Янги кутубхонанинг очилиш маросими
Ургут туманидаги Деҳқонобод маҳалласида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, таниқли адиб ва журналист, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдусаид Кўчимов кутубхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари, пойтахтдан ташриф буюрган ёзувчи, шоир ва журналистлар, Самарқанд вилояти ва Ургут тумани ҳокимликлари масъуллари, тумандаги умумтаълим мактаблари ўқитувчилари, ўқувчилар ва Деҳқонобод маҳалласи фаоллари иштирок этди.


Янги зиё масканининг очилиш маросимида сўзга чиққанлар қайд этганидек, юртимизда сўнгги йилларда халқимизнинг китобхонлик маданиятини ошириш, китоб мутолаасига қизиқишини кучайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз “Керак бўлса, машина бериб бўлса ҳам халқимизни китоб ўқишга ўргатамиз”, деган гаплари бугун ҳаётда ўз ифодасини топиб, китобхонлик бўйича “Ёш китобхон”, “Китобхон оила”, “Китобхон маҳалла” сингари оммавий танловлар ўтказилмоқда ва бу танловлар ғолибларига Президент совғаси сифатида автомашина берилаётганига барчамиз гувоҳмиз.

Деҳқонобод маҳалласида Абдусаид Кўчимов ташаббуси билан Ургут тумани ҳокимлиги кўмагида мазкур кутубхонанинг ташкил этилиши ҳам Президентимизнинг китобхонликка эътибори самараси бўлди, десак, хато қилмаган бўламиз.

Шу ўринда айтиш керакки, Абдусаид Кўчимов кутубхонаси бежиз Деҳқонобод маҳалласида ташкил этилгани йўқ. Чунки, адиб айнан Ургут туманидаги ушбу маҳаллада туғилган. Болалик ва ёшлик чоғларининг унутилмас онлари, беғубор хотиралари шу маҳалла билан боғлиқ.
— Абдусаид Кўчимов нафақат қалами ўткир журналист ва адиб, балки қалбида юрти, халқи, айниқса, ёшлар тақдири учун қайғурадиган чин маънавият фидойиси, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов. — Мана, бугун ижодкорнинг ўзи туғилиб ўсган қишлоғида унинг ташаббуси билан ташкил этилган кутубхона фикримизнинг тасдиғидир. Бу масканда маърифатнинг руҳи, устоз сўзининг нафаси ва ибрати бор. Ёшлар бу ерга фақат китоб ўқиш учун эмас, балки ўз устида ишлаш, ҳаётда тўғри йўл топиш учун ҳам келади. Ишонаманки, бу кутубхона Деҳқонобод маҳалласида янги маънавий муҳит, янги илҳом ва янгича фикрлашни шакллантиради.

Тадбирда таниқли ёзувчи ва шоирлар сўзга чиқиб, адиб ҳаёти ва ижоди, ўзи туғилиб ўсган маҳаллада ташкил этган кутубхона ҳақида илиқ фикрларини билдирди.
— Мамлакатимизда “Мактабимга китоб совға қиламан” сингари акциялар доирасида мактаб кутубхоналари фонди минглаб бадиий адабиётлар билан бойиб бормоқда. Бу албатта каттаю кичик барчанинг китобга бўлган меҳрини ошириб, уларнинг бадиий адабиётларга бўлган эҳтиёжини қондиришига хизмат қиляпти, — дейди педагогика фанлари доктори, профессор, адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев. — Таниқли адибимиз Абдусаид Кўчимов ўз кутубхонасини ташкил этиш орқали бу йўналишда янги анъанани бошлаб берди, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Аминманки, мазкур кутубхона ҳудудда ёшлар ва аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб этишга ва бу ердан кўплаб зиёлиларнинг етишиб чиқишига хизмат қилади.


Адибнинг кутубхонасида 10 мингдан ортиқ турли жанрдаги китоблар мавжуд. Бундан ташқари, иккита хонада 20 дан зиёд компьютерларни жамлаган электрон кутубхона ҳам ташкил этилган бўлиб, у тўғридан-тўғри Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига уланган. Ушбу замонавий ахборот технологиялари орқали китобхонлар ўзи хоҳлаган барча адабиётлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлишади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг