Ёшлар фестивали: 1500 нафардан ортиқ ўқувчи «Вилоят ҳокими фан олимпиадаси»да қатнашади

21:44 11 Июнь 2021 Жамият
1343 0

Самарқанд вилоятида «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида бошланган ёшлар фестивалининг биринчи куни бири-биридан қизиқари турли лойиҳаларга бой бўлди.

Байрамона юриш марафонида 20 мингга яқин йигит-қизлар Регистон майдонидан Университет хиёбони бўйлаб Амир Темур ҳайкали ёнигача ҳаракатланди. Шундан кейин университет хиёбони марказида фестивалнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ёшлар фестивали доирасида веломарафон ҳам ташкил этилди. Регистон майдонидан бошланган велосипедчилар мусобақасида ёшлар Шоҳи Зинда мажмуаси, Улуғбек расадхонаси ва Абу Али Ибн Сино кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб, яна Регистон майдонида тўпланишди. 2 минг нафарга яқин йигит-қизлар орасидан 10 километр масофани босиб ўтиб, маррага биринчилардан бўлиб келган 6 нафар иштирокчига диплом ва велосипед топширилди.

6 та олий таълим муассасаси талабалари ўртасида бўлиб ўтган «Қувноқлар ва зукколар» кўрик танлови қизиқарли чиқишларга бой бўлди. Кўрик танловда учинчи ўринни «Ўзбегим» жамоаси эгаллаган бўлса, иккинчи ўринни «Илҳом» жамоаси эгаллади. Биринчи ўрин «Мароқандлик божалар» жамоасига насиб этди.

Самарқанд шаҳридаги концерт залида «Ўзбек миллий рақслари, Шарқ халқлари рақслари, Балет рақслари» кўрик-танлови ҳам ташкил этилди. Дастлаб саҳнада Қўшработ туманининг раққоса қизлари, сўнгра Пахтачи туманлари қизлари ўз санъатларини намойиш этишди. Эслатиб ўтамиз, ушбу танлов Самарқандда рақс санъатини янада ривожлантириш, турли миллат рақс йўналишларида бадиий жамоаларни шакллантириш, халқимизнинг миллий ва маънавий қадриятлари бўлмиш рақс санъатининг гўзал анъаналари ва дурдона намуналарини қайта тиклаш орқали халқимизнинг рақс санъатига бўлган муҳаббатини оширишга қаратилган.

Ёшлар фестивали доирасида шунингдек, “Family park” савдо мажмуасида «Картинг» мусобақаси, ёшлар ўртасида «Боулинг» мусобақаси, «Муз устида» ўйинлар ўтказилди. Унда шаҳар ҳокими Б.Облақулов иштирок этди ва мусобақа жараёнини биргаликда кузатди.

Самарқандда бошланган ёшлар фестиваллари доирасида кун давомида турли лойиҳалар ўтказилиб, кечки пайт «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида фестивалнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросим давомида Ўзбекистон Ёшлар симфоник оркестрининг концерт дастури ўтказилди.

Ушбу тадбир билан бир вақтда Самарқанд шаҳри Кимёгарлар қўрғонида «Ёшлар куйлаганда» номли концерт дастури ҳам ташкил этилди.

Мазкур тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди ва нутқ сўзлади. Вилоятда ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилаётган улкан сиёсий жараёнлар тўғрисида қисқача маълумот берди ва фестиваль иштирокчилари бўлган азиз ёшларни яқинлашиб келаётган «Ёшлар куни» ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги билан самимий қутлади.

Шундан сўнг, азим Самарқанднинг юраги бўлмиш Регистон майдонида фестивалнинг рамзий очилиш маросимига бағишланган маданий тадбир бошланди.

Концерт дастурида Ўзбекистон миллий симфоник оркестри ва бошқа санъаткорлар томонидан тайёрланган мусиқали чиқишлар иштирокчиларга ўзгача завқ бағишлади.

Самарқандда «Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик!» шиори остида ўтказилаётган ёшлар фестивали доирасида 12 июнь куни «Вилоят ҳокими фан олимпиадаси» бўлиб ўтади.

Ушбу фан олимпиадасида вилоятнинг туман, шаҳар мактабларидан саралаб олинган энг билимли ва иқтидорли 10-11 синф ўқувчилари иштирок этади.

Олимпиадада қатнашиши кутилаётган 1576 нафар ўқувчи ёшлар 14 та умумтаълим фанларидан ўз билимларини намоён этади. Фан олимпиадаси умумтаълим фанлари бўйича Самарқанд шаҳридаги 10 та олий ўқув юртларида бир вақтда бўлиб ўтади.

Абдулазиз Йўлдошев
("Халқ сўзи")

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер