Янги Ўзбекистон дурдонаси гуллар оғушида

Саминжон ҲУСАНОВ/“Халқ сўзи”. Наманган вилоятида 64-Халқаро гуллар фестивали ўз ишини бошлади. Хабарингиз бор, ушбу фестивал республикамиздаги энг йирик ва нуфузли тадбирлардан бири бўлиб, 1961 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Дастлаб маҳаллий гулчилар ва боғбонлар томонидан гуллар кўргазмаси шаклида фаолиятини бошлаган бўлса давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2019 йилда халқаро мақомга эга бўлди. 2024 йилда бўлиб ўтган фестивал доирасида вилоят марказининг ўзига 45 миллион туп гул кўчатлари ўтқазилди. Тадбир иштирокчиларининг сони 6 миллион нафардан ортган эди. Шундан 200 минг нафари хорижлик меҳмонлар эканлиги эътиборли, албатта!
50 га яқин давлатларнинг гўзаллик ва нафосат байрамига айланган ушбу тадбирга бу йил ҳам катта тайёргарлик кўрилди. Наманган шаҳар ободонлаштириш бошқармаси, вилоят гулчиликни ривожлантириш маркази ва 5 минг нафардан ортиқ гулчилар томонидан 100 миллион туп кўчатлар экилди. Улар орқали яратилган мингга яқин гуллар композицияси шаҳар ҳуснига зеб бермоқда.
Янги Ўзбекистон дурдонаси бўлмиш Наманган шаҳридаги З. М. Бобур номли маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтган очилиш маросимида жамоатчилик вакиллари билан бир қаторда АҚШ, Франция, Ҳиндистон, Япония, Туркия, Чехия, Эрон каби 40 га яқин давлатлардан ташриф буюрган вакиллар иштирок этдилар. Унда сўз олган вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов меҳмонларни қутлар экан, фестивал доирасида бўлиб ўтадиган тадбирлар, сайёҳлар учун яратилган шароитлар ҳақида фикр юритди.
-Нафосат ва гўзаллик айёмига айланган ушбу фестивал нафақат ўзининг кўлами, балки, мазмун-моҳияти, бирдамлик, аҳилликка чорловчи ва қалбларга завқ бағишлайдиган, ранг-баранг тадбирлари билан ҳам ҳар йилгидан алоҳида ажралиб туради, - дейди вилоят ҳокими ўз сўзида. — Бу галги гуллар байрами доирасида 150 дан ортиқ халқаро, республика ва маҳаллий миқёсдаги форумлар, маданий-маърифий тадбирлар, оммавий спорт мусобақалари ташкил этилади. Бобур боғи, «Афсоналар водийси» тематик парки ва 45 гектар майдонда барпо этилган «Янги Ўзбекистон» боғида безатилган гуллар композициялари меҳмонлар ва сайёҳларга манзур бўлади, деган умиддамиз.
Айтиш жоиз, ушбу тадбир нафақат, сайёҳлик салоҳиятини ривожлантиришга, балки ҳудуд иқтисодиётини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда. Мисол учун, ўтган йили тадбир давомида умумий савдо ва хизматлар айланмаси қарийб 4,6 триллион сўмни ташкил этган бўлса, бу йил ушбу кўрсаткич 8 триллион сўмга етиши кўзда тутилган.
Республикамизнинг таниқли санъаткорлари иштирокидаги концерт дастури байрамга завқ бағишлади. Шунингдек, бошқа маданий-маърифий тадбирлар меҳмонларнинг кўнгилли дам олишларига хизмат қилди. Водий дарвозаси ҳисобланмиш халқаро аэропортдан то Бобур боғига қадар давом этган автомобиллар паради эса ўтмиш ва бугунги кун учун қурилган кўприкдек таассурот уйғотди. Боиси, унда 450 та 1960-1970 йилларда ишлаб чиқарилган ретро автомашиналар билан бир қаторда замонавий транспорт воситалари иштирок этди. Гуллар билан безатилган бу техник воситалар нафақат, автомобил, балки 100 турдан зиёд гуллар намойишига айланди, десак муболаға бўлмайди.
-Наманган шаҳрида шу йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган «Avto tuning» фестивалини ижтимоий тармоқ орқали кузатгач, ушбу манзил ҳақида кўпроқ маълумот олишга ҳаракат қилдим, - дейди туркиялик тадбир иштирокчиси Сердар Йилмаз. - Шунда гуллар байрами доирасида автотранспортлар паради бўлиб ўтишини билиб олдим. Ушбу тадбирда иштирок этиш учун ўз мотоциклимда 8 минг километр йўлни босиб ўтдим. Бугун ҳаётимдаги унутилмас воқеа. Гуллар фестивали нафақат, нафосат байрами, балки халқлар ўртасидаги дўстлик, қардошлик ришталарини мустаҳкамловчи восита ҳамдир.
Қозоғистон Республикасидан ташриф буюрган Роза Есимханова мамлакатимизда илк бор бўлиши. У бу қадар кўп гулларни ҳаётида биринчи марта кўриши эканлигини айтди.
- Умрим давомида ўндан зиёд давлатларга сафар уюштирган бўлсам, бу қадар кўп гулларни ҳеч қаерда кўрмаганман,-дейди у. - Билишимча, Наманган вилояти гул етиштириш бўйича дунёда Голландиядан кейинги иккинчи ўринда туради. Буни чор тарафимда қийғос очилиб турган гуллардан ҳам билиш мумкин. Улар орқали яратилган композициялар жонли гиламга ўхшайди худди. Бундайини фақат эртакларда кўриш мумкин. Эътиборимни тортган жиҳат шундаки, Наманганда дунёнинг энг сара гуллари маҳаллий шароитга мослаштирилган экан. Фестивал ҳақида гапирадиган бўлсам, юқори даражада тайёргарлик кўрилган. Меҳмонлар учун барча шароитлар мужассам. Сайёҳлар учун алоҳида тур пакетлар ташкил этилган экан. Менинг эътиборимни Поп туманида бўлиб ўтадиган лаванда сайли ва Чуст шаҳридаги палов танлови кўпроқ жалб этмоқда. Шунингдек, Ахсикентни ҳам зиёрат қилиш ниятидаман.
Дарвоқе, фестивал доирасида вилоятнинг Поп, Янгиқўрғон, Чуст, Косонсой, Чортоқ каби туманларида ҳам турли тадбирлар бўлиб ўтади. Уларда 6,5 миллион маҳаллий сайёҳлар ва 750 минг нафар хорижлик меҳмонлар иштирок этиши кўзда тутилган. Бир сўз билан айтганда, Наманган вилояти гуллар ва гулга ошуфта кўнгиллар оғушида.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг