Янги иқтисодий парадигма: Инновациялар руҳияти

01:00 09 Январь 2025 Илм-фан
371 0

Бугунги жадал тараққиёт, иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши Ўзбекистоннинг инновацион муҳитини янада кучайтириш заруратини юзага келтирмоқда. Албатта, бунда мутахассис кадрларни тайёрлаш, олий ўқув юртларида инновацион иқтисодиёт бўйича таълим дастурларини кенгайтириш, тадқиқотларни кўпайтириш, жамиятда соҳага оид билимлар, янгиликларни тарғиб қилиш муҳим ўрин тутади.

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Акрам Ҳошимовнинг «Инновацион иқтисодиёт» дарслиги ана шу эзгу мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятли. Китоб бизнес ғоя, ишланма ҳамда инновацияларнинг моҳияти ва хусусиятини тушуниш, уларни таснифлаш, замонавий бизнес моделларини ҳаётга татбиқ этиш, интеллектуал мулк ва уни муҳофаза қилиш, тижоратлаштириш назарияларини, бу борадаги илғор хорижий тажрибаларни кенг китобхонлар оммасига, соҳа талабалари ва тадқиқотчиларига етказишда асқатиши муқаррар.

Янги дарслик ҳақида сўз кетар экан, аввало, кейинги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилган трансформация жараёнларини кўз олдимизга келтириш жоиз. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда изчил ривожланиб бораётган бозор муносабатларини эътиборга олган ҳолда иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли туб ўзгаришларнинг муҳим таркибий қисмига айланди. Бу жараёнга нафақат реал сектор корхоналари, балки янги, илғор технологияларни яратаётган олимлар, конструкторлар, ишлаб чиқаришда меҳнат қилаётган ихтирочи-мутахассислар ҳам бевосита жалб этилмоқда.

«Инновацион иқтисодиёт» дарслиги Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йилида истиқболли инновацион ишланмалар ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар бандлигини рағбатлантириш учун инновациялар ҳамда уларни тижоратлаштиришда, тўртинчи саноат инқилобининг асосий талабларини илмий асосланган тартибда амалга оширишда, қолаверса, «яшил» иқтисодиётга ўтиш учун инновацион сиёсат ва миллий инновацион тизимларни такомиллаштиришда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Китоб олий таълим муассасаларининг иқтисодиёт, менежмент, инноватика бакалавриат таълим йўналиши талабалари, ўқитувчилар, докторантлар, мустақил изланувчилар ва инновациялар иқтисодиёти масалаларига қизиқувчилар учун мўлжалланган бўлиб, амалдаги давлат таълим стандартлари ва малака талаблари асосида тайёрланган. Жараёнда маҳаллий ва хорижий олимларнинг соҳага оид ўқув адабиётлари, илмий материалларидан кенг фойдаланилган. Мавзулар мантиқий кетма-кетликда баён қилинган бўлиб, уларни босқичма-босқич ўзлаштириш асосида талабада инновацияларнинг иқтисодий мазмун-моҳияти, мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантиришдаги ўрни ва аҳамияти тўғрисида етарлича билим ҳамда кўникмалар шаклланади.

Дарслик ўзига хос содда тил ва ўқувчи онгига чуқур сингишга хизмат қилувчи интерфаол услубларга таянади. Жумладан, мавзулар баёнида дастлаб унга доир саволлар ўртага ташланган, кейин қисқача шарҳи берилган. Назарий билимлар ҳаётий мисоллар билан мустаҳкамланган. Мавзу саволлари маҳаллий ва хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда жадвал ва чизмалар ёрдамида батафсил ёритилган. Ҳар бир мавзу сўнгида қисқача хулосалар, олинган билимлар моҳиятини янада ойдинлаштириш учун саволлар, шунингдек, мавзуни ўзлаштириш бўйича тавсия этилаётган адабиётлар рўйхати келтирилган.

Китобда бир-бирини тўлдирувчи мавзулардан сўнг фан бўйича олинган билимларни янада мустаҳкамлаш ва текшириб кўриш учун турли мураккаблик ва кўринишга эга тест саволлари мажмуи келтириб ўтилган. Шу билан бир қаторда, талабанинг иқтисодий луғатини бойитиш мақсадида фанга оид асосий тушунча ва атамалар луғати тавсия қилинган.

Мазкур дарслик баъзи жузъий нуқсонлардан холи бўлмасада, ўқувчининг иқтисодий тафаккурини бойитишга, соҳага оид билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

Инновация — тараққиёт замини. Инновацион фаолиятни ривожлантирган давлатлар технологик етакчиликни қўлга киритибгина қолмай, макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ижобий динамикасига ҳам эришмоқда. Ўзбекистоннинг ҳам инновацион ривожланиш бўйича ўзига хос йўли хорижлик олимлар, соҳа эксперт ва мутахассислари томонидан эътироф этиляпти. Хусусан, Ўзбекистон иқтисодиёти Марказий Осиёда ягона мамлакат сифатида илк марта 2020 йилда машҳур Глобал инновацион индексда 93-ўринни банд қилган эди. 2022 йилда 4 поғона юқорилаб, 132 давлат орасида 82-ўринни эгаллади.

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, жадал иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, 2030 йилгача бўлган муддатда Ўзбекистонни инновацион жиҳатдан тараққий этган кучли элликталик мамлакатлар қаторига олиб чиқиш вазифалари белгиланган. Демак, юксак марралар ҳали олдинда. Бу эса инновацияларга муттасил равишда жиддий ёндашувни талаб қилади.

Шундан келиб чиққан ҳолда «Инновацион иқтисодиёт» китобида инновациялар табиати ўрганилгани, иқтисодиётга таъсири таҳлил қилингани, уни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари кўрсатиб берилгани қўлланманинг қадр-қиммати ва аҳамиятини янада оширади.

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ, академик.

 

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?