“Яшил макон”: Фарғонада ЮНЕСКОнинг 80 йиллиги муносабати билан кўчат экиш тадбири ўтказилди

12:30 03 Ноябрь 2025 Жамият
138 0

Фарғона вилоятининг Қува туманида жойлашган “Каркидон” сув омбори ҳудудида ЮНЕСКОнинг 80 йиллиги ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсуми доирасида кўчат экиш тадбири ташкил этилди.

Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган “Яшил макон” лойиҳаси бўйича Фарғонада ҳар йили ўртача 15-18 миллион туп манзарали дарахтлар экилаётганини таъкидлади.

Мазкур тадбир ҳудудда экотуризмни ривожлантириш ҳамда баркамол авлод қалбида табиатга муҳаббат ва масъулият туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

— Шу йилнинг баҳорида вилоятда 11 миллион тупдан ортиқ кўчат экилди, кузги мавсумда яна 9,5 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган, —дейди Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси шўъба бошлиғи Жамшид Алишеров. — Айни пайтда вилоятда 40 миллион тупга яқин кўчат захираси мавжуд. ЮНЕСКОнинг 80 йиллиги муносабати билан эса биргина “Каркидон” ҳудудида 20 минг туп кўчат экиш кўзда тутилган.

Маҳаллий иқлим шароитидан келиб чиқиб, япон сафораси, қайрағоч ва арча кўчатлари экиляпти. Бу дарахтлар сувсизлик ва иссиққа чидамли бўлгани учун ушбу ҳудуднинг иқлимига жуда осон мослашади. Шу билан бирга, 16 та ер ости қудуғи орқали замонавий томчилатиб суғориш тизими жорий этилган бўлиб, бу кўчатларнинг тез ва соғлом ўсишини таъминлайди.

Хайрли ташаббуснинг мантиқий давоми сифатида “Каркидон”да Ёшлар ишлари агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси томонидан “Обод юрт” шиори остида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари ҳам олиб борилди. Унда фарғоналик ёшлардан иборат ташаббускор гуруҳлар томонидан манзарали дарахтлар экилиб, яшил майдонларни кенгайтириш ва ҳудудни тозалаш ишлари амалга оширилди.

Айтиш жоиз, Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан табиати сўлим “Каркидон” сув омбори ҳудудида 280 гектар ер ўзлаштирилиб, туризмни ривожлантириш мақсадида жаҳон андозалари бўйича хизмат кўрсатиш ва сервис тармоқлари бунёд этилмоқда.

Ботир МАДИЁРОВ

(«Халқ сўзи»).                                                  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?