Ёшлар сиёсати соҳасидаги ҳамкорлик янада кенгаяди

17:31 13 Октябр 2023 Жамият
591 0

Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаши Ёшлар кенгашининг 6-йиғилиши 2-куни ҳам турли форум ва учрашувларга бой бўлди.

Ташкил этилган Ўзбекистон-Россия ёшлар форумида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги мутасаддилари, хорижий ва маҳаллий экспертлар ҳамда 70 нафарга яқин ўзбекистонлик ва россиялик ёшлар иштирок этди. Унда “Ўзбекистон-Россия ўртасида ёшлар сиёсати соҳасида ҳамкорлик истиқболлари”, “Ўзбекистон-Россия давлат ёшлар сиёсатининг хусусиятлари”, “Кўнгиллилик-бу салоҳиятни очиш ва ёшларни барқарор ривожланиш ва мамлакатлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш йўлида бирлаштириш платформасидир”, “Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати салоҳиятини таълим ва фан соҳасида инновацион лойиҳалар призмасида мустаҳкамлаш” мавзуларида тақдимотлар тингланди. Икки давлат ёшлар жамоат ташкилотлари ва вакилларининг икки томонлама ҳамкорлиги борасида сессиялар ўтказилди.

— Бизни Ўзбекистонга мазкур форумга таклиф этишганидан жудаям хурсандмиз, — дейди кўнгиллилар марказлари уюшмасининг халқаро лойиҳалар маркази раҳбари, россиялик Лейла Бадалова. — Икки кун давомида истиқболли лойиҳалар, семинар-тренинглар икки давлат ўртасидаги ёшлар учун қизиқарли ўтмоқда. Фан-таълим, тадбиркорлик йўналишида танловлар ўтказиш борасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олди. Бугун Ўзбекистонда ёшлар сиёсати давлат даражасида эканлигини алоҳида қайд этиш лозим. Кўнгиллилар ҳаракати ва бу йўналишдаги ҳамкорлигимиз кун сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Форум доирасида ёшлар сиёсати борасидаги келгуси режаларимизни ҳам белгилаб олдик.

Шунингдек, бугун 2-Озарбайжон ёшлар форуми ҳам бўлиб ўтди. Унда икки халқ ёшлари учун манфаатли бўлган кўплаб масалалар ўртага ташлади. Жумладан, “Мамлакатларда Туризм салоҳияти ва ўзига хос хусусиятлари”, “Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган чора тадбирлар”, “Ёшлар ўртасида тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш” каби мавзуларда давра суҳбатлари бўлиб ўтди. Мазкур форумда ҳар иккала томон ўз манфаатлари учун хизмат қиладиган тажрибаларни ўзлаштиришди.

— Озарбайжонлик ёшлар номидан кўрсатилаётган илтифот ва ажойиб меҳмондўстлик учун ўзбекистонликларга ўз миннатдорчилигимни билдираман — дейди озарбайжонлик иштирокчи Али Абдуллозода. — Бизнинг ёшлар ҳам бу тадбирда бугун дунё ёшларини қийнаб келаётган бир нечта муаммоларни кўтариб чиқишди. Жумладан, ёшлардаги ватанпарварлик масаласи, бугун ер юзининг кўпгина нуқталарида бу муаммо мавжуд. Яхши ва енгил ҳаёт кечириш учун ватанпарварлик туйғусидан воз кечаётганлар афсуски орамизда бор. Инсон ўзи учун яхши ҳаётни ўз юртида ҳам яратса бўлади. Бу масаланинг биринчи томони. Иккинчи томони эса радикаллашув, яъни ёд ғояларга берилиш. Бу ҳам аслида ватанпарварлиги йўқ ёшлардан чиқади. Айни муаммоларни ечиш ва уни бартараф этиш бўйича қандай чора-тадбирларни амалга ошириш керак, нималарга эътибор қаратиш лозим. Тадбирларда шу масалаларни атрофлича муҳокама қилдик. Шуни ҳам алоҳида қайд этишим керакки, бу форум ёшлар учун катта бир мулоқот майдони бўлди. Мазкур тадбирлар ёшларни бир-бири билан яқиндан таништириб, келгусидаги ҳамкорлик учун муҳим пойдевор вазифасини ўташига ишонаман.

Форумнинг иккинчи кунида шунингдек, «2 -Ўзбекистон-Қозоғистон ёшлар конгресси” ҳам бўлиб ўтди. Ёшлар ўз мамлакатларида уларга қаратилаётган эътибор шунингдек, қўшни мамлакат ёшлари билан инсонийлик ғоялари орқали бирлашуви ҳақида маърузалар қилишди. Айтилдики, бугун жамиятда нафақат бир давлат балки кўплаб мамлакатлар учун хавф солиб турувчи омиллар мавжуд. Бу омилларга қарши курашишда ёшларнинг ўзаро бир-бирини англаган ҳолда ҳамкорлик қилиши ва салбий ғояларга йўғрилган ҳар қандай ҳаракатлардан узоқ бўлиши нафақат маълум бир мамлакатлар ривожи ва келажаги учун балки, инсониятнинг келажаги учун ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Мазкур халқаро форум анъанавий-ахлоқий қадриятларни асраш, ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича ҳукумат қарорларини қабул қилувчилар учун фикр алмашиш, тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда МДҲга аъзо давлатлар ёшлари ҳамкорлигининг асосий йўналишларини белгилашда муҳим платформа вазифасини ўтади.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?