«Яллама» постида «электрон навбат» тизими жорий этилди

10:27 17 Март 2026 Жамият
157 0

Тошкент вилоятидаги «Яллама» чегара божхона постида қулайликларни кенгайтириш мақсадида «электрон навбат» тизими жорий этилди. Бунинг учун божхона постига ёндош ҳудудда зарур инфратузилма яратилди.

— Навбатнинг рақамлаштирилиши орқали чегарадан ўтиш жараёнларида шаффофликни таъминлаш, шунингдек, жисмоний шахслар, товар ва транспорт воситаларининг ҳаракатини янада тартибга солишга эришилади, — дейди Тошкент вилояти Божхона бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Наргиза Зуҳурова. — Шунингдек, чегара ўтказиш пунктлари олдида транспорт воситалари тирбандлиги камайтирилиб, ҳайдовчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.

Кечадан бошлаб амалиётга тўлиқ жорий этилган «электрон навбат» рақамлаштирилган ахборот тизими Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январдаги 44-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилди. Қарорга асосан, Тошкент вилоятидаги «Яллама» чегара божхона постидан ташқари яна бир нечта постларда мазкур тизим биринчи навбатда жорий этилиши кўзда тутилган эди.

Отабек ИСРОИЛОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?