Ёшларни жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун шароит яратиб бериш — устувор вазифа

20:18 09 Май 2021 Жамият
1231 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - «Халқ сўзи»

Маълумки, республикамизда давлат ҳокимияти органлари томонидан ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон, у ерда яшовчи ҳар бир фуқаронинг муаммоларини яқиндан ўрганиш амалиёти йўлга қўйилган. Зеро, бу Президентимиз томонидан белгилаб берилган халқ билан мулоқот қилиш тамойилини самарали ижро этишнинг асосий шартларидан биридир. Бунда жамиятда ёшлар ва аёлларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш масалаларига устувор аҳамият қаратилаётгани долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ўтган қисқа даврда йўлга қўйилган «Темир», «Ёшлар» ва «Аёллар» дафтарлари аҳолининг ҳар бир қатлами, айниқса, кўмакка муҳтож инсонлар, навқирон авлод ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг муҳим механизмига айланди.

Бунинг амалий натижалари нафақат марказий, балки чекка ҳудудларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Шу бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлардан кўзланган пировард мақсад ҳам аслида шу.

Тадбиркорликни танлаганлар кўпчиликни ташкил этмоқда

Келинг, фикримизни Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманидаги 2-сектор фаолияти мисолида давом эттирамиз

Ушбу секторга туман прокурори Р. Халмуратов раҳбарлик қилиб келмоқда. Эътиборлиси, мазкур ҳудудда «Ёшлар ва Аёллар дафтари»ни юритиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар бошқалар учун намуна сифатида белгиланди. Бу бежиз эмас.

— Ушбу топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида туманимизда бир қанча ишлар амалга оширилди, — дейди Р.Халмуратов. — Хусусан, туман бўйича «Ёшлар дафтари»га 7 058 нафар ёш киритилган бўлса, шулардан 1659 нафари бизнинг сектор ҳиссасига тўғри келади. Умуман олганда, ўтказилган хатлов ва ижтимоий сўров натижасида ишлаш истагини билдирган, тадбиркорликни бошлашни қатъий ният қилган ўғил-қизлар кўпчиликни ташкил этиши маълум бўлди. Шундан келиб чиқиб, эндиликда ҳар бир сектор раҳбари қўлида ушбу ёшларимиз бўйича, таҳлиллар, яъни қайси ёшимизнинг нимага қизиқиши, ижтимоий-иқтисодий муаммолари мавжудлиги тўғрисида тўлиқ маълумотлар бор. Шу асосда ҳунари ва келажакдаги режалари ҳақида «Ёшларбай» аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, режасини тасдиқлаб олганмиз. Қандай қилсак, ёшларга бизлар яхши шароит яратиб бера оламиз деган масаладан келиб чиқиб «йўл харита»си ҳам ишлаб чиққанмиз.

Буларнинг ижроси натижасида қарийб беш минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш мақсад қилинган. Айни пайтгача шулардан 2858 нафари доимий иш ўрнига эга бўлди.

«Қолганлар-чи?» деган савол туғилади. Ҳозирда бандлиги таъминланмаган 2111 нафар ёшни ишга жойлаштириш имконияти ҳам яратилган. Уларни қурилиш соҳасидаги «Комил Қурилиш» МЧЖ, «Таъмирлаш Тиклаш» МЧЖ, «Султон Сарой» МЧЖ каби корхоналар, қишлоқ хўжалиги соҳасида эса янги ташкил этилган ва олдиндан фаолият юритаётган «Хаджибой Амина», «Беруний Кластер» МЧЖ, «Аёл Бахти», «Элёр Диёр». «Сарвар Рўзимов», «Азамат Туримов», «Рахматилла Чаман», «Берунийли Анварбек», «Мухтаров Мухаммад, «Худайберган Қассоб», «Идрис Палвон» сингари фермер хўжаликлари ишга олишга тайёр турибди.

Бу каби фикрларни ишлаб чиқариш, хизмат кўсатиш ва савдо-сотиқ, ҳақ тўланадиган жамоат иши, ўзини-ўзи банд қилиш, балиқчилик соҳалари, иссиқхоналар қуриб бериш йўналишлари ҳақида ҳам айтиш мумкин.

Ўз навбатида биринчи чорак якунига кўра, «Ёшлар дафтари»даги 220 нафар ёшдан 2-сектор бўйича 48 нафари касб-ҳунар ва иштиёқидан келиб чиқиб туман Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан бепул касб-ҳунарга ўқитилмоқда. Тикувчилик, компьютер саводхонлиги, қурилиш, электрик, ҳайдовчилик шулар жумласидандир.

Масалан, Ёшлар жамғармаси маблағлари ҳисобидан «Ватанпарвар» ташкилотида 24 нафар ёшни ВС тоифасига ўқитиш учун 44,1 млн сўм пул маблағлари ажратиб берилди. Яна 16 нафарини ўқитиш режалаштирилмоқда.

«Ҳар бир ёшга бир гектар» лойиҳаси доирасида деҳқончилик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга 547 гектар ер майдони (ўрта ҳисобда ҳар бир ёшга 0.22 сотих) ажратиб берилди. Шулардан 547 нафари 2-сектор ҳиссасига тўғри келади.

Бундан ташқари, деҳқон хўжалиги ташкил қилиш мақсадидаги ишсиз ёшларга туман ҳокимининг қарорига асосан ер майдонлари ажратилиб, 10 йиллик шартномалар имзоланди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда 2-сектордан 45 нафар ёш тадбиркорликка ўқитилиб, сертификатлар берилди. Уларнинг 25 та лойиҳаси учун 725 млн. сўм миқдоридаги имтиёзли кредитлар ажратилди. Айни пайтда ёшлар ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаб юборишди. Мебель, миллий ширинликлар ишлаб чиқариш, паррандачилик, чорвачилик, тикувчилик кабилар шулар жумласидандир.

Бу туманимизда янги тадбиркорлик субъектлари иш бошлаб, ўзи билан бирга камида 1 нафардан ишсиз ёшнинг бандлигини таъминлайди ҳамда бюджетга қўшимча тушум деганидир.

Сектор раҳбарлари ёшлар билан доимий мулоқотда

Маълумки, давлат раҳбарининг тегишли топшириғига асосан тумандаги 4 та сектор раҳбари билан биргаликда ёшлар билан ҳафтасига икки кун — пайшанба ва жума кунлари учрашувлар ўтказилиб келинмоқда.

Уларда 8 майга қадар ёшлардан 234 та мурожаат ҳамда таклифлар келиб тушди. Шундан, 136 та мурожаат ижобий ҳал қилинди, 98 та мурожаатга тушунтириш берилди.

Мисол учун, 2-сектор «Палваш» МФЙ ва «Тинчлик» ОФЙ да яшовчи Н.Сапарбаева ҳамда Д.Аминовалар туман тиббиёт бирлашмасига ҳамшираликка ишга киритилди.

Ўтказилган учрашувлар, суҳбатлар, "Ёшларбай" ўрганишлар натижасида 196 нафар ёшга ижтимоий ва моддий ёрдамлар берилди.

Хусусан, 36 нафар (2-секторда 14 нафар) ишсиз ёшнинг уй шароитида ўзини-ўзи банд қилиш мақсадида ҳомийлар ёрдамида тикув машиналари (ўзига ўхшаган 1 ёки 2 нафар ёшни шогирдликка олиб, ҳунар ўргатиш шарти билан), 16 нафар ёшга (2-секторда 11 нафарига) миллий ширинликлар пишириб, уй шароитида ўзини-ўзи банд қилиш учун микротўлқинли печь ва 10 нафар ёшга (2-секторда 2 нафар) иссиқхона қуриб берилди.

Шунингдек, 31 нафар мактаб ўқувчисига иссиқ кийим бош ва ўқув қуроллари, 12 нафар (2-секторда 3 нафар, 2 та олий ва 1 нафар ўрта махсус таълим талабасига 16 млн. 300 минг) ёшнинг олий таълим муассасасида ўқиши учун 52,1 млн. сўм миқдорида контракт тўлови тўлаб берилди.

Ногиронлиги бўлган 7 нафар ёшга ногиронлик аравачаси ва 7 нафар ёшга компьютер жамланмаса берилди.

Ҳомийлар сафи кенгаймоқда

Президентимизнинг «Ёшлар форуми»даги топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида «Ҳар бир тадбиркор — ёшларга мададкор» шиори остида жорий йилнинг 24 январь куни Ёшлар марказида тадбиркорлар ва ишсиз ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди ва унда 150 нафар ишсиз ёшлар тадбиркорларга бириктириб берилди.

Бундан ташқари, 4 та сектор раҳбарлари томонидан 20 нафар ишсиз ёш оталиққа олинди. Хусусан, туман прокурори Р.Халмуратовга беш нафар еш бириктирилган. Шулардан Еркабаева Лайло ҳомийлар ҳисобидан ўқув курсларига бепул жалб қилинди, Халмуратов Умидга 1 ойлик ҳарбий хизматга контракт пулини тўлаб беришга келишиб олинди, Рўзимбаева Шохистага туман тиббиёт бирлашмасига ишга жойлаштириш учун йўлланма берилди, Абдуллаев Ғайратга парранда берилиб, уй шароитида ўзини-ўзи банд қилиши таъминланди, Ибадуллаева Мунавварга У.Жуманиёзов МФЙдаги 12 сонли МТМга ишга йўлланма берилди.

Соғ танда — соғлом ақл

Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг спортга бўлган қизиқишларини орттириш мақсадида тумандаги 32 та овул ва маҳалла фуқаролар йиғинида “Street workout” спорт майдончалари қурилиб фойдаланишга топширилди, 2-чорак якунигача қолган 8 та маҳаллада ҳам шу каби спорт майдончалари қуриб фойдаланишга топширилади ва ҳозирги кунда ушбу спорт майдончаларида 2000 нафардан ортиқ ёшларимиз доимий шуғулланиб келмоқдалар.

Ёшларни мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш учун ҳам қулай шароитлар яратилмоқда.

Жорий йилнинг 5 март куни туманда Маданият саройи капитал реконструкция қилиниб аҳоли ва ёшлар учун фойдаланишга топширилди ҳамда бугунги кунга қадар ёшлар ва аҳолининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида 10 дан ортиқ маданий тадбирлар ва концерт дастурлари ўтказилди.

Тумандаги барча маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида, таълим муассасаларида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида «Янги Ўзбекистон – янгича дунё қараш» шиори остида маданий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. Умумий ўрта таълим мактабларида эса доимий равишда бешта ташаббус бўйича тадбирлар ўтказилмоқда. Шу кунга қадар 1600 дан ортиқ тадбирлар ўтказилиб 32 минг нафардан ортиқ ёшлар қамраб олинди.

Шунингдек, уюшмаган ёшлар ўртасида «Қувноқ ёшлар», «Қувноқлар ва зукколар» танловлари ташкил этилди. Уларда 250 нафар ўғил-қиз қатнашди. Ёшларда театр санъатига бўлган қизиқишини ошириш мақсадида 6-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида Бердақ номидаги Қорақалпоқ мусиқали драма театри ва Ёш томошабинлар театрининг кўчма спектакли намойиши ташкил этилди.

Март ойида эса 18-30 ёшли ўғил ва қиз болалар ўртасида “Street Workout” спорт мусобақалари ўтказилди. 300 дан ортиқ ёшлар қамраб олинган тадбирда ғолиб ва совриндорлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

— Иккинчи секторда ёшларни спорт билан ошно этишга катта эътибор қаратяпмиз, — дейди Р.Халмуратов. — Бу йўлда ҳудудимиздаги 14 та умумтаълим мактабининг спорт инвентарлари аҳволи ўрганилди. Уларда ёшларимиз учун қулай шароит яратиб бериш мақсадида ҳомийлар ҳисобидан 20 млн. сўмлик анжомлар етказилиб берилди.

Қолаверса, аҳолининг барча қатламлари ўртасида «Соғлом ҳаёт сари 5000 қадам» шиори остида оммавий юриш тадбирлари барча маҳаллаларда мунтазам ташкил қилиниб келинмоқда.

Ўз навбатида январь-февраль ойларида спортнинг футбол тури бўйича «Туман ҳокими кубоги» ҳамда «Туман прокурори кубоги» мусобақалари ўтказилди. Март ойида эса шахмат ва шашка туридан «Биз ақл – идрокли оиламиз» мусобақаси ташкил этилиб, ғолиб ва совриндорлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Аскар — мактаб меҳмони

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида тумандаги 19 сонли ва 48 сонли мактабларда Қуролли кучлар фахрийлари ва Аскарлар билан «Аскар — мактаб меҳмони» шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, 100 нафар ёш қамраб олинди.

Тумандаги мавжуд барча спорт залларида маҳаллалардаги ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун ҳар куни соат 16:00 дан 23:00 гача ёшларга ажратиб берилди. Ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун туманда жами 266 та спорт иншооти мавжуд бўлиб, шундан, умумтаълим мактабларида 63 та спорт зал, 187 та спорт майдончаси, болалар-ўсмирлар спорт мактабида 1 та спорт зал, 1 та сузиш ҳавзаси ва 1 та футбол майдончаси, ташаббускор тадбиркорлар томонидан ташкил қилинган 10 та хусусий кичик футбол майдончаси ва 1 та фитнес клублар фаолият юритиб келмоқда.

Уларда футбол, мини-футбол, волейбол, гандбол, баскетбол, енгил атлетика, шахмат, шашка, стол теннис, бадиий гимнастика, муайтай, бокс, эркин кураш, сузиш, оғир атлетика, бадминтон ва каратэ турларидан 565 та секциясида 13 689 нафар ёш спорт билан шуғулланиб келмоқдалар, шундан 5 495 нафарини қизлар ташкил қилади.

Замонавий технологияларни ўзлаштириш учун ўқув курслари

Туман марказида ёшлар ўртасида ахборот технологияларни оммалаштириш, уларга соҳага оид қизиқишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Рақамли технологиялар ўқув маркази»да ўқув курслари ташкил этилмоқда. Марказда «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида 200 дан ортиқ мактаб ўқувчилари www.uzbekcoders.uz сайтидан рўйхатдан ўтиб веб-дастурлаш, андроид дастурчиси, маълумотлар базаси таҳлилчиси каби ўқув курсларида ўқиб таҳсил олишди.

«Бир миллион дастурчи» лойиҳасини туманда кенг жорий қилиш мақсадида умумтаълим мактабларнинг 7 — 11 синфлари ўқувчиларини лойиҳа доирасида дастурлашга ўқитиш ҳам доимий эътиборда. Хусусан, ҳозирги кунда 46 нафар ёшларга сертификатлар топширилди. Ҳозирда Халқ таълими бўлимига қарашли мактабларда 100 та (2-секторда 26 та) компьютер тўгарагига 1 775 нафар (2-секторда 446 нафар) ёш қамраб олинган. 

Китоб — тафаккур қаноти

Ёшлар маънавиятини юксалтириш, жойларда кутубхоналар ташкил этиш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида таълим муассасалари, маҳаллалар ва меҳнат жамоаларида «Китоб – миллатнинг бебаҳо, маънавий ва маданий мероси» мавзусида маънавий маърифий тадбирлар ўтказиляпти. «Китоб — тафаккур қаноти» шиори остида Ахборот кутубхона марказига китобхонларни аъзо қилиш, «Ёшлар учун – бир китоб» лойиҳаси доирасида умумий ўрта таълим мактабларига ташриф буюриш, узоқ ҳудудларда «Кўчма кутубхона»лар ташкил қилинмоқда.

Тумандаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида «Энг яхши китобхон ўқувчи» танловида ҳар бир мактабдан финал босқичида, 1 нафардан ўқувчи иштирок этди. Унда ўқувчилар билимларини синовдан ўтказди. Саралашдан сўнг 10 нафар финалчи аниқланди. Ахборот кутубхона марказида бўлиб ўтган ҳал қилувчи беллашувда ғолиб ва совриндор бўлганларга пул мукофотларини ўз ичига олган сертификатлар топширилди. Апрелда эса «Энг яхши китобхон маҳалла», китобхон жамоалар ўртасида “Brain ring” танловлари ташкил этилди.

2021 йил биринчи чорагида туман ҳокимлиги ва ҳомийлар ҳисобидан таълим муассасаларига 2000 дан ортиқ китоблар совға қилинди. Туман АКМга 3 865 нафар ёш, умумий ўрта таълим мактаблари кутубхоналарига 21 440 нафар (2-секторда 2 367 нафар) ёш, фан тўгаракларига қамраб олинган ёшлар сони 37 418 (2-секторда 1 973 та), шундан 2-секторда 452 та) (2-секторда 9 235) нафарни ташкил қилади.

Шунга яраша мақсадлар ҳам катта.

Хусусан, «Беруний буғдой кластери» МЧЖ томонидан умумий қиймати 33,5 млрд. сўмлик ун заводи ташкил қилиш лойиҳаси амалга оширилиши орқали янгидан 200 та иш ўринлари яратилиши кўзда тутилмоқда. «Лидр гипс» МЧЖ томонидан умумий қиймати 22,7 млрд. сўмлик гипсокартон ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиши натижасида 45 та янги иш ўрни яратилади.

«Беруний текстиль инвест» МЧЖ томонидан умумий қиймати 3 млн. доллар ҳисобига трикотаж мато ва тайёр кийим ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиши натижасида янгидан 1200 та иш ўрни пайдо бўлади. «Беруний пилла» МЧЖ томонидан пилла етиштириш лойиҳаси орқали 1600 дан ортиқ оилаларда пилла қурти етиштирилиб, ёшларнинг бандлиги таъминланади.

Умуман олганда, Беруний туманида, хусусан, ҳудуднинг 2-секторида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларда ўзларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, шу бўйича зарур шароитларни яратиб бериш борасидаги амалий ишлар узлуксиз давом эттирилади.

«Халқ сўзи»

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?