Янгиланган Конституция — Ўзбекистонда инновациялар ва ахборот технологияларини ривожлантириш пойдевори

2024 йил 6 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамкорлигида «Менинг Конституциям 32 ёшда!» шиори остида «Янгиланган Конституция — Ўзбекистонда инновациялар ва ахборот технологияларини ривожлантириш пойдевори» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.Шарипов, Инновацион ривожланиш агентлиги директори Ш.Ражаббаев, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар, халқаро экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, янгиланган Конституцияда белгиланган принциплар, жамиятимизнинг барча соҳаларини, хусусан, ахборот соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, инновациялар, рақамли технологияларни ривожлантириш, очиқ ва шаффоф ахборот маконини яратиш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.
Хусусан, рақамли иқтисодиётга ўтиш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш учун ҳуқуқий асос яратилди. Ўтган қисқа вақт ичида инновациялар ва ахборот технологияларини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича ҳуқуқий база мустаҳкамланиб, мазкур йўналишда 50 га яқин қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Бундан ташқари, Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталаридаги нутқларида ҳам янгиланган Конституциянинг аҳамиятига тўхталиниб, ахборот технологиялари ва инновациялар орқали Ўзбекистонни глобал миқёсдаги тараққиётга олиб чиқиш мақсади баён қилинди.
Хусусан, янгиланган Конституциямизнинг моддаларида ҳар кимнинг исталган ахборотни излаш ва сифатли интернет тармоғига уланиш ҳуқуқи тўғрисида нормалар қайд этилган. Масалан, 33-моддада асосий эътибор қиладиган жиҳатлардан бири «Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади» деган аниқ норма белгиланди.
Худди шундай, Конституциянинг 15-боби оммавий ахборот воситаларига бағишланган бўлиб унда оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва қонунга мувофиқ иш олиб бориш аниқ қилиб белгиланган. Бундан ташқари, цензурага йўл қўйилмаслиги ва оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади, деган норма ўрин олганлиги тадбирда алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, тадбирда шу кунларда мамлакатимизда Бош қомусимизда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги, инсон қадри, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик каби эзгу ғоялар атрофида фуқароларни жипслаштириш, «Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўттиз икки йиллиги санасини кўтаринки руҳда нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилаётгани қайд этилди.
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар рақамли иқтисодиётни ривожланиш тенденциялари, давлат хизматларини рақамлаштириш орқали аҳоли манфаатларини таъминлаш механизмлари, ахборот технологиялари соҳасида таълим сифатини ошириш бўйича янги дастурлар, ИТ маҳсулотларини халқаро бозорларга олиб чиқиш бўйича яратилган шарт-шароитлар ёшлар қалбида Ватанимиз, Конституциямиз билан фахрланиш туйғусини шакллантирмоқда.
Бундан ташқари, депутатлар мамлакатимизнинг инновацион ривожланиши йўлида белгилаб берилган устувор вазифаларни ижро этишда Инновацион ривожланиш агентлиги олдида турган вазифалар, яратилган шарт-шароитлар ва мавжуд имкониятларга алоҳида эътибор қаратдилар ҳамда ташкилотнинг 2025 йил учун мўлжалланган лойиҳалар тақдимоти билан танишдилар.
Тадбирда билдирилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиқиб депутатлар, замонавий ахборот технологиялари, стартапларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган махсус грант танловлари сонини кўпайтириш, технологик инноваторларни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асосини яратиш, ҳудудлардаги ёшлар технопаркларини янада ривожлантириш, илм-фан ва таълим интеграциясини кучайтириш, инновацион ишланмаларни рағбатлантириш ва бу борада масъул ташкилотлар билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг