Ёруғ кунлардан умидвор қизилтепаликлар

16:25 12 Июнь 2025 Жамият
208 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Қамаши туманининг Қизилтепа маҳалласи ҳудуддаги энг йирик аҳоли яшаш манзилларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда бу ердаги 760 та хонадонда 4280 нафардан ошиқ киши истиқомат қилмоқда.

Маҳалла марказини кўпчилик Қизилтепа шаҳарчаси, деб аташади. Маҳалла «Ғузор-Шаҳрисабз» автомобиль йўлининг бўйида жойлашган. Туманнинг тоғли қишлоқлари, хусусан, машҳур «Лангар ота» зиёратгоҳи, Майданак обсерваториясига олиб борувчи йўл ҳам шу маҳалладан бошланади. Ҳудуддаги аксарият йўлларга асфальт ёки шағал қоплама ётқизилган. Тупроқ йўлларни учратмайсиз.

Бу ерда шинамгина деҳқон бозорчаси, ўнлаб савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари мавжуд. Саксон беш нафар киши тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Яна бир қанча фуқаролар имтиёзли кредит олиб, маълум бир соҳада ишни йўлга қўйиш орқали ўзини-ўзи банд этган.

— Фарзандлар катта бўлгач, эҳтиёжлар ҳам ортиб боради, — дейди маҳалла фуқароси Дилдора Аралова. — Турмуш ўртоғим хорижга бориб ишлади. Топгани рўзғорнинг кам-кўстидан ортмас, доим ёнига оро кирсам дердим. Уч йил аввал имтиёзли кредит олиб, томорқамизнинг 2 сотих қисмида иссиқхона қурдик. Бодринг, помидор экдик. Иссиқхонамизда ҳозирча иситиш тизими йўқ. Лекин ёпиқ усулда экишнинг ўзиёқ бозорга анча эртачи маҳсулот чиқариш имконини беради. Жорий йилда иссиқхонамизга 450 туп помидор кўчатларини экдик. Апрелдан бозорга маҳсулот чиқара бошладик. Хомаки ҳисоб-китобига кўра, ҳар бир туп помидордан ўртача 4-4,5 килограммдан ҳосил оляпмиз. Бу 450 туп экиндан қарийб 2 тонна ҳосил нақд дегани.

Дастлабки ташаббусининг фойда келтира бошлаганидан руҳланган аёл жорий йилда фарзандлари билан яна 10 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, гулчиликни йўлга қўйди. Ҳозир 30 дан ортиқ турдаги ҳовли ва хона гулларини етиштириб, ички бозорга етказиб бермоқда.

— Маҳалламизда 35 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, ичимлик сувини қайта тозалаш қурилмасини ишга туширдик, — дейди шу маҳаллалик тадбиркор Жаҳонгир Ҳайитов. — Ҳудудларда тоза ичимлик сувига бўлган талаб юқори. Шундан келиб чиқиб ичимлик сувини қайта ишлаб, тозалаш технологиясини харид қилдик. Ҳозир «Китоб-Қарши» магистраль сува қувури орқали ўтаётган сувни сув тарқатиш пунктидан харид қилиб, қайта ишлаймиз. Белгиланган кўрсаткичлар бўйича тўлиқ тозаланган сув мижозларга етказиб берилмоқда. Ишни янги бошлаганимизга қарамай, буюртмаларимиз сони кун сайин ортиб бормоқда.

Бир қараганда Қизилтепада ҳамма ишлар жойидадек. Аммо бу ерда ҳам аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммолар етарлича.

Маҳалладаги хонадонларнинг барчаси камида 8 сотихдан томорқага эга, лекин оқар сув йўқ. Имконини топган оилалар 100-120 метр чуқурликдан ер ости сувини олиб, экин-тикин қилади, аммо ҳамма ҳам буни эплай олмаяпти. Агар ҳудудга марказлашган ҳолда сув еткариб берилса, томорқачилик гуллаб кетарди. Электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳам бисёр. Маҳаллада 84 та оила ҳали ҳам расман камбағаллик мақомида.

Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги тегишли фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 ноябрдаги Мажлис баёнига асосан, Қизилтепа маҳалласи ҳам «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурига киритилган эди. Дастурга киритилган ҳар бир маҳаллага республика идоралари раҳбар ёки ўринбосарлари бириктирилиб, уларнинг олдига ҳар ойда камида бир маротаба ўзи бириктирилган маҳаллага шахсан келиб, бу ердаги муаммоларни ўрганиш, дастур доирасида ишларни ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва ижросини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар қўйилганди. Аммо Қизилтепада ҳали-ҳамон «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича бажариладиган ишлар режаси тузилгани йўқ. Қизилтепаликлар Дастур бўйича катта ишлар амалга оширилишини кутмоқда. Бу аввало маҳалладаги оилалар турмуш-тарзининг янада фаровонлашуви, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?