Яқин Шарқдаги вазият туфайли «Uzbekistan Airways»нинг қатор рейслари бекор қилинди

20:21 01 Март 2026 Жамият
567 0

Яқин Шарқнинг қатор давлатлари ҳаво ҳудудидан фойдаланишга чекловлар киритилганлиги муносабати билан парвозлар жадвалидаги ўзгаришлар киритилди. Бу ҳақида «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси хабар берди.

Билдирилишича, 28 февралдаги HY334 Дубай – Тошкент рейси ҳаво ҳудуди очилиб, Дубай халқаро аэропорти ўз ишини тиклаганидан сўнг амалга оширилади. Парвозни кутиш вақтида йўловчилар меҳмонхонага жойлаштирилган ва уларга барча зарур хизматлар кўрсатилмоқда. Авиакомпания авиация расмийлари ва аэропорт маъмурияти билан доимий ҳамкорликда иш олиб бораётганини таъкидлади.

Шунингдек, 1 март санасидаги HY333/334 Тошкент – Дубай – Тошкент рейслари ҳам БАА ҳаво ҳудуди ёпилганлиги сабабли мажбурий равишда бекор қилинган. Шу кунги HY337/338 Тошкент – Жидда – Тошкент рейслари ҳам йўловчилар ва экипаж аъзоларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида муқобил йўналиш бўйича амалга оширилиши белгиланган. Йўналиш ўзгарганлиги сабабли парвоз вақти узаяди.

Бундан ташқари, 2 март кунидаги HY301/302 Тошкент – Тел-Авив – Тошкент рейслари ҳам Исроил ҳаво ҳудуди ёпилганлиги сабабли мажбурий равишда бекор қилинган. Мазкур бекор қилинган рейслар йўловчиларига авиакомпаниянинг исталган кейинги рейсларига чипталарни бепул қайта расмийлаштириш таклиф этилган.

«Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз. Йўловчилар ва экипаж аъзоларининг хавфсизлигини таъминлаш «Uzbekistan Airways» учун энг олий устувор вазифа бўлиб қолади», — дейилади авиакомпания баёнотида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?