"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида темир йўл ҳудудларига кўчат экиш ишлари давом этмоқда

19:30 07 Декабрь 2024 Жамият
449 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

2024 йил 7 декабрь куни "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси ҳамкорлигида "Тошкент минтақавий темир йўл узели" филиали тасарруфидаги "Тошкент" – "Салар" темир йўл станциялари оралиғидаги темир йўл бўйлаб "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишлари амалга оширилди.

         Унда "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Зуфар Нарзуллаев ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокурори Икром Наримов, шунингдек, Жамият бошқаруви раиси ўринбосарлари, бошқарма бошлиқлари ва Транспорт прокуратураси масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

          Тадбирда дастлаб И.Наримов ва З.Нарзуллаев сўзга чиқиб, йиғилганларга давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда яшил ҳудудлар сонини кўпайтириш мақсадида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида республикамиз шаҳар ва туманларини кўкаламзорлаштириш мақсадида амалга оширилаётган эъзгу ишлар самара бераётганини таъкидлашар экан бунда, Транспорт прокуратураси ҳамда Ўзбекистон темир йўллари жамоаси ҳамкорликда фаол қатнашаётганини эътироф этишди.

          Ўзбекистон темир йўллари жамоасига 1 миллион туб турли мевали ва манзарали кўчатларни экиш белгиланган бўлиб, ўтган қисқа вақт давомида меҳнаткаш соҳа ходимларининг шижоат ва ғайрати туфайли темир йўл ҳудудларида, корхона ҳамда ташкилотлар атрофларига 400 мингга яқин кўчат экилгани таъкидлаб ўтилди. Бу ишларда фаол бўлган масъулларга ташаккур билдирилди.

          – Бугун Ўзбекистон темир йўллари жамоаси Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида 1 минг 500 метр темир йўл ёқаларига арча кўчатларини экиш ишларини амалга оширишмоқда, – дейди "Темирйўлинфратузилма" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Авазбек Аҳмедов. – Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон темир йўллари жамоасига 1 миллион туб кўчат экиш белгиланган бўлса, шу кунга қадар "Тошкент", "Қўқон", "Қарши", "Термиз", "Бухоро" ҳамда "Қўнғирот минтақвий темир йўл узели" филиали тасарруфидаги пўлат излар бўйлаб ҳамда корхона ва ташкилотлар атрофига 350 мингдан ортиқ кўчат экилди ва бу ишлар ҳозир ҳам давом этмоқда. Ушбу кўчатларни экиш билан бирга, уларни парваришлаш ва униб ўсишини таъминлаш ҳам асосий вазифамизга айланган. Бунинг учун кўчат экилганидан сўнг уни келажадка парвариш қилиш масаласи ҳам назоратга олинган ва ҳозирги кунда Ўзбекистон темир йўлларида "Яшил макон" электрон дастури ишлаб чиқилиб, ушбу дастурда ҳар бир участкага экилган кўчатларни маълумотлари назорат қилиниб, масъул ходимлар бириктирилган. Мазкур маълумотлар орқали тегишли ҳудудларга  бириктирилган бошқармалар мутахассислари ҳар бир кўчатнинг назоратини амалга оширишмоқда ва экилган кўчатларни парвариш қилиш ҳамда сув етказиб бериш масаласи таъминланмоқда.

          Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2025 йил "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили" деб эълон қилинди ва темирйўлчилар бундан рухланиб нафақат Ўзбекистон темир йўллари доирасида балки республика миқёсида ҳам "Яшил макон" лойиҳасида фаол иштирок этиб, кўчат экиш ишлари билан бирга ярим буталар, гуллар ва кўкаламзорлаштиришга мўлжалланган бошқа мевали дарахтлар экишни ҳам режалаштиришган. Жорий ва кейинги йил давомида бу ишларни босқичма-босқич амалга ошириш кўзда тутилган.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер