Яхшидан боғ қолади

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Қадимда ота-боболаримиз она заминни обод қилиш, дарахт экиб, табиат мусаффолигини сақлашни фарзанд тарбиялашдек муқаддас вазифа деб билган. Яхшидан боғ қолади, деган пурмаъно ўгитга амал қилган.
Инсон ва табиат ўртасидаги узвийлик, экологик барқарорлик хусусида гап кетганда, ҳар бир дарахт, бута, гиёҳнинг ҳаётимиздаги ўрни нечоғли муҳимлиги барчамизга яхши маълум. Мевали дарахтлар керакли дармондорилар, ризқ-рўз билан таъминласа, манзаралилари заҳарли газларни ютиб, кислород етказиб беради. Мисол учун, илм-фанда аллақачон битта арча дарахти 200 нафаргача инсонни тоза ҳаво – кислород билан таъминлаши аниқланган.
Мамлакатимизда кейинги йилларда биргина “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар ана шу жиҳатлари билан ҳам эътиборга сазовордир. Бу каби саъй-ҳаракатлар моҳиятини барча ҳамюртларимиз ҳам бирдек тушунаётгани йўқ. Баъзилари ўз манфаати йўлида барчасига кўз юмушга тайёр.
Юртимизда дарахт кесишга икки йилга мораторий эълон қилинган. Лекин тадбиркорларимиз қурилиш қилмоқчи бўлган ҳудудни ўраб олади. Дарахтларни сунъий равишда қуритади. Баъзи ҳолларда тадбиркорлар ва бошқа ҳамюртларимиз томонидан яшнаб турган дарахтларни очиқдан-очиқ кесиб ташлаш ҳолатлари ҳам учрайди.
Фарғона вилояти прокуратураси ҳамда экология бошқармаси мутахассислари Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда Қува туманида рейд ўтказишди. Унда туманнинг “Гулистон” МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Ф.Ё. ҳеч қандай рухсатсиз бир туп арчани кесиб ташлагани аниқланди. Натижада ҳуқуқбузарга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жиноят тўғрисидаги кодексга асосан, 1 млн. 650 минг сўм миқдорида жарима қўлланди.
Тошлоқ туманинг “Найман Бўстон” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи Т.Ш. ўзбошимчалик билан бир туп тол шохларини кесган. Рейд тадбири якунида тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, у 1 млн. 700 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.
Фарғона шаҳрининг Кимёгарлар маҳалласида яшовчи Р.А. ҳеч қандай рухсат олмай, икки туп сосна дарахтини кесиб ташлаган. Шу тариқа ҳуқуқбузарга 1 млн. 700 минг сўм жарима расмийлаштирилди. Шунингдек, ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдори 13 млн. 600 минг сўм ҳисобланиб ундириб олинди.
Вилоятда жорий йилдан Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш бўйича 174 та ҳолат аниқланиб, 878 млн. 150 минг сўм маъмурий жарима қўлланилди. Бугунги кунга қадар 338,5 млн. сўми ундирилди. 47 та ўсимлик дунёсига етказилган зарар 803 млн. 818 минг сўм белгиланиб, 123 млн. 497 минг сўми ундириб олиниши таъминланди. Шу йилнинг ўтган вақти мобайнида 40 дан ортиқ қонунбузилиш ҳолатларининг олди олинди.
Унутмаслик керакки, дарахткесарларни ушлаш ва жазолаш учун ҳар бир маҳалла, кўча бошига доимий равишда назоратчи қўйишнинг имкони бўлмайди. Демак, бунинг учун фаол жамоатчилик назорати, жараёндаги бурч ва масъулият туйғуси муҳим.
Ҳар бир дарахт бугунги ҳаётимиз, келажагимизга дахлдор. Ўз ҳаёти ва эртанги тақдирига бефарқ бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг