Янгийўл туманида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича бошланган ишлар доимий таҳлил қилинмоқда

20:49 10 Апрель 2024 Сиёсат
1257 0

Хабар бериб бораётганимиздек, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш бўйича Республика ишчи гуруҳи Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида янгича ёндашувлар ва тизим асосида иш олиб боряпти. Туман тажрибаси намуна сифатида барча ҳудудларда жорий этилади.

Жараённинг бориши билан яқиндан танишиш мақсадида Сенат Раиси, ишчи гуруҳ раҳбари Танзила Норбоева туманга ташриф буюрди.

Бугун ҳудудларда томорқадан унумли фойдаланган ҳолда икки-уч мартадан ҳосил олиб, яхшигина даромад кўраётган оилалар сони ортиб бормоқда. Янгийўл туманида ҳам томорқа ер майдонига эга, лекин унинг имкониятларидан фойдаланмаётган хонадонлар ҳам бор.

Уларга томорқачиликнинг сир-асрорларини ўргатиш, ҳар томонлама кўмак кўрсатиш мақсадида Янгийўл туманида Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси таъсисчилигида «Томорқачиликни ривожлантириш миллий маркази» МЧЖ ташкил этилган.

Сенат Раиси ушбу марказга ташриф буюриб, унинг аҳоли айниқса, хотин- қизларнинг бандлигини таъминлаш имкониятлари билан танишди. Марказ илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш орқали аҳолига томорқа ер участкаларидан йилига камида 3 марта ҳосил олишга кўмаклашиб келмоқда.

Шунингдек, бу ерда томорқачилик йўналиши бўйича малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари ҳам фаолият олиб бормоқда.

Сенат Раиси хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашда марказ имкониятларидан кенг фойдаланиш бўйича тавсия ва таклифларини билдирди.

Шундан сўнг туман хотин-қизлар тадбиркорлик маркази имкониятлари билан танишилди. Бу ерда тикувчилик, ошпазлик, ИТ саводхонлиги курслари ташкил этилган. Марказда 2023 йилда 365 нафар хотин-қизлар ўқитилиб, уларнинг 248 нафари ўзини ўзи банд қилган. Сенат раиси ўқув курсларини битирган аёлларни тикув машинаси ва керакли жиҳозлар билан таъминлаш, ҳудуддаги тадбиркорларга бириктириш орқали бандилигини таъминлаш бўйича ўз фикрларини билдириб ўтди.

Шунингдек, бир бинода жойлашган Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш маркази фаолияти билан қизиқди. Бу ерда оила қуриш остонасида турган ёшларга турмушда зарур бўладиган билим ва тушунчалар берилмоқда. Психолог-ўқитувчилар ҳамда имом-хатиблар иштирокида катта ҳаёт остонасида турган ёш жуфтликларга дарс машғулотлари ўтилмоқда.

Шу ернинг ўзида ўқув курси давомида бирламчи зарур маълумотларни эгаллаган бир гуруҳ ёшларга сертификатлар топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?