Шовқин ичидаги даъваткор овоз

16:21 24 Февраль 2026 Жамият
300 0

Янги Ўзбекистон — бу давримиз шиддатининг инъикоси. Жамият, одамлар, бутун мамлакат шундоққина кўз ўнгимизда янгича қиёфа касб этмоқда. Сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, давлат бошқаруви тизимини қамраб олган ислоҳотлар шунчалик жадаллашиб кетдики, уларнинг кўлами ва теранлигини англаб олиш доим ҳам осон эмас. Миллий иқтисодиётнинг барқарор динамикаси, ижтимоий кўмак механизмларининг такомиллашуви, бизнес, таълим ва фан ривожи учун яратилаётган янгидан-янги имкониятлар — буларнинг барчаси кундалик ҳаётимиздаги воқеликлар.

Шу аснода мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўси ҳам ортиб бормоқда. Ўзбекистонда бирор-бир муҳим халқаро тадбир — у иқтисодий анжуман бўладими, юқори даражадаги минтақавий учрашув ёки глобал конференциями — ўтказилиши ҳақида хабар эълон қилинса, бунга бугун ҳеч ким ҳайрон бўлмайди. Жонажон Ўзбекистонимиз замонавий дунёнинг энг долзарб масалалари кўриб чиқиладиган марказга айлангани давлатимизнинг очиқлиги рамзи, унинг тараққиёт йўлидан дадил бораётгани тасдиғидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг пухта ўйланган, мувозанатли ташқи сиёсати туфайли мамлакатимиз минтақалар ва қитъаларнинг тақдири муҳокама қилинадиган энг асосий давраларда ҳозир бўлмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ўтган ҳафтада АҚШга амалий ташрифи ҳамда Тинчлик кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этиши бунинг яққол тасдиғи. Етакчимизнинг кенгаш йиғилишида нутқ сўзлаши ҳамда АҚШ ҳукумати, йирик компаниялари ва молия институтларининг юқори даражали вакиллари билан ўтказган мулоқотлари аҳамияти ҳамда бу воқеалар жаҳон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилгани алоҳида катта мавзу. Урғуламоқчи бўлганимиз — Ўзбекистоннинг долзарб халқаро масалаларни ҳал қилишдаги роли тобора ошиб бормоқда ва бу турли расмий доиралар вакиллари, нуфузли халқаро ташкилотлар, экспертлар ҳамжамияти ва дунё оммавий ахборот воситалари томонидан юксак эътироф этилмоқда. Ўзбекистон юқори минбарлардан туриб ўз позициясини ифода қилаётир ва муҳими, унинг овозини эшитишмоқда, фикрига қўшилишмоқда.

Бошқа йўналишлар қатори медиа соҳасида ҳам катта ўзгаришлар рўй берди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кейинги тўққиз йилда сўз эркинлиги асослари мустаҳкамланди, ахборот макони кенгайди, таҳририятларнинг масъулияти ва мустақиллиги ортди. Бундай шароитда, давлатимиз раҳбари бир неча бор таъкидлаганидек, ОАВ жамиятда кечаётган жараёнларнинг фаол иштирокчиси бўлиши, фуқароларни ўйлантираётган масалаларни кўтариб чиқиши ва конструктив мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилиши даркор.

Шаффоф ахборот маскани

Мамлакатимизда ва хорижда эътироф этилганидек, сўнгги йиллардаги муҳим ютуқлардан бири — жамиятнинг ёпиқлигини енгиб ўтиш, давлат органларининг фуқаролар олдида ҳисобдорлиги сари йўл тутиш бўлди. Шаффоф ахборот макони ислоҳотлар учун мустаҳкам таянчлардан бирига айланди. Ва бу координаталар тизимида оммавий ахборот воситаларининг роли беқиёсдир. Ахир айнан улар воқеа-ҳодисалар ва ўзгаришлар динамикасини акс эттириш, жамиятда мулоқот сифатини, етуклигини таъминлашга масъул.

Натижада мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари янада дадилроқ бўлди, рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни чуқурроқ таҳлил қила бошлади. Илгари “сояда қолиб кетган” мавзулар бугун профессионал нуқтаи назардан ўз баҳосини олмоқда. Танқид, таҳлил, холислик ва хабардорликка интилиш кўплаб таҳририятларнинг асосий мақсадига айланди. Шу билан бир қаторда, интернет-журналистика жуда тезкор суръат билан ривожланяпти. Яъни янгиликлар порталларининг аудиторияси кенгаймоқда, ижтимоий тармоқларнинг позицияси кучаймоқда, кичик видеодан иборат шакл, айниқса, тез оммалашиб боряпти. Бундай рақамли кўповозлилик шароитида анъанавий ОАВ ҳам ўзининг фундаментал тамойилларини сақлаб қолган ҳолда замон билан ҳамнафас бўлишга интилмоқда.

Бугунги кунда онлайн-платформалар сўзсиз юқори ўринга чиқиб олаётгани ҳақидаги фикрларни кўп эшитяпмиз. Чиндан ҳам, ахборотнинг тармоқда тарқалиш тезлиги ҳайрон қоларли даражада. Лекин шундай шароитда ҳам кўплаб ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда босма нашрлар миллионлаб ададда нашр этиляпти. Ва уларнинг кўпи бизнинг қитъамизда жойлашган. Маълумотларга кўра, дунёдаги энг кўп сотиладиган 100 та кундалик газетадан 74 таси Осиёда чиқади, уларнинг 62 таси эса Хитой, Япония ва Ҳиндистонда чоп қилинади. Бунинг устига, бу минтақада уларнинг умумий адади ҳам ортиб бормоқда. Рақамлардан кўриниб турибдики, газета ҳали ҳам жамият ҳаётида муҳим ўринни эгаллаб келмоқда.

Мамлакатимизнинг очиқлиги ва сайёҳлик соҳасининг ривожи туфайли кейинги йилларда ўзбекистонликлар хорижга тез-тез чиқиш имкониятига эга бўлди. Улар турли мамлакатларда яшовчи аҳолининг кундалик ҳаётига матбуот қанчалик чуқур кириб борганига гувоҳ бўлишгани аниқ. Туркияда, масалан, оддий супермаркетга борган одам кираверишда ўнлаб кундалик газеталар териб қўйилган токчаларни кўради. Европа мамлакатлари, Япония, Сингапур ва Хитойда гаджетлар, тезкор интернет ҳамма жойда мавжуд бўлса-да, метро ва жамоат транспортида янги газета ё китоб ўқиб кетаётган кишиларни учратиш мумкин. У ерда одамлар газета, журнал ва китобни “эскилик сарқити” деб ҳисоблашмайди, аксинча — уларни афзал билган ҳолда тўғри танлов қилишади.

Афсуски, биз ҳақимизда бундай дейиш қийин. Ахборотга эҳтиёжни қисқа видеороликлар орқали қондириш одатга айланиб қолганини инкор қилиб бўлмайди. Лекин бундай шакл ҳамма нарсанинг ўрнини боса оладими? Менимча, жавоб тайин. Қисқа хабар вақтни тежаши мумкин, бироқ ҳар доим ҳам чуқур, теран маълумот бера олмайди. Тез-тез бир-бирини алмаштириб турган хабарлар оқими синчиклаб ўқиладиган таҳлилий мақола ўрнини босмайди.

Шу аснода айтиш лозимки, даврий матбуот ва китоб мутолаасининг орасида тўғридан-тўғри боғлиқлик бор. Бу азалдан маълум. Давлатимиз ёшларни китоб билан дўстлашишга рағбатлантириш масаласига катта эътибор бермоқда. Ўқишга одатланиш эса фақат бадиий адабиёт саҳифалари орқали шаклланмайди. У ҳар куни сифатли матнларга, таҳлилий материалларга, кенг фикрлашга ундовчи манбага мурожаат қилишдан бошланади.

Қоринни тўйдиришга етган пул...

Ҳар бир газета ҳозиргина тандирдан узилган нондек ўзига хос “тафт”га, “таъм”га эга. Уни ҳовури босилмасдан, иссиқ ҳолда “истеъмол қилиш” ўқувчига ҳузур бағишлайди. Яъни газетанинг аҳамияти ундаги материалларнинг мазмунан янгилиги, мавзуларнинг ўз долзарблигини йўқотмагани, фикр ва қарашларнинг қайноқлиги билан баҳоланади. Шу боис муштарийлар газетанинг ҳар бир сонини нашр этилган куниёқ қўлига олишни, ундаги янгиликлар, мақолалар билан оҳори тўкилмасдан, эскирмасдан танишишни хоҳлайди.

Бироқ афсуски, газеталар ўз вақтида муштарийларга етказиб берилмай қўйди. Бу иш билан шуғулланадиган почта бўлимларининг аҳволи танг. Уларда масъулият, жавобгарлик ҳам ўта сусайиб кетган.

Техника-технология жадал ривожланган ҳозирги замонда ўқувчиларга ўзлари обуна бўлган газеталарни етказиб бериш тизими издан чиққани ғоят ачинарли. Аслида, бу ишни самарали ташкил этиш учун юртимизда ҳамма имконият бор. Ахир озиқ-овқат маҳсулотларини мижозларга етказиб бериш хизмати нақадар ривожланганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Бирор “фаст-фуд” ёки таом буюртма қилинг, 10 — 15 дақиқада остонангизга олиб келиб беришади. Демак, газета-журналларни ҳам зудлик билан ўз ўқувчилари қўлига тутқазиш мумкин. Буни жаҳон тажрибаси ҳам исботлайди.

