Ўзбекистон инвесторларни чорламоқда

Ўзбекистонга халқаро ҳамжамиятнинг қизиқиши кун сайин ортиб боряпти.
Яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган IV Тошкент халқаро инвестиция форуми мамлакат иқтисодиёти учун янги имкониятлар эшигини очди. Очиғини айтганда, глобал хавфсизлик ва барқарор ривожланишга жиддий таҳдидлар тобора кучайиб, геосиёсий жараёнлар кўз ўнгимизда шиддат билан ўзгараётган, жаҳонда қуролланиш пойгаси яна авж олган бир паллада инвестицияларни жалб этиш осон иш эмас. Ваҳоланки, иқтисодий инқироз асоратлари, молиявий ресурслар тақчиллиги туфайли жаҳон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари кетма-кет уч йил давомида пасаймоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, халқаро ҳуқуқ нормалари ва дипломатия кучи заифлашмоқда. Энг ачинарлиси, инсоният учун долзарб муаммолар — озиқ-овқат хавфсизлиги, камбағаллик, иқлим ўзгаришлари каби масалаларга эътибор камаймоқда. Шу боис халқаро инвестиция форумида давлатимиз раҳбари дунёда тинчлик, адолат ва инсон қадрига бўлган умумий ишончни тиклашга, можароларни фақат дипломатия йўли билан ечишга чақирди.
Илғор ғоялар, аниқ мақсадлар сари
Нуфузли анжуманда Президентимиз инвестициялар учун кенг имкониятларга эга бўлган турли соҳаларни таклиф этди. Биринчиси — “яшил” иқтисодиёт соҳаси. Яхши биламизки, Ўзбекистон иқтисодиётини барқарор, тоза, экологик безарар энергия ресурслари билан таъминлаш учун айнан “яшил” энергетикани ривожлантиришга астойдил киришган.
Ўтган қисқа даврда мазкур соҳага қарийб 6 млрд. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келди. Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 59 млрд.дан 82 млрд. киловатт-соатга етди. Кейинги беш йилда бу кўрсаткич 120 млрд. киловатт-соатдан ошиб, “яшил” энергия улуши 54 фоизга етказилади. Айни пайтда Европага “яшил” энергия қувватларини экспорт қилиш ҳам режалаштирилмоқда.
Шунингдек, электр тармоқларини янгилашга ҳам 4 млрд. доллар жалб қилиш, жорий йилда Самарқандда, келгуси йилдан яна 8 та ҳудудда электр тармоқларини хусусий шерикликка бериш режалаштирилган. Бундан ташқари, илк бор “яшил” сертификат ва углерод бирликлари савдоси бошланди. Шу йил глобал углерод бозорларига қўшилиб, “Яшил Ўзбекистон” иқлим инвестициялари платформасини яратиш мақсад қилинган. Демак, мазкур мақсадларга эришиш учун хорижий инвестициялар сув билан ҳаводек зарур.
Иккинчи йўналиш — рақамли технология ва сунъий интеллект соҳаси. Маълумки, бутун дунёда мазкур йўналишларда рақобат бошланган. Бугунги кунда у иқтисодиётнинг драйверига айланаётганини мамлакатимизда шу йилнинг ўзида IT экспорти 1 млрд. долларга етгани ҳам исботлайди. 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 5 карра оширишга киришилган. Бунинг учун яқин беш йилда хусусий инвесторлар билан бирга қуввати 500 мегаваттдан зиёд 20 та “дата марказ” барпо этилади. Шунингдек, бой тарихимиз, азалий қадриятларимиз ҳамда янги креатив Қояларни мужассам этган сунъий интеллектнинг миллий модели ишлаб чиқилади. Бу тизим самарадорлигини таъминлаш учун давлат раҳбари бошчилигида “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси аллақачон бошланган. Халқаро инвесторлар кўмаги билан Ўзбекистон нуфузли IT ва “Fintech” хабига айланиши шубҳасиз.
Учинчи йўналиш — молиявий тизим ва технологиялар. Банк, молия, суғурта, капитал бозори соҳаларини кейинги ривожланиш босқичига олиб чиқиш мақсадида Ўзбекистонда Молиявий барқарорлик кенгаши ташкил этилади, Марказий банкда киберхавфсизлик ва молиявий технологиялар платформалари ишга туширилади. Миллий қайта суғурталаш компанияси ва Глобал қайта суғурталаш рақамли платформаси яратилди. Стартаплар учун муқобил молиявий инструмент — венчурлар бизда тез ривожланиб боряпти. “Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳамкорлар билан биргаликда келгуси беш йилда венчур ва бошқа муқобил сармоялар ҳажмини 1 млрд. долларга олиб чиқиш мумкин.
Тўртинчи йўналиш — нодир металларни қазиб чиқариш соҳаси. Таъкидлаш керакки, бугунги “тўртинчи саноат инқилоби” “технологик минераллар”га талабни бир неча карра кўпайтирмоқда. Ўзбекистонда вольфрам, молибден, магний, литий, графит, ванадий, титан ва бошқа минералларнинг катта захираси аниқланган. Умуман, ер ости бойликларимизнинг салоҳияти 3 трлн. долларга баҳоланган. Минтақамизнинг минераллардан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш “хаби”га айланиши учун Тошкент ва Самарқанд вилоятларида “Келажак металлари технопарки” бунёд этилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбари геология-қидирув ишларидан бошлаб, тайёр маҳсулот занжирини йўлга қўйган инвесторларга ўн йил давомида рента солиғини қайтариб бериш ташаббусини илгари сурди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш учун қулай иқлимга эга. Ўзбекистон пахта ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчилардан бири ҳисобланади. Тўқимачилик саноатида қўшилган қийматни ошириш учун инвестициялар зарур. Туризм инфратузилмасини ривожлантириш учун инвестициялар талаб этилади. Йўллар, темир йўллар, аэропортлар ва бошқа инфратузилма объектларини модернизациялаш учун инвестициялар зарур.
Муваффақиятлар намойиши учун муҳим майдон
Тошкент халқаро инвестиция форуми — бу нафақат инвестицияларни жалб қилиш, балки Ўзбекистонни халқаро бизнес ҳамжамиятига танитиш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва иқтисодий ислоҳотларнинг муваффақиятини намойиш этиш учун ҳам муҳим майдон. Форум хорижий инвесторлар учун Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритиш имкониятларини ўрганиш, янги лойиҳаларни муҳокама қилиш ва ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун қулай платформа яратади.
Бу иқтисодий ўсишни рағбатлантириш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир. Жалб этилган инвестициялар янги иш ўринлари очиш, инфратузилмани ривожлантириш, технологияларни трансфер қилиш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга хизмат қилади. Форум халқаро молия институтлари, ҳукуматлар, бизнес вакиллари ва экспертлар ўртасидаги мулоқотни кучайтиради, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Форум Ўзбекистонни замонавий, очиқ ва инвестициялар учун қулай мамлакат сифатида тақдим этади, бу эса халқаро майдонда мамлакат имижини яхшилашга хизмат қилади. Бунинг исботи ўлароқ сўнгги йилларда мамлакат иқтисодиётига 90 млрд. доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб қилинган, бу эса ўтган йили миллий ялпи ички маҳсулотнинг 6 фоизга ўсишига ёрдам берди. Белгиланган режалар амалга ошадиган бўлса, 2030 йилга бориб Ўзбекистон иқтисодиёти 200 млрд. долларга етади ва бу жараёнда хорижий инвестицияларни жалб қилиш муҳим роль ўйнайди.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги фаровон Ўзбекистонни барпо этишнинг асосий стратегик устувор йўналишларидан бири сифатида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш масаласи алоҳида ўрин эгалламоқдаки, бунда интеграциялашган иқтисодий сиёсат, диверсификацияланган ишлаб чиқариш йўналишлари, давлат кафолатлари, эркин иқтисодий зоналарнинг ташкил этилиши, солиқ имтиёзлари ва сармоя учун қулай муҳит яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида мамлакат минтақадаги энг жозибадор инвестиция манзилларидан бирига айланди.
Бюджет тақчиллигини камайтириш, ички банк секторини ривожлантириш, давлатга қарашли корхоналарнинг шартли мажбуриятларини камайтириш, хусусий секторнинг фаол ролини ошириш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, техник таълимни кучайтириш, олий таълим ва саноат ўртасидаги тафовутни қисқартириш, билимга асосланган иқтисодиётни яратишда қатъий давом этиш, иқтисодий институтларни мустаҳкамлаш ва бошқалар янги Ўзбекистонда фаровон жамият қуриш мақсадларига эришишда муҳим омил ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари ушбу форумдаги нутқида инвесторларнинг ишончини янада кўпроқ қозониш ва ислоҳотлар изчиллигини таъминлаш йўлида Ўзбекистон дадил қадамлар ташлашини эълон қилди. Энг аввало, глобал ишлаб чиқариш занжирларида ҳар бир давлат учун тенг шароитни таъминлайдиган ишончли қоидалар ўрнатилишида! Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш борасида дадил қадамлар ташламоқда. Бунинг учун ўнлаб қонун, юзлаб стандартлар халқаро талабларга мослаштирилди ва бу ишлар шу йил тўлиқ якунига етказилади.
Мамлакатимизда хорижий сармоядорларга янада қулай муҳит яратиш учун маҳаллий компаниялар билан бир хил шароитларни кафолатловчи “миллий режим” жорий қилинади, давлат органлари билан муносабатга киришишда “ягона дарча” тамойили татбиқ этилиши белгиланди, инвестиция фаолиятини ортиқча текширувлардан кафолатли ҳимоялаш тизими яратилади. Булар орқали 2030 йилга бориб Ўзбекистоннинг кредит рейтингини “инвестицион” даражага олиб чиқиш мақсад қилинган.
Бундан ташқари, давлат компанияларини хусусийлаштиришда уларни юртимиз фаровонлигига хизмат қилувчи йирик активларга айлантириш кўзда тутилган. 18 та йирик компания ва банклардаги қарийб 2 млрд. долларлик давлат улушини ўзида бирлаштирган “Миллий инвестиция жамғармаси” ташкил этилди. Жамғарма бошқарувига нуфузли “Franklin Templeton” компанияси жалб қилинди. Келгуси йилнинг ўзида жамғарманинг акциялар пакети халқаро IPO га чиқарилади. Шунингдек, профессионал консультантлар жалб қилиниб, икки йилда 29 та йирик давлат компанияси хусусийлаштирилади.
Янги бизнес имкониятлари кашф этилди
Транспорт ва логистика соҳаси — ҳар қандай мамлакат иқтисодиётининг қон томири. Шу боис мазкур соҳага ҳам хусусий капитал фаол жалб қилинмоқда. Масалан, Самарқанд, Наманган, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортлари давлат-хусусий шериклик асосида салоҳиятли инвесторлар бошқарувига берилди. Урганч аэропорти бошқарувига дунёнинг етакчи “Инчон” компанияси жалб қилинди. Келгуси йилда Нукус, Термиз, Фарғона, Навоий аэропортлари бўйича ҳам тендерлар ўтказилади.
Яна бир муҳим жиҳат шуки, пойтахтимизда яшаб ишлаётган аҳоли сони 5 млн.дан ошди. Шу боис 2 млн. аҳолига мўлжалланган “Янги Тошкент” шаҳрини барпо этиб, пойтахтни мегаполисга айлантириш ишлари жадал олиб бориляпти. Бу ерда йилига 20 млн. йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга аэропорт, темир йўл ва автомобиль транспортини қамраб олган “мультимодал хаб” қурилади. Йирик савдо комплекслари ва молия марказлари қад кўтаради. Ушбу мегалойиҳани биргаликда амалга ошириш учун инвесторлар, халқаро молия институтлари ва банклар таклиф қилинмоқда. Давлатимиз раҳбари минтақадаги қўшнилар билан йўлга қўйилган очиқ ва дўстона сиёсат давом эттирилишини баён қилиб, Марказий Осиёда “Инвестиция ва савдо учун яхлит ҳудуд концепцияси”ни илгари сурди.
Бу таклиф ва ташаббуслардан чиқариладиган хулоса битта: жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, қайси давлат фаол инвестиция сиёсатини юритган бўлса, ўз иқтисодиётининг барқарор ўсишига эришган. Шу сабабли инвестиция, бу — иқтисодиёт драйвери, ўзбекча айтганда, иқтисодиётнинг юраги, десак, муболаға бўлмайди. Биз фақат инвестицияларни фаол жалб қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ҳисобидан иқтисодиётимизни жадал ривожлантиришга эришамиз. Иқтисодиётдаги ижобий натижалар эса ижтимоий соҳада тўпланиб қолган муаммоларни тизимли ҳал этиш имконини яратади.
Айтиш жоизки, IV Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида умумий қиймати 30,5 млрд. долларлик инвестиция ва савдо битимлари имзолангани унинг самарали ва кўтаринки руҳда ўтганидан далолат беради. Инвестор ҳеч қачон бирор-бир лойиҳага ўз-ўзидан сармоя киритмайди. Ҳамкор излашдан аввал атрофни ўрганади, сармоя киритмоқчи бўлган мамлакатининг имкониятлари билан танишади, таҳлил қилиб, ўзича чамалайди ва шундан кейин бир қарорга келади. Чунки амалга ошириладиган лойиҳага катта пул тикилар экан, унинг самара бериши барча томон учун бирдек зарур. Имзоланган келишувлар шундан далолат берадики, Ўзбекистонга ишонч қайтди. Форум доирасида Тошкент вилоятида қуввати 1400 мегаватт бўлган иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш, Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида қуввати 500 мегаватт, Наманган вилоятининг Поп туманида қуввати 200 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича инвестиция ҳамда электр энергиясини сотиб олиш битимлари имзоланди. Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида — Сариосиё туманидан Шаҳрисабз туманигача янги пулли автомобиль йўли қурилади.
Янги Наманган шаҳарчаси ҳудудида эса замонавий кўп қаватли уй-жой ва офислар барпо этилади. Хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳасини молиялаштириш бўйича ҳам келишувга эришилган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда саноат, энергетика, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга қаратилган кўплаб инвестиция шартномалари имзоланди. Ушбу лойиҳаларни яқин йилларда амалга ошириш бевосита мамлакат тараққиётига, аҳоли бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини оширишга, ҳудудларда инфратузилма, иқтисодиёт тармоқлари кенг ривожланишига йўл очади.
Тўлқин ТЕШАБОЕВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг