Яшиксозликдан барака топаётган маҳалла
Тегирмонбоши бугун Мингбулоқ туманидаги иқтисодий жиҳатдан бақувват, аҳоли турмуш фаровонлиги ортган ибратли маҳаллалардан бири. Бу ҳудудда тадбиркорлик ривожи яшиксозлик драйвер соҳага айлантирилгани билан боғлиқ. Кейинги йилларда маҳаллада мазкур юмуш билан шуғулланувчи субъектлар 200 тадан ошди. Ҳар бирида 6 тадан 10 нафаргача доимий меҳнат қилувчи йигитлар бор. 1000 нафардан зиёд мавсумий ёлланма ишчи уларга елкадош.
Албатта, эзгуликнинг йўли ҳам, қўли ҳам узун. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Турсунбой Ўсаровнинг ўзига хос тажрибаси, кўпчилик билан муваффақиятли ишлай олиши туфайли бутун жамоатчилик унинг атрофида ҳамжиҳат. Айниқса, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишда кўмагидан фойдаланганлар хурсанд. Негаки, яшиксозликни маҳкам тутиб, ҳалол ризқ топишяпти, рўзғорни бекаму кўст юритишяпти.
Оқсоқолнинг таъкидлашича, маҳалладош ишбилармонлар томонидан ясалаётган яшикларга ҳамиша талаб етарли. Уларни шу ерда ўстирилаётган Калифорния навли тез ўсар теракни қайта ишлаб тайёрлашади. Бундай тахталар вазни енгил, ишловга қулай. Яшикларга мева-сабзавотларни қадоқлаш ҳам, транспортга юклаш ва манзилга етказиш ҳам осон.
Яшиксозликдан олинаётган даромадлар соҳа билан шуғулланаётган кишиларнинг оилаларига барака киритяпти, турмуш фаровонлигини оширишга сарфланяпти. Мавжуд 540 та хонадонда истиқомат қилаётган 745 та оила ва 2730 нафар кишининг қорни тўқ, усти бут. Уй-жойлари ҳавас қилгудек. Замонавий уй-рўзғор буюмларига тўла. Хонадонларда 800 тадан зиёд турли енгил автомобиллар бор.
«Садоқат» кўчасидаги хонадонда яшовчи Абдували Ғойиповнинг оила аъзолари 6 нафар, бу ерда 18 киши ёғочни қайта ишлаш билан машғуллигига гувоҳ бўлдик. Ярми аёллар, улар кичик-кичик ёғоч бўлакларни махсус мослама устида митти михчалар билан бирлаштириб, яшиклар ясашяпти.
— Астойдил ҳаракат қилсангиз, кунлик даромадни 500 минг сўмгача чиқаришингиз мумкин, — дейди яшиксоз Шокиржон Абдуллаев. — Чунки, қанча тез ҳаракат қилсангиз, шунча кўп ҳақ оласиз. Бу мусофир юрт ёки олис жойларга бориб ризқ қидиргандан минг чандон яхшироқ.
Битта станоги бор оила беш-ўнталаб қўни-қўшнисини ёнига тортяпти. Даромад ҳар куни ўртача 250-300 минг сўмдан ошади. Масалан, Кароматхон Садирова ўғли Худойберди билан ана шундай фаолиятни йўлга қўйиш орқали 5 аёл, 5 нафар эркакни ишли қилди. Бу оиланинг бир ойлик топгани 12-15 миллион сўмга етяпти. Яна бир ёш тадбиркор Беҳзод Ҳошимов эса кредит маблағи ҳисобига хонадонига ёғочни қайта ишлаш ускунасини ўрнатиб, ўзини ва яна бир неча кишининг бандлигини таъминлади. Унинг мебелсозларга ёнғоқ дарахтидан хомашё етказиб бераётганлиги айни муддао бўлмоқда. Кундалик топаётгани бошқа ҳамкасблариникига нисбатан икки бараваридан зиёд.
Ишбилармонлик кишини ҳамиша олдинга етаклайди. Қўлига мўмай пул тушган фуқаролар яшиксозлик билангина кифояланиб қолишмаяпти. Айтайлик, Абдусалим Каримов яна бир йўналиш – иссиқхона хўжалигини ҳам йўлга қўйди. Хонадонидаги 7 сотихли ёпиқ даланинг бир қарич ери ҳам бўш турмайди. Қиш бўйи исмалоқ ва кўкат, эрта баҳордан помидор ва бодринг маҳалла аҳлининг дастурхонини безайди. Харидорлар ўзлари келиб, маҳсулотни уйдан олиб кетишади. Бу йилги мавсумда бодрингнинг ўзидан 7 миллион сўм маблағ топишган бўлса, помидордан 11 миллион сўмга ишлашди. Иссиқхонада ҳали ҳосил сероб. Оила ҳамёнига яшикчиликдан тушаётган маблағ ҳам қўшилиб, янада барака кираётганидан ҳаммалари хурсанд.
Оилавий бизнес кафолатли даромад манбаига айлангани Тўйчибой Мамадалиев, Фаридахон Каримова ҳамда бошқаларнинг хонадонида ҳам шундоққина кўзга ташланади. Шу йўл билан аҳоли орасида камбағалликни қисқартиришга, боқимандалик кайфиятига барҳам беришга эришиляпти.
Айтиш лозимки, тадбиркорлик ривожи маҳаллани ободонлаштириш, ишбилармонлик борасида янгидан-янги имкониятларга йўл очяпти. Фуқаролар йиғини биноси жойлашган ҳудудда ҳаракати бошланган гузар қурилиши улардан бири. Бу ерда 10-12 хонадан иборат устахоналар жой олади ва кам таъминланган оила фарзандлари бўлган ҳунарманд ёшларга бепул берилади. Бу улар учун бир умрлик таъминот манбаи бўлиб қолади, ҳам маҳалла аҳли учун сартарошхона, озиқ-овқат дўкони, пойабзал таъмирлаш устахонаси, тикувчилик, компьютер хизмати каби хизмат кўрсатиш нуқталари пайдо бўлади.
Яшикчиликни тизимли йўлга қўйиш мақсадида маҳалла ҳудудида айни йўналишга ихтисослашган майдон ташкил қилиш бўйича ишлар ҳам бошлаб юборилган. Хусусан, 10 гектар ерда барпо этилаётган Ёшлар кичик саноат зонасида яшикчи тадбиркорларга анчагина жой ажратилади. Бу ерга Гуртепа қишлоғида жойлашган бошқа маҳаллалардаги ёғочни қайта ишлаш йўналишида фаолият олиб бораётган 60 нафардан ортиқ тадбиркорларни ҳам жойлаштириш орқали 1000 тадан зиёд янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Аҳиллик, бамаслаҳат иш юритиш маҳалланинг равнақини жадаллаштиришда катта аҳамият касб этаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси томонидан мустақиллигимизнинг 33 йиллиги муносабати билан эълон қилинган 33 та лойиҳа танловида "Маҳалла боғи" ташкил этиш йўналиши бўйича Тегирмонбошига 1-ўрин берилди. Уч марта «Ташаббусли бюджет» лойиҳасида ғолибликка эришилгани ҳисобига ҳудудда инфратузилмани ривожлантириш бўйича миқёсда ишлар қилинди. Яқинда тўртинчи бор шундай имтиёз қўлга киритилди. "Садоқат", "Ёш куч" ва "Боғ" кўчаларида умумий қиймати 1 миллиард 279,5 миллион сўм маблағ ҳисобидан асфальтлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Айтганча, йил бошида маҳаллада кам таъминланган деб тоифаланган оилалар сони 12 та эди. Бугун тўртта қолди. Яқин кунларда уларни ҳам ушбу тоифадан чиқариш ҳаракати боряпти. Қонунбузарликлар, ажралишлар ва нотинч хонадонлар йўқ ҳисоби. Буларнинг барчаси маҳалла-кўйнинг оқибатлилиги, меҳнатсеварлиги, шундай дориламон замонда шукроналик сифатида барака бошига айланганида далолат беради.
Қосимжон АКБАРОВ,
«Мингбулоқ» газетаси муҳаррири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- АҚШ молия вазири компьютерига хакерлар ҳужум қилди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ислам Махачевга Арман Царукян рақиблик қила олмайди. «UFC 311» олдидан содир бўлган нохуш хабарнинг барча тафсилотлари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг