“Яшил трансформация”: экологик инновациялар Ўзбекистон саноат манзарасини қандай ўзгартирмоқда?

Бугунги кунда «Яшил иқтисодиёт» мамлакат табиатини яхшилашга кўмаклашувчи иқтисодиётнинг янги тармоқлари сифатида тадқиқ қилиниб, илмий манбаларда «Яшил иқтисодиёт» табиатга ёрдам берувчи ва фойда келтирувчи янги технологиялар, экотизимлар сифатида ўрганилмоқда, «яшил иқтисодиёт» – бу экологик тоза маҳсулотлар яратишга йўналтирилган ривожланишнинг янги босқичига ўтиш, унинг асосини соф ёки «Яшил» технологиялар орқали ташкил этиш жараёнидир.
Хўш, “яшил трансформация” (Green Transformation) нима дегани? Бу иқтисодиётнинг экологик барқарорлигини таъминлаш, ресурсларни тежаш ва иқлим ўзгаришларига мослашишга қаратилган узоқ муддатли стратегиядир.
Ўзбекистонда ушбу жараён 2020 йилларда бошланиб, саноат, энергия, агросаноат ҳамда чиқиндиларни қайта ишлаш соҳаларини қамраб олган.
Давлатимиз раҳбари ўтган йилги нутқларидан бирида Ўзбекистоннинг муҳим ташаббуси доирасида “яшил трансформация”ни амалга оширишга қаратилган қатор лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилгани таъкидланганди. Бу ташаббуслар мамлакатнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш ва барқарор ривожланишга эришиш учун муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
Энди экологик инновацияларга тўхталсак, бу — энергия, агросаноат ва чиқиндиларни қайта ишлашни қамраб олади. Мамлакатимизда экологик инновациялар соҳасида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Масалан, 2024 йил октябрь ойида Ўзбекистон ҳукумати чиқиндиларни энергияга айлантириш бўйича $ 1,3 миллиард миқдоридаги лойиҳани эълон қилди. Бу лойиҳа доирасида ҳар йили 4,7 миллион тонна қатъий чиқиндилар қайта ишланиб, 2,1 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу янги станциялар Ўзбекистоннинг умумий электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмининг 70 миллиард киловатт-соатдан ортиғини ташкил этади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Агросаноат соҳасида ҳам экологик инновациялар амалга оширилмоқда. Масалан, “Яшил реабилитация” лойиҳаси доирасида 1 миллиард доллар миқдоридаги инвестициялар жалб қилинган. Мазкур лойиҳа иқлимга мослашувчан агросаноатни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, қишлоқ хўжалигида ресурсларни тежаш ва экологик самарадорликни оширишга хизмат қилмоқда.
“Яшил трансформация”нинг саноатга таъсири
“Яшил трансформация” саноатнинг экологик стандартларини оширишга, энергия самарадорлигини оширишга ва чиқиндиларни қайта ишлашга қаратилган чораларни ўз ичига олади.
Ўзбекистондаги саноат корхоналари энергия тежамкорлиги ва ресурсларни самарали ишлатишга қаратилган технологияларни жорий этишга ҳаракат қилмоқда. Бу жараён саноатнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш ва иқтисодий самарадорлигини оширишга ёрдам беради.
Шунингдек, Ўзбекистондаги саноат корхоналари чиқиндиларни қайта ишлаш ва қайта ишланган материалларни ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бу лойиҳалар саноатнинг экологик таъсирини камайтириш ва ресурсларни самарали ишлатишга хизмат қилмоқда.
Экологик инновацияларни кенг жорий этишда бир қатор қийинчиликлар мавжуд. Ушбу қийинчиликларга молиявий чекловлар, сиёсий ва ижтимоий тўсиқлар, шунингдек, аҳолининг экологик саводхонлигининг пастлиги киради. Бироқ, бу муаммолар янги имкониятлар яратишга ҳам хизмат қилади. Дейлик, яшил технологиялар соҳасида янги иш ўринларини яратиш ва иқтисодий ўсишни таъминлаш шулар сирасидандир.
Экологик инновациялар татбиғида халқаро ҳамкорлик
Ўзбекистонда экологик инновацияларни жорий этиш учун халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Германиянинг GIZ ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳат бериш” лойиҳаси доирасида саноат корхоналарига яшил технологияларни жорий этиш бўйича маслаҳатлар ва тренинглар ташкил этилмоқда. Бу лойиҳа Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиётга ўтишини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Дарвоқе, давлатимиз раҳбари 2025 йил 7 февралда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Фармонда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ва Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида белгиланган вазифаларнинг ижросини оғишмай ташкил этиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши тўғрисида ҳадли конвенциясининг Киото протоколи ва Париж битими доирасида мамлакатнинг глобал ҳамжамият олдида олган мажбуриятларини бажаришда тармоқ ва соҳаларнинг уйғун “яшил трансформация”сини амалга ошириш, уларнинг рақобатбардошлиги ва ресурс тежамкорлигини таъминлаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш ҳамда аҳолининг яшаш сифатини яхшилаш ва иқтисодий ўсишнинг янги “яшил ривожланиш” моделига ўтиш масалалари асосий мақсад этиб белгиланди.
Ҳужжатда ўз аксини топган бир қатор экологик ташаббуслар кенг қўллаб-қувватланди. Жумладан:
— маҳаллаларни яшиллаштириш, жумладан, “Сояли сайр кўчалари” тармоғини яратиш, велосипед ва пиёда йўллари алоҳида ажратилиши;
— “Тоза қўллар” дастури доирасида аҳоли томонидан санитария-гигиена воситаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;
— пластик чиқиндиларни камайтириш, хусусан, уларни қабул қилувчи автоматлар ўрнатиш ва пластик идишларга муқобил маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш;
— сув ресурсларини тежаш, жумладан, оқова, ёмғир ва техник сувлардан суғоришда фойдаланиш тизимларини ташкил этишга оид ташаббуслар юртдошларимизга ниҳоятда мақбул ва манзур бўлганини таъкидлаш лозим.
Дастур лойиҳасига хориждаги ватандошларимиз ҳам катта қизиқиш билдирдилар. АҚШ, Германия, Туркия, Франция, Жанубий Корея, Япония, Нидерландия, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон каби мамлакатларда улкан муваффақиятларга эришган ватандошлар иштирокида айни мавзуда ташкил этилган кўплаб муҳокамалар шундан далолат беради.
Умуман олганда, Ўзбекистоннинг “яшил трансформация” йўли — бу экологик хавфсизлик ва барқарор ривожланишга эришиш учун муҳим қадамдир. Бу жараён саноатнинг экологик стандартларини ошириш, энергия самарадорлигини ошириш ва чиқиндиларни қайта ишлашни ўз ичига олади. Ўзбекистоннинг бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари нафақат мамлакатда, балки бутун Марказий Осиёда экологик инқилобга сабаб бўлиши мумкин.
Зуҳрабону ДОНИЁРОВА,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
Яшил иқтисодиёт кафедраси доценти в.б. ( PhD).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг