Ялтадан Аляскагача 80 йил ёхуд Вашингтон ва Москва ўртасидаги энг муҳим 5 учрашув

18:22 18 Август 2025 Дунё
221 0

ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб жаҳон сиёсати асосан икки йирик давлат – Америка Қўшма Штатлари ва Совет Иттифоқи ўртасидаги қарама-қаршилик ва ҳамкорлик динамикаси билан белгиланиб келди. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги глобал тартибот, совуқ уруш йиллари ҳамда ундан кейинги даврда уларнинг ҳар бир қадами ва қарори нафақат ўз миллий манфаатларига, балки бутун инсоният тақдирига ҳам бевосита таъсир кўрсатди. Мулоқотларда кўпинча ядровий хавфсизлик, уруш ва тинчлик масалалари, геосиёсий мувозанат ҳамда халқаро ҳуқуқий тартибнинг шаклланишида ҳал қилувчи роль ўйнади. Шунинг учун ҳам АҚШ ва Совет Иттифоқи (кейинчалик Россия) раҳбарлари ўртасидаги учрашувлар тарихий бурилиш нуқталари сифатида айтилади.

Қуйида сўнгги саксон йил давомида бўлиб ўтган энг муҳим беш учрашувни кўриб чиқамиз. Улар:

Ялта конференцияси;

Рейкявик учрашуви;

Мальта саммити;

Женева учрашуви;

Аляска саммити.

Уларнинг ҳар бири глобал сиёсатда қандай аҳамият касб этди? Мулоқотлардан кутилган натижаларга эришилдими? Таҳлилларимиз шулар хусусида...

Ялта конференцияси (1945, Рузвельт – Черчилл – Сталин)

1945 йил февраль ойида Қрим яриморолидаги Ливадия саройида ташкил этилган Ялта конференцияси Иккинчи жаҳон урушининг якуний босқичида ўтказилган энг муҳим сиёсий учрашувлардан бири бўлди. Унда уч асосий иттифоқчи давлат раҳбарлари – Франклин Рузвелт (АҚШ президенти), Уинстон Черчилл (Буюк Британия бош вазири) ва Иосиф Сталин (СССР раҳбари) иштирок этди. Конференциянинг асосий мақсади Европада урушдан кейинги сиёсий тартибни белгилаш, Германиянинг тақдири ва келажакдаги халқаро хавфсизлик тизимини шакллантириш масалаларини ҳал қилиш эди. Конференцияда бир неча тарихий қарорлар қабул қилинди. Энг муҳимларидан бири Германияни урушдан кейин тўрт оккупация зонасига бўлиш қарори бўлди – АҚШ, Буюк Британия ва СССРга тегишли ҳудудлардан ташқари, кейинчалик Франция ҳам алоҳида ҳудуд сифатида қўшилди. Бу қарор Германиянинг ҳарбий салоҳиятини буткул йўқ қилиш ва уни Европага хавф туғдирмайдиган давлат сифатида қайта ташкил этиш ниятидан келиб чиққан эди. Шу билан бирга, Германия пойтахти Берлин ҳам айнан шу тамойил асосида тўрт секторли бўлиб тақсимланди.

Яна бир муҳим масала – Бирлашган Миллатлар Ташкилотини (БМТ) тузиш борасида келишув бўлди. Ялта конференцияси БМТнинг халқаро хавфсизлик тизимидаги ўрнини белгилаб берди ҳамда Хавфсизлик Кенгашида беш доимий аъзонинг (АҚШ, Буюк Британия, СССР, Франция ва Хитой) вето ҳуқуқи асосида фаолият юритиши бўйича қарор қабул қилинди. Бу тамойил кейинги ўнлаб йиллар давомида глобал сиёсатнинг асосий механизмларидан бирига айланди.

Рейкявик учрашуви (1986, Рейган – Горбачёв)

1986 йил 11–12 октабр кунлари Исландиянинг Рейкявик шаҳрида АҚШ президенти Роналд Рейган ва Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Бош котиби Михаил Горбачёв ўртасида бўлиб ўтган учрашув Совуқ уруш тарихидаги энг драматик ва кескин дипломатик воқеалардан бири бўлди. У расмий дастур доирасида эмас, балки тезкор ташаббус сифатида ўтказилган бўлса-да, унинг оқибатлари бутун дунё геосиёсатига таъсир кўрсатди.

Учрашувнинг марказий мавзуси ядро қуролсизланиши эди. Горбачёв ҳам, Рейган ҳам ядровий қуролларнинг инсоният учун таҳдидини тан олиб, кескин чоралар кўриш зарурлиги ҳақида гапирди. Музокараларда ҳатто ядровий арсенални бутунлай йўқ қилиш эҳтимоли муҳокама қилинди. Бу тарихда илк ва ҳозиргача энг йирик қуролсизланиш ташаббуси сифатида қайд этилади. Бироқ музокараларнинг якуний келишувга эришмаслигига сабаб бўлган асосий масала АҚШнинг Стратегик мудофаа ташаббуси, яъни «Юлдузлар уруши» лойиҳаси бўлди. Горбачёв АҚШдан бу лойиҳани тўхтатишни талаб қилди, Рейган эса уни мудофаа воситаси деб ҳисоблаб, рад этди. Натижада саммит муваффақиятсиз якунланган деб ҳисобланади.

Шунга қарамай, Рейкявик учрашуви дунё жамоатчилигини ларзага солди. Гарчи дарҳол шартнома имзоланишига эришилмаган бўлсада, музокаралар натижаси кейинги йил — 1987 йилда имзоланган Ўрта ва қисқа масофали ядровий ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартнома учун пойдевор бўлди. Бу ҳужжат ядрови й қуролланишни назорат қилиш тарихидаги энг муҳим бурилишлардан бири сифатида эътироф этилади.

Мальта саммити (1989, Буш – Горбачёв)

1989 йилнинг 2-3 декабрь кунлари Мальта оролларида АҚШ президенти Жорж Буш (катта) ва Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Бош котиби Михаил Горбачёв ўртасида тарихий саммит бўлиб ўтди. Бу учрашув шиддатли геосиёсий ўзгаришлар фонида кечди: Шарқий Европада коммунистик режимлар қулаши бошланиб кетган, Берлиндаги девор бузилиб, «темир парда» емирила бошлаган эди. Шу сабабли Мальта саммити жаҳон тарихига «Совуқ уруш тугаганини рамзий эълон қилган учрашув» сифатида кирди.

Саммитда Жорж Буш ва Михаил Горбачёвнинг қарашлари ўзаро фарқ қилса-да, улар умумий мақсад – қарама-қаршиликни тугатиш ва янги даврни бошлаб беришга йўналтирилган эди. Буш Америка ташқи сиёсатини «янги реализм» руҳида олиб бориб, кескин ғалаба тантанаси ўрнига Совет Иттифоқи билан келишувга интилди. У Ғарбнинг Шарқий Европага бевосита босим ўтказмаслигини, балки ўзгаришларни табиий жараён сифатида қабул қилишини таъкидлади. Горбачёв эса «қайта қуриш» ва «ошкоралик» сиёсатини халқаро майдонда ҳам қўллашга ҳаракат қилди, Совет Иттифоқи энди Ғарб билан рақобат эмас, балки ҳамкорлик йўлини танлашини билдирди.

Учрашувда аниқ шартнома имзоланмаган бўлса-да, саммит рамзий маънода улкан аҳамият касб этди. Горбачёвнинг «Биз Совуқ урушни тугатмоқдамиз», деган баёноти дунё бўйлаб кенг тарқалди. Бу сўзлар нафақат икки қудратли давлат ўртасидаги қарама-қаршилик якунига ишора қилди, балки янги халқаро тартибнинг бошланиши сифатида қабул қилинди.

Мальта саммити Шарқий Европадаги сиёсий жараёнларга ҳам кучли таъсир кўрсатди. Польша, Венгрия, собиқ Чехословакия ва Болгария каби давлатларда коммунистик ҳукуматлар ағдарилди, Германиянинг қайта бирлашиш жараёни тезлашди. Бу эса глобал геосиёсатдаги кучлар мувозанатини тубдан ўзгартирди. АҚШ ва Ғарбий Европа давлатлари ўз таъсирини кенгайтирган бўлса, Совет Иттифоқи ички иқтисодий ва сиёсий инқирозлар гирдобида янада заифлашди.

Женева саммити (2021, Байден – Путин)

2021 йил 16 июнда Швейцариянинг Женева шаҳрида Америка Қўшма Штатлари президенти Жо Байден ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида ўтказилган саммит XXI асрнинг энг муҳим дипломатик учрашувларидан бири сифатида тарихда қолди. Бу учрашув АҚШ – Россия муносабатлари кескинлашган, янги «совуқ уруш»га ўхшаш қарама-қаршиликлар кучайган даврда бўлиб ўтди. Байден президентликка келганидан сўнг биринчи йирик икки томонлама саммит сифатида Женевадаги учрашувдан асосий мақсад икки давлат ўртасидаги дипломатик каналларни қайта тиклаш ва глобал хавфсизликка таҳдид солаётган масалаларни муҳокама қилиш эди.

Саммитда биринчи навбатда киберхавфсизлик масалалари кун тартибида турди. АҚШ Россияни давлат идоралари ва инфратузилмага қилинган кенг кўламли киберҳужумларда айблаб келар эди. Байден Путиндан бу ҳужумларни чеклашни ва бундай ҳаракатларга қарши халқаро нормаларни шакллантиришни талаб қилди. Бу масала замонавий дипломатияда янги қарама-қаршилик йўналишини очиб берди.

Шунингдек, қурол назорати ҳам муҳим мавзулардан бири бўлди. Томонлар 2021 йил бошида муддати тугаш арафасида бўлган «New START» шартномасини беш йилга узайтириш тўғрисида келишиб олишди. Бу келишув ядровий қуролланиш назоратини сақлаб қолишга қаратилган энг муҳим ҳужжат сифатида глобал хавфсизлик учун катта аҳамият касб этди.

Саммит давомида дипломатик алоқаларни тиклаш ҳам муҳокама қилинди. Учрашув олдидан Вашингтон ва Москва ўз элчиларини чақириб олган эди. Женевадаги мулоқотдан сўнг икки томон ҳам элчиларни қайта юборишга рози бўлди, бу эса кескинлашиб бораётган муносабатларда муҳим юмшатиш чорасига айланди.

Саммит доирасида Афғонистон уруши натижалари ҳам бевосита тилга олинди. 2021 йилда АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлаган ва бу жараён глобал хавфсизликка таъсир қилувчи омил сифатида муҳокама қилинган эди. Россия минтақадаги беқарорлик ортиши эҳтимоли ва Марказий Осиёга хавфсизлик таҳдидлари ҳақида ўз ташвишларини билдирган. Шу жиҳатдан, Афғонистон масаласи ҳам Женевадаги музокаралар мавзуларидан бири сифатида қайд этилди.

Аляска саммити (2025, Трамп – Путин)

2025 йил 15 август куни Алясканинг Анкоридж шаҳрида бўлиб ўтган Трамп ва Путин учрашуви – Алакка саммити – ХХI аср геосиёсатидаги энг кескин воқеалардан бири сифатида тарихда қолди. Учрашув АҚШнинг Эльмендорф-Ричардсон ҳарбий базасида ташкил этилди ва у нафақат Россия – АҚШ муносабатларида, балки бутун жаҳон хавфсизлик тизимида бурилиш нуқтаси сифатида баҳоланди. Саммитнинг ўтказилиши Путиннинг Ғарб саҳнасига қайтишининг рамзи бўлиб, Трамп эса уни ўзининг ташқи сиёсий муваффақияти сифатида кўрсатишга интилди. Бироқ саммит якунида аниқ келишув эълон қилинмаган бўлсада, у бугунги мураккаб халқаро тартибда янги дипломатик йўналишларни белгилаб берди.

Учрашувнинг марказий мавзуси Украина уруши бўлди. Трампнинг делегацияси Украина учун «НАТО услубидаги хавфсизлик кафолатлари»ни таклиф қилди. Бу кафолатлар ғоя жиҳатидан Ғарб давлатларининг Украинани келгусида кенг кўламли ҳужумлардан ҳимоя қилиш мажбуриятини ўз ичига оларди. Путин эса бунинг эвазига Донетцк ва Луганцк устидан Россия тўлиқ назорат ўрнатишини урушни тугатиш шарти сифатида қўйди. Мазкур талаб, табиийки, Украина президенти Владимир Зеленский томонидан қатъий рад этилди, бироқ Трамп «битимга яқинмиз, аммо бу Украина розилигига боғлиқ» дея баёнот берди. Шундай қилиб, саммитда тинчликка эришилмаган бўлса-да, у урушнинг тугаши учун муросага чақириқ сифатида тарихга кирди.

Аляска саммитида яна бир муҳим жиҳат шундаки, Россия бу учрашувни ички ва ташқи пропагандада дипломатик ғалаба сифатида талқин қилди. Москва сиёсатчилари Путиннинг АҚШдаги илк саммитини Россия халқаро майдонда яна муҳим ўйинчи эканлигининг тасдиғи сифатида кўрсатди. Шу билан бирга, Европа етакчилари Трамп – Путин учрашувида аниқ натижанинг бўлмаганидан хавотир билдириб, Украинага бериладиган ҳар қандай хавфсизлик кафолатлари унинг суверенитетини тўлиқ таъминлаши зарурлигини таъкидладилар. Бу, ўз навбатида, трансатлантик иттифоқ ичида стратегик ёндашувларни муҳокама қилишга сабаб бўлди.

80 йил…

1945 йилдан 2025 йилгача бўлган саксон йиллик тарих давомида АҚШ ва Совет Иттифоқи, кейинчалик Россия раҳбарлари ўртасидаги учрашувлар глобал сиёсатнинг энг муҳим бурилиш нуқталарини белгилаб келди. Ҳар бир учрашув ўз даврида глобал хавфсизлик тизимининг шаклланишига, қуролланиш назорати механизмларига ва дипломатия маданиятининг ривожланишига бевосита таъсир кўрсатди. БМТнинг яратилишидан тортиб, ядровий синовларни тақиқлаш, Совуқ урушнинг тугаши ва XXI асрдаги янги хавфсизлик концепцияларигача бўлган жараёнларнинг барчасида АҚШ – СССР/Россия учрашувлари марказий роль ўйнади.

Бугунги кун учун энг муҳим сабоқ шуки, катта давлатлар ўзаро мулоқотларда иштирок этмаса, дунё беқарорлик сари кетади. Дипломатия, музокара ва келишув маданияти инсониятни глобал урушлардан сақлаб келган асосий омилдир. Шунинг учун халқаро ҳамжамият, айниқса йирик давлатлар, қандай кескинликлар бўлмасин, мулоқот эшикларини ёпмасликлари керак. Бу дунё тартиботи, инсоният учун жуда муҳим.

Санжар ШОМУРОДОВ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?