Янги корхона иш бошлади

13:57 04 Сентябр 2025 Жамият
84 0

Самарқанд туманида базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқариш корхонаси фойдаланишга топширилди. Умумий қиймати 25 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида 70 та янги иш ўрни яратилди.

Ҳозирги кунда бутун дунёда бино ва иншоотлар инновацион, янги турдаги қурилиш материалларини қўллаш орқали сифатли, ҳар томонлама қулай, энергия тежамкор тарзда бунёд этилмоқда. Юртимизда ҳам базальт тоши ва шиша момиғидан иссиқлик сақловчи, энергия тежовчи материаллар сифатида фойдаланилади.

Корхонанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев ҳамда туман жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

— Бугун Самарқанд туманида янги очилган корхона ҳам барпо этилаётган бино ва иншоотларнинг иссиқлик сақловчи материалларга бўлган талабни қондиришда муҳим аҳамият касб этади, — деди вилоят раҳбари.

Тадбир иштирокчилари корхонадаги замонавий ускуналар, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан танишди. Корхона тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларига ҳам иссиқлик сақловчи қурилиш материалларини экспорт қилиш режалаштирилмоқда.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?