йилнинг энг яхши ўқувчиси” сифатида тан олиниб, IT-паркда бепул таълим олиш имкониятига эга бўлди.
2023 йилда Муниса Ўзбекистон тарихида илк бор “DreamSat” лойиҳаси доирасида “nanoCubeSat” сунъий йўлдошини стратосфера қатламига муваффақиятли учиришда қатнашди. Бу илмий лойиҳа орқали у ёш тадқиқотчи ва жамоа координатори сифатида танилди.
2024 йилда эса “NASA Space Apps Challenge” халқаро хакатонида “AstroTech Innovators” жамоаси билан “Climate and Gender” мавзуида юқори натижа кўрсатиб, “ТОП — 10” жамоа қаторидан жой олди.
Шунингдек, Муниса Туркияда ўтказилган “TEKNOFEST — 2024” халқаро аэрокосмик фестивалида жамоаси билан дрон ва ракета йўналишларида “ТОП — 5”таликка киришга эришди. Бу орқали ёш ҳамюртимиз ўзбек йигит-қизлари илм-фан ва технологиялар соҳасида халқаро майдонда ҳам рақобатлаша олишини исботлади.
Бу муваффақиятлари учун у “Беҳбудий” ва “Юксак эҳтиром” кўкрак нишонларига лойиқ кўрилган. Айни пайтда Муниса Муродова халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ҳузуридаги Ёшлар маслаҳат гуруҳи аъзоси ҳамдир.
Таълимсиз тараққиёт, илм-фансиз юксалиш йўқ
Пойтахтимиздаги нуфузли олий таълим муассасаси — Сингапур менежментни ривожлантириш институти (MDIST)да таҳсил олаётган Муниса Муродова ўз билимларини халқаро лойиҳаларда қатнашиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш ва инновацион ташаббуслар билан уйғунлаштириб бормоқда. Жорий йилда у инглиз тилида илмий тадқиқот тайёрлаб, университет доирасида тақдимот қилди. Ушбу иш ўсмирларнинг рақамли муҳитдаги ижтимоий муносабатлари ҳамда коммуникация кўникмаларига таъсирини ўрганишга қаратилган.
Шунингдек, у ўзининг эстетик-интеллектуал қобилиятини намоён этиб, “MISS MDIST — 2025” танловида биринчи ўринни қўлга киритди. Бу танлов “MDIST” томонидан ҳар йили энг иқтидорли, фаол ва илҳомлантирувчи талабаларни аниқлаш мақсадида ўтказилади. Танловда нафақат ташқи кўриниш, балки нутқ маданияти, саҳнада ўзини тутиш, ижтимоий фаоллик, етакчилик салоҳияти ва ғоявий куч баҳоланади. Мунисанинг интеллекти, ижтимоий лойиҳалардаги фаоллиги, чуқур мулоҳазалари ва ўзига хос ташаббуслари ҳакамлар ҳайъатининг эътирофига сазовор бўлди. Бу ютуқ унинг кўп қиррали — етакчи, инноватор, тадқиқотчи ва эстетик фикрловчи ёшларимиздан бири сифатида шаклланганини исботлади.
Муниса Муродова каби замонавий ўзбек ёшларининг ташаббускорлиги, билимга чанқоқлиги билан эришаётган муваффақиятлари бутун халқимизнинг ютуғидир. Уларнинг фаолияти ўз тенгқурлари учун нафақат илҳом, балки амалий йўл-йўриқ, рағбат ва ишонч манбаи бўлиб ҳам хизмат қилади. Бу эса орзуларини режага, лойиҳаларини эса ҳақиқатга айлантира оладиган етакчи ўғил-қизларнинг сафи кўпайишига туртки беради. Бундай ёшлар Президентимиз таъкидлаганларидек, янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида янги тарих яратадиган олтин авлоддир.
Фазлиддин АБИЛОВ («Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг