Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш — доимий эътиборда

Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Президент Халқ қабулхонаси бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи жойларда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаётган масалаларни ўрганиш ва ҳал этишда амалий кўмак кўрсатиш, «маҳалла еттилиги» фаолияти, ёшлар билан ишлаш тизимини самарали ташкил этиш ҳамда томорқадан унумли фойдаланиш бўйича хонадонбай ўрганишлар олиб бормоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари — Президент Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Жиззах вилоятида бўлди.
Республика ишчи гуруҳи томонидан Арнасой туманидаги маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш, томорқалардан самарали фойдаланиш бўйича амалий семинарлар ташкил этилди.
Бобур маҳалласида ўтказилган ана шундай семинарда туманнинг 13 та «маҳалла еттилиги» ва масъулларга Андижон, Хоразм, Сайхунобод, Уйчи ва Юнусобод тажрибалари асосида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, бўш турган объектлар ҳамда томорқадан унумли фойдаланиш бўйича тегишли тавсия ва тушунтиришлар берилди.
Туманнинг «Ғолиблар» МФЙда Президент Администрацияси, Халқ қабулхонаси, тегишли вазирлик ҳамда идоралар вакиллари, банк, туман сектор раҳбарлари ва ҳоким ёрдамчилари иштирокида сайёр қабуллар ҳам ўтказилди.
Ушбу очиқ мулоқотлар чоғида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган муаммо ва таклифларни илгари суришди. Хусусан, кредит, солиқ, кадастр, қурилиш, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларга оид масалалар бўйича кўтарилган саволларга жавоб ва ечимлар топишди. Шу билан бирга, учрашувда 28 та муаммоли масала кўтарилиб, уларнинг ижроси вақт талаб этганлиги сабабли раҳбарлар томонидан назоратга олинди.
Бундан ташқари, У.Муҳаммадиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Арнасой тумани маҳаллаларида «маҳалла еттилиги» фаолияти, ёшлар билан ишлаш тизимини самарали ташкил этиш ҳамда томорқадан унумли фойдаланиш бўйича хонадонбай ўрганишлар олиб борди.
Мисол учун, Президент Халқ қабулхонаси масъуллари Тинчлик маҳалласидаги кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи ёш тадбиркор Аббос Мамурбоев томонидан ташкил қилинган 1,5 сотихлик иссиқхона фаолияти билан танишди. Тадбиркор иссиқхонага керакли бўлган қўшимча плёнка, металл қурилмалар кераклигини айтиб мурожаат қилди. Мурожаати қаноатлантирилиб, керакли анжомлар олиб берилди.
Янгибўстон маҳалласида кўп қаватли уйлар ёнида Дилшод Холбеков томонидан ташкил қилган 20 сотихлик иссиқхона шароитлари билан ҳам танишилди. Қарийб 10 йилдан буён иссиқхона фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорнинг муаммолари ўрганилиб, уларни ҳал этишда амалий кўмак кўрсатилди.
Муборак Рамазон ойида эл-юртимизга узоқ йиллар сидқидилдан хизмат қилган табаррук нуронийлар ҳолидан хабар олинмоқда.
Халқ билан мулоқот тизимини ҳам янги босқичга олиб чиқишда аждодлар мероси, уларнинг бой тажрибаси ниҳоятда муҳим. У.Муҳаммадиевнинг арнасойлик 94 ёшли меҳнат фахрийси Бекпўлат ҳожи Эшпўлатов билан мулоқотида шулар ҳақида сўз борди.
Меҳр-мурувват ва хайру саховат ойи бўлмиш шу муборак кунларда кўпни кўрган отахонга давлатимиз раҳбари номидан Рамазон совғалари топширилди. Арнасой тумани тамал тошини қўйган Бекпўлат ҳожи ота юксак эътибор ва ҳурмат-иззат учун давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорлик билдирди. Эл-юртимиз равнақини тилаб дуо қилди.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида юртимизда баҳорги дарахт экиш мавсумида кўкаламзорлаштириш ишлари жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. Ўз ўрнида, мазкур хайрли тадбирларда барча юртдошимиз қатори Президент Халқ қабулхонаси жамоаси ҳам фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, вилоятнинг Бахмал тумани Файзиобод маҳалласида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Президент Халқ қабулхонаси бошчилигида катта кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ҳашарлари бўлиб ўтди.
Оқсоқоллари, ёшлар, кўнгиллилар ва маҳалла фаоллари иштирок этган мазкур ҳашарлар доирасида У.Муҳаммадиев ташаббуси билан Жиззах вилоятида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оилаларга томорқадан самарали фойдаланишга кўмаклашиш мақсадида 10 мингдан зиёд мевали дарахт кўчатлари бепул етказиб берилди.
Ушбу йўналишдаги ишлар ҳудудларда давом эттирилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг