«Янги-Ангрен» ИЭСдаги бахтсиз ҳодисага нима сабаб бўлди? «Халқ сўзи» вазиятни жойига бориб ўрганишга ҳаракат қилди. Аммо...

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Энергетика ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмий баёнотига кўра, шу йилнинг 20 январь куни тахминан соат 11:42да «Янги-Ангрен» иссиқлик электр станциясининг профилактика чораларини кўриш учун тўхтатилган 5-энергия блокида чанг-кўмирли ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлди. Бунинг оқибатида ёнғин келиб чиқди.
Баёнотда таъкидланишича, жорий йил 19 январь куни ИЭСнинг 5-сон энергоблоки қозон агрегатидаги нуқсон туфайли таъмирга чиқарилган. Юз берган вазият олдидан электр станция 560 МВт қувват билан ишлаган. 4 та энергоблок ишда, битта энергоблок эса захирада бўлган.

Воқеа содир бўлган куни «Востокэнерготеплоизоляция» АЖ ҳамда «Энергоқозонтозалаш» МЧЖнинг таъмирлаш ишларини бажарадиган пудрат ташкилотлари ишни хавфсиз бажариш учун йўриқнома ўтказилиб ишга қўйилганлиги қайд этилган. Энергоблок қозон агрегатида таъмир ишларини бажариш вақтида кўмир-кукуни ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлиши оқибатида «Востокэнерготеплоизоляция» АЖнинг 3 нафар ходими олган жароҳатлар натижасида вафот этган, «Энергоқозонтозалаш» МЧЖнинг 3 нафар ходими эса турли даражадаги куйиш жароҳатлари олган. Айни пайтда улар шифохонада шифокорлар назорати остида, уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланяпти.

Кеча мазкур ҳолатга янада аниқлик киритиш ва ўрганиш мақсадида «Янги-Ангрен» ИЭС раҳбари қабулхонасига қўнғироқ қилдик, аммо у билан боғланолмадик. ИЭС Касаба уюшмаси раҳбари Бахтиёр Нажимов эса корхонага киришимиз мутлақо мумкин эмаслигини тушунтирди. Ноилож смена навбатчилигидан қайтаётган ишчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг фикрларини тинглаш билан чекландик.

Суҳбатдошларимизнинг маълум қилишларича, корхона ишчиларининг ижтимоий муҳофазаси раҳбарият эътиборидан четда қолмоқда. Техник хавфсизлик талаблари бузиляпти. Меҳнат муҳофазаси яхши йўлга қўйилмаган. Мавжуд ички тартиб-интизом меъёрларига ҳам деярли аҳамият берилмайди.


Ишчиларнинг таъкидлашича, корхонадаги ишлаб чиқариш воситалари ўз хизмат вазифасини ўтаб бўлган. Мавжуд таъмирлаш жараёнларида эҳтиёт қисмлар етишмайди. Корхона мўриларига атроф-муҳитни зарарсизлантириш учун ўрнатилган ҳаво фильтрлари ҳам рисоладагидек эмас. Ишчи-хизматчиларнинг қайд этишича, кейинги бир йил ичида бир неча маротаба содир этилган ёнғин натижасида жиддий оқибатлар юзага келган.

Содир бўлган бахтсиз воқеа тезкорлик билан ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилади, деган умиддамиз.


Шодиёр МУТАҲАРОВ («Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг