Янги ижодий уфқлар сари рағбат
Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»
Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида “Олтин қалам” ХVIII Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг ғолиб ва совриндорлари тантанали тақдирланди.
Муҳташам сарой фойесида тақдирлаш маросими иштирокчилари ва меҳмонлари, устоз журналистлар, соҳа фидойилари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, талабалар, халқаро ташкилотлар ва элчихоналарнинг вакиллари, қатор хорижий давлатлардаги медиа уюшмаларининг мутасаддилари кутиб олинди. Камер оркестр ижросида куй-қўшиқлар янгради, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва китоблар кўргазмаси ташкил этилди. ОАВ ходимлари учун пресс-холл фаолияти ҳам йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан анъанавий тарзда ўтказилаётган ушбу танлов ўтган йилдан бошлаб янгича низом асосида ташкил этилмоқда. Президентимизнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўляпти.
Тадбирда мамлакатимизда сўз эркинлиги ва журналистика ривожига эътиборнинг ёрқин ифодаси сифатида “Олтин қалам” Миллий мукофоти ҳам мазмун ва кўлам жиҳатидан йилдан-йилга бойитиб борилаётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарорига мувофиқ, танлов ғолибларини рағбатлантириш кўлами ҳам янада кенгайди. Жумладан, бош миллий мукофот учун автомобиль тақдим қилинмоқда.
Шунингдек, биринчи ўрин соҳиби базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари, иккинчи ўринни олган базавий ҳисоблаш миқдорининг 175 баравари, учинчи ўрин эгаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланяпти.
Рағбатлантирувчи номинациялар сони ва уларга бериладиган пул мукофотлари ҳам ошган. Хусусан, 12 та рағбатлантирувчи номинациянинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти ажратиляпти.
Ижодий ишларни саралашда ҳам очиқлик ва шаффофликка эътиборнинг кучайгани мукофотнинг нуфузини, оммабоплигини янада юксалтирмоқда.
Бундай эътиборга мос равишда танловда қатнашувчилар сони ҳам йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Бу йилги танловга телевидение йўналишида мамлакатимиздаги давлат ва нодавлат телеканалларида фаолият олиб бораётган 98 нафар журналист ўз материалларини тақдим этган бўлса, радио йўналишида 26 нафар, босма ОАВ йўналишида эса энг кўп — 178 нафар, интернет нашрлари йўналиши бўйича 75 нафар, “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинациясида ҳам ҳар йилгидан кўп — 40 дан ортиқ давлатдан 100 нафарга яқин журналист қатнашган.
Бу йилги танловнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, одатда ҳар йили жамоавий қатнашувчи таҳририятлар сони беш-ўнта бўларди. Жорий йилда олдинги йилларга нисбатан жамоавий иштирок этувчилар сони уч баробар ошган, яъни 40 тага яқин таҳририят танловга ижодий ишларини тақдим этган.
Халқаро танловда “Публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун” йўналиши 12 та номинациядан бири сифатида белгиланган. Ушбу номинация бўйича 22 нафар журналист
Танловга тақдим этилган ишлар ҳайъат аъзолари томонидан бугунги кун талаблари — юксак профессионализм, журналистнинг фуқаролик позицияси, танқидий-таҳлилий мушоҳада, сўзга масъулият ва ифода маҳорати, ижодий фаолиятга янгича ёндашув мезонлари асосида кўриб чиқилди.
Тантанали тадбирда телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлар йўналиши, барча номинациялар бўйича ғолибларга махсус статуэтка, пул мукофоти ва дипломлар тантанали топширилди.
— Ғолиблар қаторида эканимдан бағоят хурсандман, — дейди танловнинг босма нашрлар йўналиши бўйича 1-ўрин соҳиби “Жадид” газетаси бўлим мудири Шойим Бўтаев. — Бу мамлакатимиз равнақи, халқимизнинг маънавий камолоти йўлида жонкуярлик билан яшаётган, меҳнат қилаётган, изланаётган киши, албатта, эътироф этилиши, рағбатлантирилишига ишончимни яна бир бор мустаҳкамлади. Узоқ йиллардан буён ижод майдонидаман. Турли матбуот нашрларида хоҳ бадиий асарлар, хоҳ публицистик мақола, хоҳ суҳбат тарзида бўлсин, ижодий ғояларимизни, она тилимизнинг гўзаллигини, беқиёс ифода имкониятларини, фикр-қарашларимизни намоён этиб келяпмизки, мақсадимиз — улар халқимизнинг бадиий дидини ўстиришга, кўнгил кўзини очишга, дунёқарашини бойитишишга, маънавиятини юксалтиришга, юртимизда юз бераётган тарихий ўзгаришлардан хабардорлигини оширишга, уларнинг моҳиятини теран тушунишга хизмат қилсин. Меҳнатларимиз эътирофи бизни янги ижодий довонларни забт этишга ундайди.
Бош миллий мукофотга “UzReport TV” телеканали жамоаси муносиб топилди. Унга енгил автомобиль калити, махсус статуэтка ва диплом тантанали равишда топширилди.
Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги куй-қўшиқлар йиғилганларга хуш кайфият бағишлади.
Биз учун янада қувонарлиси танлов ғолиблари сафида ҳамкасбимиз ҳам бор. “Народное слово” газетаси масъул котиби Нурлан Усмонов босма нашрлар йўналиши бўйича 2-ўринга сазовор бўлди.
Жонкуяр ва талабчан журналистни ушбу муваффақият билан табриклаб, унга янги ижодий марралар сари дадил одимлашда куч-қувват, ғайрат-шижоат тилаймиз.
Дилшод КАРИМОВ
(“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг