Январь ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 14,7% ни ташкил этди
Марказий банк 2025 йилнинг январь ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган инфляция даражаси ҳақида маълумот берди. Ўтказилган сўровлар натижасига кўра, аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 14,7% ни ташкил этди ва бу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан ўзгаришсиз қолди.
Инфляцияга таъсир қилувчи асосий омиллардан бири сифатида коммунал хизматлар нархининг ошиши қайд этилган. Бундан ташқари, ёқилғи ва энергия ресурслари қимматлашиши, валюта курси ўзгариши, транспорт харажатларининг кўпайиши каби омиллар ҳам аҳолининг инфляцияга бўлган ҳиссий муносабатига таъсир кўрсатган. Қизиғи шундаки, респондентлар орасида нархларнинг сунъий оширилиши ва монополиялар таъсири ҳақида ташвиш билдирганлар улуши камайган.
Январь ойида аҳоли томонидан инфляция даражаси энг юқори бўлган ҳудудлардан бири Сирдарё вилояти бўлди. У ерда инфляция 16,8% даражасида қайд этилган. Шу билан бирга, инфляция даражаси нисбатан паст бўлган ҳудудлар орасида Навоий вилояти 12,6% кўрсаткич билан энг паст инфляцияни қайд этди.
Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари эса 12,9% ни ташкил этди. Уларнинг нархлар ўсиши борасидаги асосий хавотирлари ҳам коммунал хизматлар, ёқилғи ва валюта курсининг ўзгаришига боғлиқ бўлган. Савдо соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар инфляция даражасининг ошиши борасида энг юқори кутилмаларга эга бўлган бўлса, қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари эса нисбатан паст инфляция кутилмаларига эга эканлигини билдирган.
Инфляция даражасини юқори сезган аҳоли қаторида давлат ташкилотлари ва тиббиёт соҳаси ходимлари энг юқори кўрсаткични қайд этган бўлса, маиший хизматлар соҳасида ишловчи шахслар инфляция даражасини нисбатан пастроқ баҳолаган.
Даромади юқори бўлган аҳоли қатлами орасида инфляция даражаси сезиларли равишда юқори бўлган. Жумладан, ойлик даромади 15 миллион сўмдан ошган аҳоли қатлами инфляция даражасини 18,5% деб баҳолаган. Бошқа томондан, даромади паст бўлган ёки умуман даромадга эга бўлмаган шахслар инфляцияни 13,8% деб баҳолаган.
Респондентларнинг кўпчилиги инфляциянинг келгусида пасайиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бу, айниқса, иқтисодий сиёсатдаги барқарорлик ва нархлар шаклланишига таъсир этувчи омилларнинг мўътадиллашуви билан боғлиқ. Бироқ, коммунал хизматлар ва ёқилғи нархларининг ошиши ҳануз инфляциянинг асосий хавфи бўлиб қолмоқда.
Январь ойи учун берилган маълумотлар шуни кўрсатадики, инфляциянинг сезилган даражаси ҳақиқий кўрсаткичлардан юқори бўлиши мумкин ва бу аҳолининг иқтисодий барқарорлик ҳақидаги ўзига хос ҳиссий баҳоси билан боғлиқ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг