Ёшлар ишлари агентлиги маҳаллалардаги вакиллари учун тренерлар тайёрлашни бошлади

11:39 26 Ноябрь 2021 Жамият
407 0

Ёшлар ишлари агентлиги маҳаллалардаги вакиллари учун ҳудудларда семинар-тренинглар ташкил этувчи тренерларни тайёрлаш мақсадида янги лойиҳа ташкил қилди.

Мазкур лойиҳа доирасида ўқув-семинар машғулотлари бўлиб ўтди. Давлат бошқаруви академияси, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти профессор-ўқитувчилари, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда бошқа масъул вазирлик ва идоралар мутахассислари томонидан Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари ходимлари, Миллий гвардиянинг фахрий офицерлари ва профессор-ўқитувчилардан иборат 220 нафар тренер тингловчиларга 2 кун давомида назарий ва амалий билим берилди.

Жумладан, иштирокчилар маҳалладаги ёшлар билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, «Ёшлар дафтари» ва ёшлар дастурларини шакллантириш ва уларнинг ижросини таъминлаш, «Беш муҳим ташаббус» ижросини таъминлаш, ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда ёшларнинг касб кўникмаларини шакллантириш ва бандлигини таъминлаш бўйича назарий билимлари ва амалий кўникмаларини ошириб, маҳаллалардаги вакиллар учун тренингларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тегишли маълумотларга эга бўлишди.

Тайёргарликдан ўтган иштирокчилар жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ҳар бир шаҳар ва туманларда ташкил этиладиган семинар-тренингларда Ёшлар ишлари агентлигининг маҳалладаги вакиллигига саралаб олинган номзодлар билан ўқув тренинглар олиб бориши режалаштирилди.

Ўқув машғулотлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бўлиб ўтди.

Мадина Ғузорова, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?