“Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остидаги фестиваль Янги Наманган туманида 5 минг нафар йигит-қизни эзгу мақсад йўлида бирлаштирди

17:53 09 Июнь 2023 Жамият
580 0

Фото: “Халқ сўзи”

Янги Наманган тумани маркази ва жойларда ташкил этилган “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида ўтказилган фестиваль “Беш ташаббус” ҳаракати доирасидаги тадбир билан бошланди. Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича маданият, санъат, жисмоний тарбия, спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш мақсади кўзланган суҳбат, учрашув ҳамда кўргазмаларда иштирокчилар ўзларининг истеъдодларини намойиш этдилар.

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази туман бўлими томонидан ташкил этилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўзига мос юмуш қидириб юрган йигит-қизлар учун танлов майдони бўлди. Боиси, бу ерга йиғилган корхона ва ташкилотлар ҳамда тадбиркорлар томонидан уч мингдан зиёд бўш иш ўринлари таклиф қилинди. Пировардида, “сариқ тоифа”га кирувчи 456 нафар ёшга ўзига маъқул соҳаларга йўлланмалар берилди.

Сайлда иштирокчилар, хусусан имконияти чекланган йигит-қизлар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилгани кўпчиликка маъқул бўлди. Чунки,   тор доирадаги 10 дан ортиқ шифокорлар ўз саломатлигини назоратдан ўтказишни мақсад қилган ўнлаб ёшларни қабул қилиб, профилактика ва даволаш масаласида амалий ёрдам кўрсатдилар. Айни жараёнда ногиронлиги бор ёшларнинг мурожаати тингланиб, улардан 6 нафарига вилоятдаги тиббиёт муассасаларида даволаниш учун ордер ҳамда ногиронлик аравачаси бериладиган бўлди.

Келажак авлод вакиллари тўпланган давраларга кўпни кўрган отахон ва онахонлар алоҳида файз киритишади. Тадбирда 30 дан ортиқ «10+1» тамойилининг фаол иштирокчиси бўлган оқсоқол ва кайвонилар бу сафар ҳам ҳаётий тажрибалари, ўгитлари билан қатнашишди.

“Ҳоким ва битирувчи ёшлар” мавзусидаги учрашувга тўпланган мактаб битирувчиларининг ҳоким билан дилдан суҳбати ўзига хос мазмун касб этди.   Туман раҳбари уларнинг мустақил ҳаётга йўллашда барча имкониятлар ишга солинишини таъкидлаган бўлса, ўқувчилар ўзларининг келгусидаги режалари, қайси олий ўқув юртига имтиҳон топшириш тўғрисидаги қарорлари, танлаган касблари ҳақида гапиришди.

Таъкидлаш жоиз, якунланаётган ўқув йилида туман бўйича 1503 нафар йигит-қиз мактабни тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўймоқда. Уларнинг 22 нафари олтин, 4 нафари кумуш медаль соҳибига айлангани устозлар меҳнатининг қувончли маҳсулидир.                        

Катта фестиваль даражасига кўтарилган маънавий-маърифий тадбирлар кун оқшомида намойиш этилган бадиий дастур билан ниҳоясига етди. Саҳнага кўтарилган таниқли эстрада хонандалари ва ижрочи ёшларнинг дилрабо куй-қўшиқ ҳамда жозибали рақслари дилларга ўзгача завқ-шавқ бағишлади.

                                                      Юлдуз ЙЎЛДОШEВА, 

Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?