Янги Уйғониш даври пойдеворини яратишда мустаҳкам таянч

15:41 27 Декабрь 2023 Жамият
991 0

Фото: "Халқ сўзи"

Президентимиз раислигида шу йил 22 декабрь куни ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши маънавий-маърифий ҳаётимиздаги тарихий тадбирлардан бири бўлиб қолишига шубҳа йўқ. Унда давлатимиз раҳбари маънавият, маърифат, маданият, санъат ва ижод соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигини муҳокама қилиб, келгусидаги устувор вазифаларни белгилаб берди.

Президентимиз янги Ўзбекистонни бунёд этиш, учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасидаги кенг кўламли ишларда айнан маънавий-маърифий ислоҳотларни янада кенгайтиришга урғу қаратаётгани бежиз эмас. Бинобарин, маънавий асосларсиз, азалий қадриятларсиз, маънавий-миллий руҳсиз ҳеч бир давлат ўзининг юксак мақсадларига эриша олмайди.

Маънавий-маърифий ислоҳотларда муҳим босқич
Шонли тарихимизда буюк аждодларимиз ижоди ва илмий салоҳияти туфайли икки марта кузатилган Ренессанс ҳодисасининг негизига назар ташлайдиган бўлсак, ҳар сафар иқтисодий тараққиёт ва маънавий-руҳий ривожланиш уйғун кечганини кўрамиз.

Дарҳақиқат, ҳар бир халқ, аввало, маънавий савияси, интеллектуал салоҳияти, ҳамжиҳатлиги билан қудрат касб этади ва бугунги мураккаб шароитда дунё саҳнидан ўзига муносиб жой эгаллай олади.

Нега бу масалаларга Янги йил арафасида урғу берилиб, уларга жамоатчилик эътибори тортилди? Давлатимиз раҳбарининг йиғилишда билдирган фикр-мулоҳазалари, илгари сурган ҳаётбахш ташаббуслари, мутасаддиларга белгилаб берган вазифаларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, халқимиз янги орзу-умидлар, янги режалар билан қадам қўяётган келгуси йилда асосий мақсад-муддаоларимиздан бири — халқимизнинг маънавий юксалиши, маданий ва маърифий салоҳиятининг янада кучайиши, бирдамлиги, жипслиги, руҳияти, иродасининг тобланиши янги босқичга кўтарилади.

Афсуски, бугун биз билимсизлик, лоқайдлик, масъулиятни ҳис этмаслик ҳолатларига иқтисодиёт соҳасида ҳам, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият тизимида ҳам, қўйингки, ҳаётимизнинг барча жабҳасида дуч келяпмиз ва бу иллат бамисоли қўл-оёғимизга кишан бўлиб турибди. Бу кишандан халос бўлмасдан туриб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган натижага эришиш мушкул.

Маълумки, бугун дунёда кескин кураш ва рақобат ҳукм сурмоқда, манфаатлар тўқнашуви кучаймоқда. Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга, кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Миллий ўзлик, маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортмоқда. Фақат ўзини ўйлаш, худбинлик, меҳнатга, оилага енгил қараш, истеъмолчилик кайфияти турли йўллар билан одамлар, айниқса, ёшлар онгига устомонлик билан сингдириляпти. Терроризм, экстремизм, трансмиллий ва кибержиноятчилик, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар хавфи ошиб бормоқда. Баъзи ҳудудларда атайин беқарорлик юзага келтирилиб, норозилик кайфияти авж олдирилмоқда.

Бундай таҳликали вазиятда ҳушёр ва огоҳ бўлиб, халқимизнинг тинчлиги, мамлакатимиз манфаатлари учун курашиб яшаш керак. Бунинг учун эса юртимиз илм-фан, таълим-тарбия, маънавиятда ҳар доимгиданда кучли бўлиши шарт.

Давлатимиз раҳбари бунинг учун, аввало, мустаҳкам иқтисодий асослар кераклигини таъкидлаб, шу борада амалга оширилаётган ишларни келтириб ўтди. Ушбу иқтисодий асос натижасида бу йил ижтимоий соҳага энг кўп — 134 триллион сўм маблағ ажратилди. Бу — 2016 йилдагига солиштирганда 5,6 баробар зиёд, демакдир.

Жадидлар меросига янгича ёндашув
Ҳеч бир қарор бежиз қабул қилинмайди. Зеро, бугун жаҳон миқёсида тараққиёт суръатлари шиддатли тус олгани, шу билан бирга, инсонлар онгу қалбига қаратилган ахборот хуружлари, баъзи давлатлар ўртасидаги зиддиятли жараёнларнинг кучайган таъсири мамлакатимизда ҳам сезилаётир.

Президентимиз таъкидлаганидек, Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари — уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққани тарихдан маълум. Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби Ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадр­лар сув билан ҳаводек зарур.

Йиғилишда маърифатпарвар боболар ғояларини ўрганиш ва ривожлантириш бўйича Президент қарори қабул қилиниши белгиланди. Шунингдек, Бухородаги тарихий масканда Жадидлар мероси давлат музейи очилади, “Жадид” номли янги газета ташкил этилади. Бу бежиз эмас. Бугун ёшларимизга ибрат бўладиган ота-боболаримизнинг жасоратли йўлини очиб берувчи қўлланмалар жуда керак.

Жадид боболаримиз юртимизни озод этишга, қолоқликдан олиб чиқиб, ҳамма соҳани ривожлантиришга бор вужудини бағишлаган. Ва бунинг бадалини ўз жонлари билан тўлаган. Биз бугунги мустақиллик, тинчлик, эркинлик шароитида уларни эслашимиз, эъзозлашимиз ҳам қарз, ҳам фарз. Қувонарлиси, бугун юртимизда жадидлар музейлари ташкил этиляпти, уларнинг китоблари нашр қилинмоқда, ноҳақ айбланган аждодларимизнинг кўпчилиги судлар томонидан оқланяпти. Лекин шу билангина асосий мақсадларга етиб бўлмайди. Маърифатпарвар боболаримиз ғояларини онгу қалбга янада чуқур сингдириш, бу инсонларга нисбатан бугунги авлодларда ҳурмат-эҳтиромни янада кучайтириш зарур. Президентимиз бунинг учун қатағон қурбонлари туғилиб ўсган ёки бугун авлодлари яшаётган уйга, маҳаллага, ўша ердаги мактабга уларнинг номларини ёзиб қўйиш таклифини кўтарди. Фикримизча, бу ҳам савобли, ҳам ибратли иш бўлади. Улар ҳар бирининг ҳаёти — қаҳрамонлик. Биз буни ўрганиб, тарғиб қилиб, ёшларимизга етказишимиз лозимлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Йиғилишда мутасаддиларга жадид боболаримиз тарихини ўрганаётган тадқиқотчилар учун мақсадли грантлар ажратиш, улар ҳақида ҳужжатли ва бадиий фильмлар олиш, матбуот ва интернет нашрларида материаллар чоп этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Нега? Чунки халқимиз у даврни яхши билиши, аждодларимиз жасоратидан фахрланиши керак. Ёшлар “Бизнинг боболаримиз истиқлол орзусида курашган, ўзини аямаган, биз мустақиллик учун нима қиляпмиз?» деб ўзига савол бериши зарур. Мустақилликнинг мустаҳкам замини нима ўзи? Аввало — ватанпарварлик, билим, маънавият. Шундан келиб чиқиб, Президентимиз жамиятимизда ана шундай ватанпарварлик, шукроналик руҳини кучайтиришга даъват этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жадидлар фао­лиятини ўрганиш, уларнинг эзгу ғояларини замонамизга мос ҳолда давом эттириш борасидаги фикрлари айни масалада барчамизга дастуриламал бўлиб келаётир. Жумладан, 2020 йил бошида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев шундай деганди: “Биз жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади”.

XX аср бошларида Марказий Осиё ва Кавказнинг марказий шаҳарлари ҳамда Қозонда юзлаб зиёлилар хурофот ва чор Россиясининг истибдодидан қолоқ аҳволга тушиб қолган ўз халқларининг ижтимоий-маданий турмушини, онг-савиясини кўтариш, тараққий эттириш мақсадида ниҳоятда катта маърифатчилик ишларини олиб борди. Улар Европача усулдаги театр тўгараклари тузди, турли газета ва журналлар чоп этди. Театр томошалари ва матбуотдан тушган маблағларга дунёвий илмларни ўқитадиган “усули жадид”, яъни янгича, илғор усулдаги мактаблар очди ва бу мактабларда маҳаллий халқ болаларини ўқитди. Жадидлар ўз миллатдошларидан етук олимлар, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларининг замонавий, билимдон мутахассислари, маданият арбоблари етишиб чиқиб, юртни обод, Ватанни озод, фаровон этишларини орзу қилди ва шу йўлда фидойилик кўрсатди.

Маърифатпарвар боболаримиз мустақиллик учун, халқимизнинг эмин-эркин яшаши учун курашганини биламиз. Охирги йилларда бутун жамоатчилигимиз ҳаракати билан уларнинг номларини тиклаш, музейларни янги экспонатлар билан тўлдириш, ижод мактаблари ташкил этиш бўйича кўп ишлар қилиняпти. Буларнинг ҳаммаси одамларга тарихий адолатни, ҳақиқатни етказиш, қолаверса, халқимиз у кунларни билиши ва ҳеч қачон унутмаслиги, бугунги кунларнинг қадрига етиши учун зарур.

Туркистон маърифатчилиги илк давридан фарқли ўлароқ фақат феодал тузум асосларини илм-фан, маърифат орқали ўзгартириш, айрим янгиликларни жорий этиш ва шу йўл билан ривожланишни мақсад қилибгина қолмади, балки бу ишларни жадал амалий изга солиб, чиркин урф-одатлар, бидъатларга қарши очиқ кураш олиб борди.

Жаҳон “маърифатчилик даврлари” тажрибасидан маълумки, маърифатчиликнинг энг бирламчи асоси феодал қолоқлик ва диний мутаассибликнинг инкор этилиши, жамиятда эркин, адолатли, маданий муносабатларнинг шаклланмоғидан иборат. Бу йўлдаги энг асосий вазифа жамият аъзоларининг онгини қайта қуриш, тушунча ва тасаввурларини ўзгартиришдир. Буни амалга оширишнинг асосий шарти — илм-фан, турли дунёвий билимлар тарқатиш. Жадид маърифатчилари худди шу йўлдан борди.

Афсуски, бугунги кунимизда ҳам диний эътиқод ниқоби остида ёшларни маърифатга эмас, жаҳолатга ундаётган кишилар пайдо бўлмоқда.

Йиғилишда баъзи гуруҳлар орасида диний қарашларни Конституция ва қонунларимизга қарши қўйиш, дунёвий қадриятларни ҳаром деб билиш ҳолатлари учраётгани қайд этилди. Президент бу ўринда Ибрат домланинг “Уламо ғайрат этканда миллат, албатта, ислоҳ топур”, деган ҳикматли сўзларини ёдга олди. Зиёлилар, нуронийлар, ҳаж ва умрага бориб келган юртдошларимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши кераклиги айтилди.

Ҳақиқатан ҳам, жадид боболаримизнинг эркпарварлиги, ватанпарварлиги, юрт эртаси учун куйиб-ёниши, янгиликка интилишидан хулосалар чиқаришимиз, маънавиятни улардан ўрганишимиз лозим. Маънавиятсиз янги Ўзбекистонни ҳам, учинчи Ренессансни ҳам барпо этиш мушкул эканини англаш даври келди.

Фикрсизлик — маънавий қарамлик
Маънавият кишиларни фикрий ва маънавий мудроқликдан қутқаради, буни инкор қилолмаймиз. Айрим одамларда жамиятда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни таҳлил эта олиш кўникмаси мавжуд эмаслигини, бу эса уларда юз бераётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини теран англашга халақит қилаётганини сезиш мумкин. Назаримизда, бу нарса ўша одамлардаги фикрсизлик туфайли содир бўляпти.

Фикрлаш — инсонга хос хусусият. Ҳар бир шахс фикрлайди, ёни-беридаги воқеа-ҳодисаларга баҳо беради, ўз фаолиятини белгилайди, хулоса чиқаради. Қисқача айтганда, инсон фикрлай олиши билан бошқа жонзотлардан фарқланади. Фикрсиз инсонни, одатда, ҳиссиёт бошқаради. Бу эса бошқаларнинг ўша инсонни ортидан эргаштиришига, бошқаришига шароит яратади.

Фикрсизлик ва маънавий қарамлик — кишилар тафаккури устидан муайян ғояларнинг ҳукмрон мавқега эгалигини, инсоннинг содир бўлаётган воқеалар, ижтимоий-сиёсий жараёнларни мустақил баҳолаш имкониятидан маҳрум бўлганини ифодалайдиган тушунча ҳисобланади. Фикрсизлик инсонни тафаккур қуллигига олиб боради. Маънавият ўша фикрсизлик ҳолатини бартараф этадиган кучдир.

Бугунги кунда айрим кишиларда “оммавий маданият”ни кўр-кўрона қабул қилиш, оломонлик кайфияти, жоҳиллик кўзга ташланаётгани ҳам фикрсизлик натижасидир. Бу ҳолатни маънавий ўлим, дейиш мумкин. Маънавият кишида ўзини ўзи бошқариш кўникмасини шакллантиради, танқидий таҳлил қилиш учун кенг имконият яратади. Давлатимиз раҳбари бугун жамиятни, халқни, ёшларни уйғотиш орқали Ўзбекистоннинг дунёдаги ўрнини мустаҳкамлашни, тенглар ичра тенг бўлишимизни, мамлакатни фаровон, қудратли кучга айлантиришни кўзлаяпти.

Шу маънода, биз бугун учинчи Ренессанс пойдеворини қуришга киришар эканмиз, унинг икки муҳим жиҳати — ёшларда мантиқий фикрлаш ва юксак ахлоқий сифатларни шакллантиришга эътибор беришимиз жуда муҳим. Қотиб қолган эски фикрлар, бир қолипдаги қарашлар, кимнингдир нуқтаи назари асосида қабул қилинган хулосалар аслида маънавий мудроқликдан бошқа нарса эмас.

Бугун юртимизда мазкур муаммоларни бартараф этиш учун барча шарт-шароит мавжуд. Жумладан, бу борадаги ишларга моддий таянч яратиш мақсадида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси фаолияти йўлга қўйилди. Ҳар бир масалани илмий ёндашган ҳолда ҳал қилиш учун Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилди. Республика Маънавият ва маърифат маркази тизимидаги ходимлар сони икки карра оширилди, уларни моддий рағбатлантириш чоралари кўрилди. “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги Қонун имзолангани соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Умуман, маданият ва санъат соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми 2017 йилдагига нисбатан 5 карра ошиб, 2023 йилда бу мақсадлар учун 712 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Бугун миллий қадриятларимизни, азалий анъаналаримизни, ота-боболаримизнинг ўлмас меросини нафақат мамлакатимиз ёшлари ўртасида, балки дунё миқёсида ҳам тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мақом, бахшичилик, ҳунармандчилик, “Лазги” рақси тарғиботига бағишланган халқаро фестиваллар мунтазам ўтказилаётгани, хорижий мамлакатларда, жумладан, қўшни давлатларда “Ўзбекистон маданияти кунлари” уюштириб келинаётгани сўзларимиз исботи.

Амалга оширилаётган ишлар ўз мевасини бермоқда. Халқимизнинг маданий бойликлари дунё халқлари, халқаро ташкилотлар, эксперт ва мутахассислар эътирофига сазовор бўлмоқда. Хусусан, кейинги йилларда яна 9 та миллий меросимиз намунаси ЮНEСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига, Бухоро шаҳри эса “Ижодкор шаҳарлар тармоғи”га киритилганини таъкидлаш лозим.

Буларнинг барчаси ислоҳотлар, очиқлик ва прагматизмга асосланган сиёсат натижасидир. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳозирги кунда тарғиботнинг энг самарали тармоқларидан бири кино санъати ривожига давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратиляпти. Шу туфайли чинакам санъат асарлари яратиляпти. Жумладан, буюк саркарда ва улуғ алломаларимиз ҳақида тарихий фильмлар суратга олинди. Қарийб чорак асрдан кейин Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланди.

Бедор қалб эгалари
Ижодкорлар умрбоқий асарлар яратибгина қолмай, барча макон ва замонда эл-юрт тақдири учун доим куюниб, ёниб яшаган, ўзгалар дардини ўзиники деб билган. Уларни бежиз “Бедор қалб эгалари” дейишмайди. Мамлакатимизда ана шундай иқтидор соҳиблари ҳамиша эътибор ва эъзоз оғушида. Чунончи, кейинги йилларда пойтахтимизда Адиблар хиёбони, Ёзувчилар уюшмасининг муҳташам биноси, ҳудудларда янги ижод уйлари қурилди. Самарали ижод қилаётган адиблар имтиёзли асосда уй-жойлар билан таъминланмоқда. Атоқли ижодкорларимизнинг таваллуд саналари нишонланяпти. Ёш истеъдодларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Зомин семинари қайта тикланди.

Давлат раҳбаридаги шижоат, матонат ва ташаббускорлик маънавият масалаларига бағишланган йиғилишда ҳам яна бир карра намоён бўлди. Аввало, маънавият ва маданият соҳаси учун методик асос бўлиб хизмат қиладиган миллий ғоямизни ривожлантириш бўйича алоҳида дастурий ҳужжат ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди. Чунки миллий ғоя ва маънавият бизга инсонни ахлоқий тубанликдан қутқариш учун зарур.

Дарвоқе, иқтисодий, ҳарбий, ижтимоий-сиёсий, илмий ва технологик тараққиётнинг юксак чўққисига кўтарилган Ғарб тамаддуни янги минг йилликнинг бошига келиб, тарихий ривожланишнинг ғоят зиддиятли ва мураккаб босқичини бошидан кечираётгани, бунда азалий қадриятлар ўрнини фақат шахсий манфаат, айш-ишрат, ҳузур-ҳаловат майлларига йўғрилган янги ахлоқ ва эътиқод эгаллаётгани, жамиятнинг маънавий асослари емирилаётгани кўзга яққол ташланмоқда. Бугун ўз ахлоқий қадриятларига, миллий анъаналарига бефарқлик билан қараётган ҳар қандай давлат ёки миллат — хоҳ у катта бўлсин, хоҳ кичик — худди чирмовуқдек ўраб келаёт­ган мафкуравий таҳдидлар, ғоясизликлар олдида ожиз бўлиб қолмоқда.

Шу боис бугун мамлакатимизда миллийлигимизга мутлақо бегона бўлган зарарли ғоялар, тушунча ва қарашлардан — чегарани бузмасдан, билдирмасдан, хонадонимизга, жамиятимизга, энг ёмони, мурғак болаларимизнинг покиза қалби ва юрагига кириб келаётган таҳдидлардан ҳимояланиш жамиятнинг асосий вазифасига айланиши кераклиги таъкидланмоқда.

Таассуфки, ўзини зиёли деб билувчи айрим кимсалар бугун одамларни яхшиликка бошлаш, оилаларимиз, маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси билан шуғулланиш, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асраш ўрнига баъзи ҳолларда ўзлари нафсини жиловлай олмасдан, кераксиз сарф-харажатларга, ортиқча дабдабабозликка ружу қўяётгани сир эмас. Ваҳоланки, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшларга муқаддас динимиз фақат нурли ҳаётга, илм-маърифатга, яхшиликка ундашини, ҳеч қачон хунрезлик, қотиллик, зўравонликка чақирмаслигини тушунтириш ана шундай инсонларнинг вазифасидир.

Фото: "Халқ сўзи"

Таълим-тарбиядаги оқсаш, нўноқлик оқибати
Биз дунёвий давлат қураётган бўлсакда, баъзан ҳаётда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида рўйхатдан ўтмасдан, яширинча шаръий никоҳ ўқитиш, хотин устига хотин олиш ҳолатлари ҳам, минг афсуски, учраб турибди. Бугун ижтимоий муносабатлар нуқтайи назаридан кундошлик, қўшхотинлик балоси қандай хунук оқибатларга олиб келиши барчамизни ташвишга солиши керак. Ахир тегишли давлат идорасида қонуний қайд этилмаган “никоҳ”дан туғилган фарзандларнинг тақдири, келажаги эртага нима бўлади? Бундай болалар руҳан мажруҳ бўлиб, турли маънавий нуқсонлар билан вояга етади. Улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис қилолмайди.

Тўй-маъракаларимизни тартибга солиш ҳақида ҳам кўп гапирамиз. Бу масала неча йиллар, ҳатто асрлардан бери кун тартибидан тушмасдан келади. Жадид боболаримиз ҳам тўй-маъракалардаги исрофгарчилик, дабдабабозлик, мақтанчоқлик миллатимизни маънавий таназзулга етаклайдиган иллат экани ҳақида қандай куюниб ўтганларини яхши биламиз. Очиғини айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки ҳаётига, соғлиғига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Бугун ҳаётимизда кўпайиб бораётган оилавий можаролар, уруш-жанжал ва ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик сабаблари ҳам аксарият ҳолларда худди шу нарсага бориб тақалади. Энг ёмони, пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст айрим кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқа ушлайди.

Қиз болаларнинг ўқиши ва касб-ҳунар эгаллаши жамият ривожида муҳим экани аён. Бироқ баъзи оилаларда ҳали ҳам қиз фарзанднинг олий таълим олишига панжа орасидан қараш устувор. Ахир эртага улар она бўлади, келгуси авлодларимизни тарбиялайди. Юртимизда хотин-қизларнинг олийгоҳларда ўқиши учун кенг қулайликлар яратилаётгани ҳам шундан. Ва бу ўз самарасини бериши, шубҳасиз. Ўқимишли, зиёли оналарнинг фарзандлари ҳам билимдон, оқу қорани танийдиган, маънавиятли инсонлар бўлиб етишади, миллатимиз чироғи бўлади.

Навқирон авлодга кўрсатилаётган ғамхўрлик боис бугун буюк аждодларимизнинг муносиб меросхўрлари, издошлари етишиб келаётир. Улар жаҳоннинг илм-фан, маданият ва спорт майдонларида Ватанимиз нуфузини оширишдек шарафли вазифани адо этмоқлари лозим. Ана шу юксак эҳтиромга сазовор ишларни фақат ва фақат метин иродали, шижоатли ва албатта, маънавияти бой ёшларгина бажара олади. Жаҳон илм-фан, маданият, спорт мусобақаларига чиққан ҳар бир йигит-қиз кўзи олдида, аввало, ўз она Ватани, унинг муқаддас тупроғи, жондан азиз қишлоғи, маҳалласи турса, улар ота-онаси, устозлари ишончини оқлаш масъулиятини ҳис этса, шубҳа йўқки, юксак натижаларга эриша олади. Зеро, бу маънавият кучи, қудратидир.

Бироқ, тан олишимиз керак, ёшларимизнинг барчасини ҳам ана шундай салоҳиятга, саодатга мушарраф деб бўлмайди. Бу таълим-тарбиядаги оқсаш, нўноқлик оқибатидир. Айрим йигит-қизлардаги бефарқлик, дангасалик, ишёқмаслик, ҳузур-ҳаловатни афзал билиш, кибр, қонунларга, қоида-меъёрларга амал қилмаслик каби ҳолатлар, афсуски, жамиятимизнинг янада тезроқ тараққий этишига халақит бермоқда.

Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ёшлар ҳис этмоқда. Улар барча янгиланишларни ўз ҳаётига татбиқ қилишга интилмоқда. Бироқ ҳар нарсада бўлгани каби меъёрни, умуминсоний тамойилларни, халқимизнинг азалий қадриятларини унутиш керак эмас. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин”. Бунга ниманинг ҳисобидан эришилади? Албатта, тарбия ҳисобидан. Аммо тарбия дегани фақат мактаб тарбиясидан иборат эмас. Тарбия биринчи галда оиладан ва маҳалладан бошланади.

Театр — ибратхона
Маънавиятни оширишда театрнинг ўрни беқиёс. Шу маънода, Президентимиз театр санъатини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилишини таъкидлади. Унда энг яхши пьесалар учун ижодий буюртма бериш, ижодий ва ёрдамчи ходимларнинг чет эл театрларида маҳоратини ошириш, ёш режиссёрларни қўллаб-қувватлаш учун Маннон Уйғур номидаги мукофот таъсис этиш кабилар назарда тутилади. Корхона ва муассасаларда ойнинг бир куни “Театр куни” деб белгиланиб, ходимларнинг театрларга бориши йўлга қўйилади.

Инсон ва жамият ҳаётида, халқнинг маънавий дунёсини, онгу тафаккурини юксалтиришда театр санъатининг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканлигини яхши англаймиз. Буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий айтганидек, театр ҳақиқатан ҳам ибратхона, қутлуғ тарбия ва маърифат масканидир. Жаҳондаги энг оммавий ва таъсирчан санъат турларидан бири бўлган театр асрлар давомида одамларни инсонийлик ва эзгуликка чорлаб, қалбларда олийжаноб фазилатлар, гўзал ҳис-туйғуларни камол топтиришга, жамият ҳаётида тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, юксак ахлоқ ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.

Биз эса, аксинча, театрларга боришни унутиб қўйдик. Ваҳоланки, азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, барча ҳудудимизда янги-янги илм-фан ва маданият масканлари, замонавий театр ва амфитеатрлар барпо этилаётганига гувоҳмиз. Бу ҳақда гап кетганда, жумладан, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Марғилон шаҳар мусиқали мақом театри ташкил қилинганини таъкидлаш лозим. Хуллас, ҳозирги кунда шиддатли замон, ҳаётнинг ўзи барчамизнинг олдимизга ўта муҳим ва мураккаб вазифаларни қўяётган, эл-юртимизни турли хавф-хатарлардан асраш, униб-ўсиб келаётган ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга эҳтиром руҳида баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, жаҳолатга қарши маърифат билан кураш олиб бориш долзарб вазифага айланган бир пайтда театр бу борадаги ишларда кўмакдош бўла олади.

Йиғилишда кўпдан бери халқимизни ўйлантириб келаётган сериаллар ҳақида ҳам аччиқ, аммо ўринли мулоҳазалар билдирилди. Ҳақиқатан ҳам, аксарият сериаллар ғоявий-бадиий жиҳатдан ночор, улардан ўрин олган мавзуларда бугунги кун нафаси, одамларни ўйлантираётган, ҳаяжонга солаётган жиддий ижтимоий муаммолар ўз аксини топмаяпти. Телеканаллар орқали намойиш этилаётган саёз, сийқа сериаллар кимлар учун, қайси аудитория учун мўлжалланган? Бу саволлар ҳамон очиқ қолмоқда.

Афсуски, бугун айрим сериалларни оила, фарзандлар даврасида томоша қилиб бўлмай қолди. Улардаги маиший мавзулар, енгил-елпи саҳналар кишининг ғашига тегади. Ўйлаймизки, энди вазият ўзгаради. Миллий сериаллар ишлаб чиқариш бўйича мавжуд тизим тубдан ислоҳ этилади.

Давлатимиз раҳбари шу мақсадда Миллий сериаллар ишлаб чиқариш концепциясини яратиш зарурлигини, унда, авваламбор, маҳаллий ижодкорларимизга, хусусан, ижрочи санъаткорлар, драматург ва режиссёрларимиз учун замонавий шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратиш ўринли бўлишини таъкидлади. Бунинг учун IT-park каби эркин иқтисодий зона — “Cinema-park” ташкил қилиш лозимлигини қайд этди.

Кино соҳасида ҳам ислоҳотлар янада кенгайтирилади. Жумладан, “Тирик тарих” сериясида Ватанимизнинг шонли ўтмишига бағишланган фильмлар яратиш дастури ишлаб чиқилади. Бунга хорижий ижодкорлар, кинокомпаниялар ҳамда инвесторлар ҳам жалб қилинади. Шунингдек, болалар учун буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида кўп қисмли анимацион фильмлар яратилади.

Бу ишлар халқимизнинг миллий ғурурини юксалтириш, ёшларнинг Ватанимиз тарихига оид билимларини бойитиш, шунингдек, бугунги Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни таҳлил қилиш, улардан зарур хулосалар чиқариш кўникмасини юксалтириш учун ҳам жуда зарур. Тан олиш керак, кейинги йиллар мамлакатимиз тарихида сезиларли ижтимоий-сиёсий жараёнларга ғоят бой бўлди. Мамлакат ва жамият ҳаётини ислоҳ қилишда кўплаб концептуал-назарий ўзгаришлар юз берди. Барча соҳада, айниқса, жамият сиёсий тизимидаги янгиланишлар халқимиз ижтимоий ҳаётини ижобий тарафга ўзгартираётгани билан бирга, халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Ана шу масалаларни халқимизнинг кенг оммаси ижтимоий онгига етказиш, уларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, шубҳасиз, маънавият, маърифат, тарғибот соҳаларининг энг муҳим вазифаларидан бирига айланган. Афсуски, айрим кишилар ижтимоий тармоқлардаги кўнгилочар саҳифаларга маҳлиё бўлиб қолгани, бепарволиги, билими пастлиги оқибатида юртимизда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни таҳлил қилиш, зарур хулосалар чиқариш кўникмасига эга бўлмаяпти. Маънавият бизга эътиқоди суст, ижтимоий жиҳатдан беғам айрим юртдошларимиз маънавий оламини шакллантириш ва уларни аросатда қолиш хавфидан қутқариш учун ҳам керак. Чунки Ватанимиз мустақиллиги, суверенитетининг сақлаб қолиниши, мамлакатнинг тақдири ҳар биримизнинг қўлимизда.

Тил — миллий ўзлик илдизи
Давлатимиз раҳбари ўзбек тилини ўқитиш самарасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Миллий сертификатга эга бўлган ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига келгуси ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланади. Негаки, дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили — халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир. Бу бебаҳо бойлик ўзбек қавмининг она тили сифатида миллатимизнинг миллий-маънавий дунёсини чароғон қилиб турса, давлат тили сифатида кўп миллатли мамлакатимиз фуқаролари қалбига бир давлатга, бир юртга мансублик, бирдамлик туйғуларини жойлайди. Барчани ягона давлат рамзи саналмиш байроқ, герб, мадҳия каби муқаддас тимсоллар сингари бир юртнинг садоқатли фарзандлари ўлароқ бирлаштиради.

Шу маънода, ўзбек тили Ўзбекистонда фақат бир эмас, балки икки ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маърифий вазифани бажармоқда, залварли ва муаззам вазифаларни елкасига ортмоқлаган ҳолда такомил йўлларидан жадал одимлаётир.

Эндиликда бошқа тилларда таълим олган ҳамюртларимизни давлат тилини ўрганишга рағбатлантириш бўйича ҳам алоҳида механизмлар жорий этилади. Хусусан, улар бу борада махсус сертификатга эга бўлса, ўқиш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади.

Бундан ташқари, ўзбек тилидан бошқа тилларга ихтисослаштирилган мактабларда давлат тилини ўқитиш соатлари кўпайтирилади. Ўзбек тили бўйича ҳам халқаро фан олимпиадасини ўтказамиз. Олимпиаданинг ғолиб ва совриндорлари мамлакатимиз олийгоҳларининг ўзбек филологияси йўналиши бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

Асрлар давомида инсоният эгаллаган билимларнинг қаймоғи бўлган китоблар инсон шахсини шакллантиришда беназир манбадир. Бадиий асарлар ўқувчига бадиий завқ бағишлаши билан бирга, унинг онгу қалбини бойитади, руҳини юксалтиради.

Шу боис юртимизда халқимизнинг мутолаа маданиятини кучайтиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар кўриляпти. Йиғилишда айтилганидек, бу борадаги ишлар изчил давом эттирилади. Келгуси йилдан миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини кўп минг нусхаларда чоп қилиш ва кутубхоналарга етказиб бериш чоралари кўрилади. Ижодий буюртмалар, муаллиф ва таржимонларга қалам ҳақи кўпайтирилади. Нашриёт ва матбаа корхоналарининг молиявий имкониятларини кенгайтириш мақсадида 5 йилга солиқлардан озод этилади. Таржима санъатини ривожлантириш, меҳнатни муносиб рағбатлантириш учун Огаҳий номидаги халқаро мукофот таъсис қилинади. Бу — халқимиз маънавиятини юксалтириш йўлида бошланаётган янги давр, десак, янглишмаган бўламиз.

Хуллас, бизнинг дунё ҳавасини келтирадиган буюк тарихимиз, улуғ аждодларимиз бор. Она тупроғимиз бағридаги бойликлар беқиёс. Насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк маънавиятимиз, адабиётимиз ва санъатимиз ҳам, албатта, бўлади. Маънавий-маърифий соҳада Президентимиз белгилаб берган вазифалар ижроси бизни ана шу мақсадларга етаклайди.

Бунинг учун бугунги глобаллашган замонда ҳар бир юртдошимиз атрофга теран назар ташлаб, бу улуғ ниятларнинг амалга ошиши, жонажон Ватанимиз равнақи ва истиқболи йўлида янада фидокорлик, жонкуярлик намуналарини кўрсатмоғи керак.

Дунёга назар сол…
Талотўп аро
Дам кулга дўнмоқда, дам ёнмоқда у.
Кунлари тунларга айланиб қаро
Оғриқлар ичида тўлғонмоқда у...

Замондош! 
Ўйлаб боқ!
Ахир бор нажот —
Гар билмоқ истасанг, бир зум кўз ташла.
Қизингга дарс берсин номусу сабот,
Ўғлингни эзгулик, илмга бошла.

Унутма!
Бугундан гўзал сабоқ ол,
Аслида равонмас, паст-баланд ҳаёт,
Яхшиликка йўлдош қалбга қулоқ сол,
Нажот кўнглингдадир, кўнглингда нажот!
Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?