Ёшлар ташаббуслари глобал иқлим ҳаракатининг марказида
Самарқанд шаҳри ЮНЕСКОнинг 14-Ёшлар форуми мезбони сифатида 100 дан ортиқ мамлакатдан келган 150 нафар ёш етакчилар, экспертлар ва расмий делегатларни бирлаштирди.
ЮНЕСКО ҳамда Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган форумда иштирокчилар “Иқлим ҳаракати ва унинг ижтимоий таъсири, айниқса, ёшлар учун” мавзуси юзасидан ўзаро фикр алмашиши кўзда тутилган.
Форумнинг мақсади — ёшларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашдаги фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ғояларини глобал миқёсда илгари суриш ва барқарор келажакни шакллантиришда йигит-қизларнинг овозини кучайтиришдан иборат.
Халқаро анжуманнинг очилиш маросими “Ҳаракат авлоди” шиори остида ўтди. Форумда ЮНЕСКО Бош директорининг ижтимоий ва гуманитар фанлар бўйича ёрдамчиси Лидия Брито, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм департаменти мудири ўринбосари Элмурод Нажимов, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги бош директори Алишер Саъдуллаев ва бошқалар сўзга чиқиб, ёшларнинг иқлим бўйича илгари сураётган ташаббуслари, инновацион ғоялари ҳамда уларнинг глобал иқлим сиёсатидаги ўрни ҳақида фикр билдирди.

Нигерия, Миср, Испания, Боливия ва Бразилиядан ёш иқлим етакчилари ўз ғоялари, стартаплари ва жамиятни ўзгартиришга қаратилган лойиҳаларини тақдим этди.
— Ишлаб чиқариш ва саноатнинг ривожи экологияга зарар етказмаслиги, замонавий технологиялардан фойдаланишда уларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш зарур, — дейди испаниялик Карлото Бруно. — Ҳатто, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи қанчалик долзарб бўлмасин, мазкур йўналишдаги саноатда ҳам экологик мувозанат бузилишига йўл қўйиб бўлмайди.
Форумнинг иккинчи кунида иштирокчилар “Ёшлар учун тавсиялар ва ҳаракатга чақириқлар” мавзусидаги сессияларда қатнашиб, турли давлатлар вакиллари иқлим ўзгаришларининг олдини олиш ва экологик муаммоларнинг ечимлари бўйича ташаббус ва ғояларини илгари сурди, инновацион ечимлар таклиф этилди.
Шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши кураш ва барқарор ривожланиш йўналишларида ўз тавсияларини ишлаб чиқди. Ушбу ҳужжат кейинчалик ЮНЕСКО Бош конференциясига ёшлар тавсиялари сифатида тақдим этилади ва турли халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда давлатлар делегациялари иштирокида кўриб чиқилади.

Анжуман “Ёшлар форуми натижалари” тақдимоти билан якунланади. Мазкур форум Ўзбекистоннинг ёшлар сиёсати ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдаги фаоллигини яна бир бор намоён этди. Сўнгги йилларда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда таълим, маданият, рақамли инновациялар ва ёшлар сиёсати йўналишида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
14-Ёшлар форуми бу ҳамкорликнинг янги босқичи бўлиб, Ўзбекистон ёшларини глобал миқёсдаги қарорлар жараёнига фаол жалб этиш йўлида муҳим қадам бўлади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг