Янги фикр, янги ғоя ва муҳим ташаббуслар

15:50 15 Октябр 2025 Жамият
239 0

Дунё кўз ўнгида, БМТ минбарида ўзимизнинг ўзбек тили жаранглаган нутқни эшитиб, рости кўзларимдан тирқираб ёш чиқиб кетди. Онамиз ўргатган ва биз учун қадрдон ўзбек тилимиз юксак минбарда айтилса, ғурурланиб кетаркансан киши. Бу ўз она халқимизнинг неча-неча асрлар бўйи орзу қилган мустақиллигининг амалдаги ифодаси десак, сира хато қилмаган бўламан.

Бўлмаса БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей анжумани сессиясида қанчадан-қанча давлатлар раҳбарлари нутқ сўзламаган дейсиз. Президентимиз ўз нутқида ҳозирги кунда дунёда халқаро институтларнинг ўрни ва роли заифлашаётгани, қарама-қаршилик, низо ва урушлар кучаяётгани, технологик ва ижтимоий тенгсизлик кескин ошаётгани, иқтисодий ва гуманитар инқирозлар ортиб бораётганини айтиб, буларнинг ҳаммаси мутлақо янги, хавотирли геосиёсий воқеликни вужудга келтираётганини кўрсатиб ўтди.

Дунё мамлакатларини бир нуқтада бирлаштириб, маслаҳатлашаётган БМТнинг юксак минбарида Президентимиз айтган фикрлар эътиборсиз қолмади. Яъни етакчимизнинг замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида БМТ Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтиришга чақиргани мамнуният билан қабул қилинди.

Нутқда Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг ҳолда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар жараёнига батафсил урғу берилди. Таъкидланганидек, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсати изчил олиб борилмоқда. Бугун халқимиз юртимиз келажагини Янги Ўзбекистон тимсолида ёрқин ҳис қилишмоқда. Бу батамом янги фикр, янги ғоя ва истиқболи порлоқ Янги Ўзбекистон бўлади. Буни Президентимиз ўз нутқида ҳам таъкидлаб, устувор мақсадимиз – мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини оширишдир” деди.

Нутқда қатор таклифлар ўртага ташланди. Қаранг, педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш таклиф этилгани яхши ташаббус бўлди. Бу орқали Ўзбекистон дунёга машҳур педагогларни кутиб олади, тажриба алмашади, энг қувонарлиси, ўқитувчилар ўртасида ўзаро дўстлик ришталари боғланади.

Яна бир шундай таклиф гендер сиёсати билан боғлиқ бўлиб, давлатимиз раҳбари мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва тадбиркорлик соҳасида хотин-қизларнинг роли бундан буён ҳам мустаҳкамланишини таъкидлади. Шу маънода, кенг минтақамиз миқёсида Осиё хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириб, мунтазам ўтказиб бориш муҳимлиги айтилди. Буям яхши ташаббус. Буям юртимизни дунёга машҳур қилишда, ўзбек хотин-қизларининг оила, жамият ва дунё миқёсидаги ўрни ва ролини оширишда муҳим ҳисобланади.

Улуғ шоиримиз Эркин Воҳидовнинг “Дўст билан обод уйинг, гар бўлса у вайрона ҳам, дўст қадам қўймас экан, вайронадир кошона ҳам“ деб ёзган сатрларининг бугун ҳам оҳори тўкилгани йўқ. Шу маънода айтиш жоизки, Президентимиз ташаббуси билан ришталар деярли узилиб қолган ён қўшнилар билан алоқалар мустаҳкамлангани шоир сатрлари нақадар ҳаётий эканини яна бир бор тасдиқлади. Президентимиз ўз нутқида: «Бундан 8 йил муқаддам биз ушбу юксак минбардан туриб, Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантиришга қатъий қарор қилганимизни эълон қилган эдик. Бугун чуқур мамнуният билан таъкидлаш мумкин: биз бу стратегик мақсадга эришдик. Ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди» деди.

Тўғри-да, бугун ўзбек, қирғиз, тожик, туркман ва қозоқ миллатига мансуб халқларнинг бир-бирига бўлган ҳурмати, эҳтироми ва садоқатини сўз билан ифодалаш қийин. Чунки азалдан бир элу элат, тили, дини, миллати ва урф-одатлари ўхшаш халқларнинг ўзаро дўстлиги бу катта куч ҳисобланади. БМТдаги нутқ чуқур мазмунга эга экани шунда намоён бўлиб турибди. Айтмоқчи, нутқда Бош Ассамблеянинг Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир резолюциясини қабул қилиш ташаббуси ҳам илгари сурилди. Демак минтақадаги дўстлик ва қардошлик БМТ резолюцияларида ҳам ўз аксини топади. Бунда албатта, Юртбошимизнинг таклиф ва ташаббуслари муҳим аҳамият касб этмоқда.

Фазлиддин ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон фермерлари Кенгаши ҳузуридаги Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси мутахассиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?