Янги Ўзбекистонга улкан ғалабалар ярашади — Шавкат Мирзиёев
Хабар берганимиздек, Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Париж Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашуви бўлиб ўтмоқда.
Учрашувда Олимпиада ўйинларида юртимиз вакиллари бир қатор рекорд натижаларни қўлга киритгани қайд этилди.
Масалан, дзюдо бўйича бизда илгари олтин медаль бўлмаган эди. Бу сафар матонатли дзюдочи қизимиз Диёра Келдиёрова томонидан ушбу марра забт этилди.
Олимпия ўйинлари тарихида ўзбекистонлик аёллар ўртасида биринчи марта олтин медални қўлга киритди. Шу тариқа Диёра яна бир рекорд ўрнатди.
Яна бир жасур қизимиз – Светлана Осипова эса, таэквондо бўйича биринчи кумуш медални эгаллаб, мамлакатимиз аёллар спорти тарихида янги саҳифа очди.
Шу тариқа спортчи қизларимиз битта Олимпиадада илк бор 2 та медални қўлга киритиб, янги рекорд ўрнатишга эришдилар.
Ўзбекистон таэквондо бўйича биринчи марта Олимпия ўйинларида 2 та медални қўлга киритди.
Айниқса, моҳир спортчимиз Улуғбек Рашитов Олимпия ҳаракати солномасида таэквондо бўйича энг ёш тоифада икки карра Олимпия чемпиони бўлди.
Шу пайтгача дунёда фақат 4 нафар спортчи шундай юксак шарафга сазовор бўлган эди. Улуғбек эса бешинчи бўлиб, уларнинг сафидан муносиб ва мустаҳкам жой эгаллади.
У оёғидан қаттиқ жароҳат олганига қарамай, шиддатли финал жангида кучли рақибга қарши мардона жанг қилиб, ғолиб қаҳрамонга айланди.
Бокс бўйича миллий терма жамоамиз олтин медаллар сони бўйича мамлакатимиз тарихида Олимпия ўйинлари рекордини янгилади ва умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.
Эркаклар ўртасида еттита олтин медалнинг бештасини ёки 71 фоизини бизнинг боксчиларимиз қўлга киритдилар.
Фурсатдан фойдаланиб, Президентимиз Ўзбекистон ифтихорлари – моҳир боксчиларимиз Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Лазизбек Муллажонов, Абдумалик Халоқовни ана шундай шонли ютуқлари билан яна бир бор қизғин табриклади.
Эркин кураш бўйича 12 йиллик танаффусдан сўнг яна Олимпиада олтин медали қўлга киритилгани ҳам тарихий ютуқ бўлгани таъкидланди.
Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари моҳир курашчи Разамбек Жамаловни ҳам самимий қутлаб, унга янги зафарлар тилади.
Мамлакатимиз жамоаси эришган ютуқларда кумуш медаль соҳиби – оғир атлетикачи Акбар Жўраев, бронза медаль совриндорлари – эркин курашчи Ғуломжон Абдуллаев, тажрибали дзюдочиларимиз Музаффарбек Тўрабоев, Алишер Юсуповнинг ҳам ҳиссаси катта бўлгани эътироф этилди.
"Бугун ҳаёт, замон кескин шиддат билан ўзгармоқда. Мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, мамлакатимиз барча соҳаларда дадил олдинга бормоқда.
Янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиётига албатта мана шундай улкан ғалабалар ярашади.
Шу маънода, сизлар Парижда эришган натижаларингиз билан ўз номингизни миллий спортимиз тарихига олтин ҳарфлар билан муҳрлаб қўйдингиз.
Сизлар халқимиз қалбидаги миллий ғурур туйғусини ҳар томонлама юксалтирдингиз. Энг муҳими, бундай порлоқ ғалабалар эл-юртимизни руҳлантиради, янада бирлаштиради. Улар ёшларимиз учун мардлик ва матонат, ибрат ва шон-шараф мактаби бўлиб хизмат қилади.
Ҳеч шубҳасиз, бу оламшумул ютуқларда сиз, азиз спортчиларимиз билан бирга талабчан ва фидойи устоз-мураббийлар, мутахассис ва мутасаддилар, сизларга чин дилдан омад тилаб турган бутун халқимизнинг ҳиссаси ҳам беқиёсдир", деди Президент.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг