Янги лойиҳалар – аҳоли фаровонлиги учун

14:15 28 Январь 2026 Жамият
170 0

Сурхондарё вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Ангор туманида ҳам қатор муҳим тадбиркорлик ва ижтимоий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Жумладан, тумандаги “Янгиобод” маҳалласида замонавий савдо нуқталари барпо этилмоқда. Шунингдек, “Юқори Хўжақия” маҳалласида темирчилик мактабини кенгайтириш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар маҳаллий тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит яратиш, ёшларни ҳунар ўрганишга жалб этиш ва янги иш ўринларини ташкил этишга хизмат қилади.

— Янги савдо нуқталари ишга тушса, ҳам аҳолига қулай бўлади, ҳам биз тадбиркорлар учун имкониятлар кенгаяди, — дейди “Янгиобод” маҳалласида фаолият юритаётган тадбиркор Фарҳод Аҳмедов. — Энг муҳими, ёшлар иш билан таъминланади, ўз маҳалласида меҳнат қилиб, даромад топиш имконига эга бўлади.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари эътибор марказида. Хусусан, туманда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ишлари олиб борилмоқда. Бу эса ҳосилдорликни ошириш, шу билан бирга, сув танқислиги шароитида деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолиятини барқарор юритиш имконини яратмоқда.

Умуман олганда, Ангор туманида амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, ёшлар бандлигини таъминлаш ҳамда ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожига кучли туртки бериши билан аҳамиятлидир.

Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер