Ёшлар дунёни ўзгартиришга қодир
Жорий йилнинг 11 — 13 октябрь кунлари Самарқанддаги “Буюк Ипак йўли“ халқаро сайёҳлик марказида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаши Ёшлар кенгашининг 6-йиғилиши ўтказилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаши (CICA) ва БМТ ҳамкорлигида илк бор ташкил этилган ушбу форум тадбир иштирокчиларида, ёшларда катта таассурот қолдирди.
Буни ўттиздан ортиқ давлатлардан келган 200 нафардан ортиқ ёшлар, халқаро экспертлар, Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлган давлат органлари, ёшлар жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам тасдиқлади.
Мухбиримиз анжуманда иштирок этган вакиллардан айримларининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.
Сўз — тадбир иштирокчиларига:
Станонис Алексей ЯНОВИЧ,
Россия Федерацияси Таълим ва фан вазирлигининг Давлат ёшлар сиёсати ва таълим фаолияти департаменти Халқаро ёшлар ҳамкорлиги ва туризми бўлими маслаҳатчиси:
— Дунёнинг қадимий шаҳарларидан бири ҳисобланган Самарқандда бўлиб ўтган йиғилиш ёшлар сиёсати соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда кенгашга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ёшлари ўртасида ўзаро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Давримизнинг долзарб муаммоларини ёшлар манфаатлари нуқтаи назаридан ўрганиш бугунги куннинг асосий мавзуси эканини унутмаслигимиз даркор. Ёшларимизнинг радикаллашувига йўл қўймаслигимиз, ижтимоий ривожланишида дастак беришимиз, қизиқиш ва интилишларини ўрганган ҳолда уларга елка тутишимиз лозим.
Йиғилишнинг 2-куни ташкиллаштирилган “Ўзбекистон — Россия ёшлар форуми”да ҳам шу масалалар ўртага ташланди. Унда мамлакатларимизда ёшлар учун қандай шарт-шароитлар яратилгани, улар айни пайтда қандай яшаётгани, қандай таълим олаётгани борасида суҳбатлашдик.
Мулоқотлар давомида шу нарса аён бўлдики, Ўзбекистонда таълим соҳасига, айниқса хотин-қизларнинг ўқишига алоҳида эътибор қаратиляпти. Улар учун алоҳида квоталар ажратиляпти, имтиёзли равишда билим олишларига имкон яратиляпти. Бу узоқ келажакни ўйлаб амалга оширилган муҳим омил.
Шунингдек, тадбир давомида эртамиз эгаларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича ҳукумат қарорларини қабул қилувчилар учун тавсиялар ишлаб чиқиш, уларнинг ривожланишидаги ижодий ролини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ҳам фикр алмашдик. Умуман олганда, мазкур мулоқотлар барчамизга ёшлар ҳаётини ўзгартиришимизда ғоялар ишлаб чиқиш майдони вазифасини ўтади, десам муболаға эмас.
Асел ЗАИРОВА,
Қозоғистон “AMANAT” партияси қошидаги “Жастар Рухы» ёшлар қаноти Олмаота вилояти бўлими раиси:
— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йили “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” саммитида қатнашиш учун Қозоғистон Республикасига ташрифи доирасида Президентимиз Қосим-Жомарт Тоқаев билан учрашди. Музокараларда ёшлар сиёсати соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, икки мамлакат ёшлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, уларнинг долзарб муаммолари ечимини биргаликда излаш ҳам муҳокама қилинди.
Мамлакатлар ўртасидаги келишувлар натижасида икки давлат ўртасида ёшлар конгрессини ташкил этишга келишилган, биринчи қурултой 2022-йилнинг декабрида Қозоғистонда бўлиб ўтганди. Бу йил эса Шарқ гавҳари Самарқандда Ўзбекистон ва Қозоғистон ёшларининг II конгрессида жам бўлдик.
Конгресс иштирокчилари ёшлар сиёсати соҳасида келгусидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб олди. Ёшлар ҳаётини яхшилашга қаратилган ғояларни ҳаётга татбиқ этиш борасида ўзаро мулоқотлар ташкил этилди.
Ўзбекистон ёшлари — бахтиёр ёшлардир. Ташриф чоғида бунинг яна бир марта гувоҳи бўлдик. Масалан, шахсан Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган “Silk road” халқаро туризм университетини сайр қилар эканмиз, талабалар учун жаҳон стандартлари асосида яратилган шарт-шароитларни кўриб кўзимиз қувнади.
Ниятимиз бир, орзуларимиз муштарак, Ўзбекистон ва Қозоғистон ёшлари ўртасидаги дўстлик алоқалари мустаҳкамланаверсин, мамлакатларимиз тинч-тотув, борди-келди қилиб яшайверсин.
Улвия ОХУНДОВА,
Озарбайжон Республикаси Ёшлар ва спорт вазирлиги Ёшлар департаменти раҳбари ўринбосари:
— Келажагимиз эгалари биздан рози бўлмагунича изланишдан, ҳаракатдан, меҳнатдан тўхтамаслигимиз шарт. Ёшлар қанча эътибордан четда қолса, эртамиз дарахтига шунчалик болта урган ҳисобланамиз. Бугуннинг ёшлари ҳар доимгидан кўра зийрак, ҳар доимгидан кўра талабчан. Баъзида уларнинг талабларига тўлақонли жавоб беролмай қолади киши.
Ёшлар тақдирига беписанд бўлмаган миллат вакиллари Самарқандда жам бўлиб, уларнинг ҳаётини яхшилашга, истак-мақсадларини ўрганишга киришдик. Шу нарса аён бўлдики, ёшларимиз олдига улкан марраларни қўйган. Уларнинг ёниб турган кўзларига термулиб тўлқинланиб кетасан киши.
Буюк ипак йўли бир пайтлар мамлакатларимиз ўртасидаги олтин кўприк вазифасини бажарган, бугун Ўзбекистонда, айнан Самарқандда бўлиб ўтган тадбир ҳам маънавий жиҳатдан шу вазифани адо этди, десам муболаға бўлмайди. Йиғилишда “Биринчи Ўзбекистон-Озарбайжон ёшлар форуми”га Ўзбекистон мезбонлик қилди, иккинчи форум, худо хоҳласа, Озарбайжонда ташкил этилади.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ, (“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг