Янги кўприк манзилларни манзилларга туташтирди

14:03 18 Февраль 2026 Жамият
183 0

Сўнгги саккиз йил давомида Қашқадарё вилоятида фақат давлат бюджети ва халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан 120 дан ортиқ кўприклар қурилди, эскилари таъмирланди. Натижада бир неча юз минглаб аҳолининг мушкули осон бўлди, бир неча юзлаб қишлоқлар, маҳаллалар ўртасидаги масофалар қисқарди.

Тегишли инвестиция дастури асосида Шаҳрисабз туманидан оқиб ўтувчи Танҳоз дарёси устига 4 миллиард 151 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилиб, фойдаланишга топширилган 96 метр узунликдаги янги кўприк ҳам ҳудуддаги Навбаҳор, Истиқбол, Хонтепа, Танҳоз ва Ўртақўрғон маҳаллалари аҳолиси учун катта қулайлик яратди.

Шу боис ҳам замонавий кўприкнинг фойдаланишга топширилиши ҳудуд аҳли учун ҳақиқий шодиёнага айланиб кетди.

  • Аввал қўшни маҳалларга ўтиб қайтиш, туман марказига бориш учун турли айланма йўллар орқали юришга мажбур бўлардик, — дейди Навбаҳор маҳалласида яшовчи Нодир Ашуров. – Айниқса, фарзандларимизнинг мактабга қатнашида хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган, қўлбола усулда қурилган кўприклардан ўтиб қайтиши биз учун доимо хавотирли эди. Янги кўприк мушкулларимизни осон қилиш билан бирга, кўнглимиздаги хавотирларни ҳам аритди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?