Янги йилни кончилар ва металлурглар шоду хуррамлик билан тантана қилмоқдалар
Фото: “Халқ сўзи”
“Навоий кон металлургия комбинати” акциядорлик жамияти, “Навоий уран” давлат корхонаси, “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси гарчи алоҳида фаолият олиб борсада, байраму тантаналар, қувончу шодликлари ҳамкорликда, ҳамжиҳатликда нишонланади. Чунки улар ягона касаба уюшмага бирлашган.
— Мамлакатимиз раҳбарининг “Аввал — инсон, кейин — жамият ва давлат”, деган ташаббуслари асосида корхонамизнинг ижтимоий ҳимоя сиёсати сўнгги йилларда янгича мазмун ва ёндашувлар билан бойиди, — дейди НКМК ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши раиси Исроил Раҳматов. — Эзгу анъаналарни давом эттирган ҳолда жамоамиз ҳар бир байрамда юртдошларимиз қувончига қувонч қўшишни ўзининг чин инсоний бурчи, деб ҳисоблайди. Чунончи, янги йил байрами арафасида комбинат маъмурияти, касаба уюшмаси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати фахрийлари кенгаши Навоий филиали билан ҳамкорликда қарийб икки минг нафар меҳнат фахрийларининг хонадонларида бўлишиб, совға-салом, эҳтиёжмандларга эшитиш мосламаси ва ногиронлик аравачалари топширишди. Шунингдек, касаба уюшма Кенгашининг “Бирдамлик” фондидан 102 нафар ёрдамга муҳтож комбинат ишчи-ходимлари ва кексалик гаштини сураётган пенционерларга 228 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Таъкидлаш жоиз, Янги йил болажонлар орзиқиб кутадиган байрам. Шу муносабат билан, комбинат томонидан жорий йилда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ, “Навоийуран” давлат корхонаси ҳамда “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси ишчи-ходимларининг фарзандлари учун 46 мингдан ортиқ байрам совғалари тўплами тайёрланиб, жажжи қалбларга байрам кайфияти улашилди.

Комбинатнинг меҳр-мурувват ва ҳомийлик ҳамда хайрия тадбирларидан у фаолият юритаётган ҳудудлардаги муассасалар тарбияланувчилари ва талабалар ҳам четда эмас. Хусусан, айни байрам шукуҳи кезиб юрган шу кунларда вилоятдаги мактаб-интернатлари тарбияланувчилари, кам таъминланган оилалар, кўзи ожизлар, заиф эшитувчилар жамиятларига 2,4 мингта Янги йил совғалари етказилди.

— Комбинат бирор-бир байрамда болажонларимизни эътиборсиз қолдирмайди, — дейди Қизилтепа туманидаги 36-ихтисослаштирилган мактаб-интернат директори Отабек Тилавов. — Меҳрга муҳтож жажжиларимиздан кўнгил сўраб, бугунги тадбирда ҳам тарбияланувчиларимизга совғалар улашгани ҳар бирининг қалбига чексиз қувонч бағишлади.
Янги йил байрами муносабати билан болажонларни театрлаштирилган байрам томошаларга таклиф этиш комбинатда анъанага айланган. Бу йил ҳам Навоий шаҳридаги “Сўғдиёна” жисмоний тарбия ва спорт мажмуаси ҳамда Зарафшон, Учқудуқ, Нуробод шаҳри, Заркент, Зафаробод қўрғонлари, Маржонбулоқ шаҳарчасида кон ва металлургия соҳасида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар, шунингдек, ушбу ҳудудларда яшовчи аҳолининг 50 минг нафардан зиёд фарзандлари Қорбобо ва Қорқиз ҳамроҳлигида байрамона тантаналарда иштирок этишди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг