Ёшлар келажак лидерлари

12:20 02 Июль 2021 Жамият
214 0

Ёшлар ҳар бир давлатнинг келажагини, салоҳиятини белгиловчи муҳим қатлам ҳисобланади. Бугунги кунда ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида юртимизда барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Уларнинг орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш, илғор ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис, юртимизда жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этиладиган ёшларга юрт равнақини таъминловчи катта куч, давлатнинг стратегик ресурси сифатида ишонч билдирилмоқда. Натижада юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар мамлакатнинг эртанги тараққиётида ҳал қилувчи кучга айланиб бормоқда. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг бизнес лойиҳаларини амалга ошириш натижасида уларнинг турмуш тарзини яхшиланмоқда, уларнинг истиқболли ташаббусларини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Ҳозирги кунда дунёда 60 мингдан зиёд миллий парламентларнинг аъзолари бўлса улардан 2,6 фоизи ёшлардан иборат. 2019 йил декабрида юртимизда «Янги Ўзбекистон – янги сайловлар» шиори остида ўтган сайловда депутатларнинг 9 нафари яъни 6 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлар орасидан сайлангани катта аҳамиятга эга. Улар томонидан бугунги кунда ёшларнинг манфаатлари учун хизмат қилувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Қабул қилинаётган ҳужжатларда ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Сўнгги бир неча йил давомида ёшларга берилаётган эътибор тубдан ўзгарди. Жумладан, 2016 йилда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Юртимизда 30 июнь — «Ёшлар куни» деб эълон қилинди. Бундан ташқари ёшларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида бугунги кунга қадар парламент томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинди, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан мамлакатимизда ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш, уларни ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун зарур шароитларни яратиш учун Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди. 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозирда Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламентида 100 нафар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентида эса, 250 нафар ёшлар фаолият юритмоқдалар. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси ташкил этилди.

Шунингдек, ҳудудларда лойиҳалар фабрикаси фаолияти йўлга қўйилди. 2020 йилнинг 25 декабрь куни илк марта «Ёшлар форуми» ўтказилди. Ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаларини ўз ичига олган бешта муҳим ташаббус амалга оширилмоқда. 2021 йил мамлакатимизда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили», деб номланиб, бу борада Давлат дастури қабул қилинди.

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастурида ўз иқтидори ва салоҳиятини камол топтириш, келажакда қизиққан соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишиши учун ёшларда ўзини ўзи ривожлантириш бўйича кучли мотивация уйғотиш мақсадида ёшлар даврасида мотивацион тадбирлар ўтказиш белгиланган. Сўнгги йилларда ёшларни турли даражадаги лавозимларга тайинлаш кенг йўлга қўйилди. Вилоятлар, туман ва шаҳар ҳокимларига ёшлар томонидан ўринбосарлар тайинланди.

Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган ёшлар ва талабалар форуми ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади. Давлатимиз раҳбари томонидан форумда Парламентлараро иттифоқ кўмагида «Биз парламентда ёшларни қўллаб-қувватлаймиз!» деган эзгу ташаббусини амалга оширилишига алоҳида тўхтаб ўтилди. Шунингдек, сиёсий етук ва фаол ёшларни парламентга, маҳаллий кенгашларга янада кенг жалб этиб, уларни Олий Мажлис депутатлари ва сенаторларига бириктирилиши ёшларга янги имкониятлар эшикларини очиб беради. Уларга мамлакатимизнинг энг юқори минбарларидан ўз ғоялари, ташаббусларини илгари суришга, ҳуқуқ ва манфаатларини баён этиш имкониятлари янада ошади.

Ўзбекистон ёшлари давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этмоқда. Юртимизда ёшлар сиёсати халқаро умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ ва нормалар билан ҳамоҳанг тарзда олиб борилмоқда. Ёшларни интеллектуал, маънавий ва жисмоний салоҳиятини рўёбга чиқариш учун барча имкониятлар мавжуд. Давлатимиз раҳбари томонидан таъкидланганидек, ёшлар давлатимизнинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинасидир.

Муҳаммад Валиев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?