Аммо негадир бу ҳақда ҳеч ким ўйлаб кўрмаётгандек, назаримизда. Фақат моддий манфаат илинжида, аниқроқ айтганда, қоринни тўйғазиш қайғусида яшаётгандекмиз. Қалбни бойитиш, дидни ўткирлаштириш, тафаккурни чархлаш қуйи даражага тушиб қолган. Бу эса келгусида аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин.

“Ўткан кунлар” романида Юсуфбек ҳожи тилидан “Нега ҳар нарсага етган ақлинг шунга келганда оқсайдир?” деган иборани қўллаган маърифатпарвар жадид бобомиз Абдулла Қодирий бизнинг бугунги аҳволимизни кўрганида “Қоринни тўйдиришга етган пулинг нега маънавиятингни бойитишга келганда оқсайдир?” деб юборарди.

Бугун ҳар томонлама истеъдодли ёшлар билан бирга газета-журналлар, китоблар мутолаасидан мосуво авлод ҳам улғаймоқда. Улар интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлардан бошқа ахборий воситаларни танимайди ва тан олмайди. Таниқли қизиқчилардан бири айтганидек, “ҳатто паспортини ҳам охиригача ўқимаган” бу ёшларда тўғри ёзиш ва ўқиш, имло, савод масаласи шу қадар харобки, қўлига қалам тутиб ўз исм-шарифини ёздирсангиз, бир нечта хато қилади.

Бир вақтлар деярли ҳар хонадонга матбуот нашрлари билан бирга ўзига хос маънавий-маърифий руҳ ҳам кириб борган. Ўғил-қизлар ота-оналарининг қўлида газета-журнал кўриб улғайган. Уларни ўзлари ҳам ўқишга уринган. Жиллақурса, стол устида турган газета ёки журнални бир бор варақлаб кўрган. Шу орқали уларда сўзларнинг тўғри ёзилиши, мамлакатда кечаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида тушунча, кўникма ҳосил бўлган. Эл-юрт тақдирига дахлдорлик болаликдан шаклланган.

Бугун мана шу фазилатлар ёшларимиз учун нон ва сувдек зарур. Зотан, бугунги ахборот асри, рақамли технологиялар тараққиёти, сунъий интеллект даври хавотирларимиз қанчалик асосли эканини аллақачон исботлади.

СИ ёзади ва тарқатади. Инсон эса кузатувчи

Замонавий дунёда глобал ахборот макони тўлиб-тошган: ҳар куни миллиардлаб контент бирлиги яратилади. Уларнинг сезиларли қисми сунъий интеллект (СИ) томонидан бажарилади. Сўнгги йилларда ўтказилган халқаро тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, тармоқдаги чиқишларнинг катта қисми СИ асосида яратилади, муҳокамада эса ботлар фаол иштирок этади. Тадқиқотчилар аллақачон “ўлик интернет назарияси” ҳақида айтишган ва айтишмоқда, бу дегани — рақамли коммуникациянинг катта қисми инсон иштирокисиз бўлиб ўтяпти.

Айни пайтда яқиндагина фантастика бўлиб кўринган парадокс вазият юзага келмоқда: яъни сунъий интеллект янгиликлар ёзади, алгоритмлар учун таҳлилий матнларни ҳам тузади, улар эса, ўз навбатида, янгиликларни шарҳлайди ва тарқатади. Инсон-чи? У ана шу машиналар орасидаги ўзига хос ёзишмаларнинг кузатувчиси бўлиб қоляпти, холос.

Ахборотдан фойдаланиш тарзи кўз ўнгимизда шиддат билан ўзгариб бормоқда. Таҳлилий материалларга кўра, бугунги кунда видеоконтентни кўриш сони ўқилган матнларнинг миқдорига нисбатан бир неча баробар кўп. Бу ҳолат эса ўзининг аниқ-тиниқ изини қолдиряпти. Буни ўз фарзандларимиз ва набираларимизни кузатиш орқали ҳам кўряпмиз.

Таассуфки, навқирон авлоднинг бир кунда юзлаб қисқа видеони “варақлаш”и беиз кетмаяпти. Бу гаджетларга қарамликни келтириб чиқараётир. Уларда диққатни тўплаш қийинлашиб, хотира узуқ-юлуқ бўлиб қолмоқда. Ва аксинча, ҳажми каттароқ матнга ўрганиш эса жуда кам учрайдиган ҳолатга айланди. Тайёр манзара тасаввурни сиқиб чиқаради.

Бу сатрлар муаллифи бир куни ёш ҳамкасблар — энди иш бошлаган журналистларга жиддий китобнинг бир неча бобини ўқиш ҳақида таклиф киритди. Натижа эса кутилган ҳолатни кўрсатмади ва ўйлантириб қўйди. Кўпчилик экспертлар мутолаа ўрнини визуал контент эгаллайдиган замон келади, деб башорат қилган эди. Мана, энди ўша башорат нафақат матбуот ва бутун медиа-соҳага тегишли катта ташвиш бўлди, балки бу муаммо анчагина чуқур илдиз отди. У бутун авлодларнинг когнитив қобилиятларига, жамият ва мамлакатнинг ривожига тегишли. Агар келажакда ўз фикрларини ёзувда ифодалай олмайдиган ва ёзилган матнни тушуна билмайдиган одамлар кўпроқ бўлса борми? Бундай келажак ҳечам қувончли бўла олмайди.

«Қалам билан битилганни болта чопа олмайди»

Шу ўринда айтиш керакки, гап янги анъаналарни тан олмаслик ҳақида бораётгани йўқ. Биз бугун технологиялар замонида яшаяпмиз ва мавжуд ҳолатга кўз юмиш ғалати кўринган бўлар эди. Аммо ўзгаришларни диққат билан кузатиш ва уларнинг оқибатини англаш муҳим-да. Айниқса, ҳис-ҳаяжон соҳасида. Кўпгина рақамли платформалар шундай контентни илгари суришадики, у нисбатан жуда тез вақтда, яъни бир-икки лаҳзада муносабат билдиришга мўлжалланган, муносабатнинг ўзи ҳам — ажабланиш, ҳаяжон, қўрқув ё хафалик. Воқеани бузиб кўрсатиш, фейк (уйдирма) хабарлар, эмоционал кучайтириш — буларнинг барчаси аудиториянинг қабул қилишига таъсир кўрсатади.

Бундай шароитда анъанавий босма нашрлар томонидан асрлар оша шакллантирилган хусусиятларгина муҳим қадрият бўла олади. Айни вақтда шундай ахборот “заҳарланиши” юзага келдики, далилларни синчиклаб танлаш ва саралай олиш жуда зарур бўлмоқда. “Қалам билан битилганни болта чопа олмайди”, деган ибора кўпгина газета таҳририятлари учун касбий қоидага айланиб қолган. У фақат шиор эмас. Газеталар ўқувчининг қизиқишлари ҳақида қайғуради, мақоланинг улар онгига қандай таъсир қилиши бўйича таҳлил ҳам ўтказади.

Кўпинча шундай саволларга дуч келамиз: бугунги кунда, тезкорлик энг асосий мезонга айланган бир даврда газеталар таҳририяти нима учун ҳалиям ўша бир неча босқичли матн ўқиш тизимини сақлаб туришибди? Нега ҳар битта мақола мусаҳҳиҳ ва муҳаррирлар орқали ўтади, баъзан ҳатто қайта ишлаш учун муаллифга қайтарилади? Бу саволларнинг жавоби осон: ўзини ҳурмат қилувчи газеталар учун ҳар битта кичик хато — фавқулодда ҳодиса. Матбуот соҳасининг асосий мажбурияти ҳам шунда. Муҳаррир ва мухбирлар орасида касбга садоқат катта роль ўйнайди, десак, хато бўлмайди. Касбий талаб ва кўникмага биноан, ходимлар аввалгидай грамматик меъёрларга риоя этиш, тил бойлигини қадрлаш, ҳар битта иборани аниқ ва ўз ўрнида ишлатиш ҳақида қайғуради. Негаки, саводли ёзилган матнни ўқийдиган киши ўзи ҳам тўғри ёзиш ва аниқроқ фикрлашга ўрганади.

Кадрларни тайёрлаш ҳам алоҳида мавзу. Газеталар таҳририятлари ҳалиям медиа соҳаси ходимлари учун юқори касбий маҳорат мактаби бўлиб келмоқда. Таҳририятда ёш журналистлар масъулият мактабини ўтайди. Улар манбалар билан ишлаш, далилларни текшириш ва тасдиқлаш, тилни ҳурмат қилиш каби кўникмаларга эга бўлади. Бугун онлайн-нашрларда, телевидениеда, матбуот хизматларида муваффақият билан ишлаётган ходимларнинг кўпчилиги, аввало, вилоят ва республика босма нашрларида меҳнат қилиб, тажриба тўплаган.

Яна, газета таҳририятларининг вакиллари журналистика соҳасидаги олий таълим муассасаларида дарс беради. Бунда талабаларга касбнинг асосий қоидалари ўргатилади, сифат тамойиллари шакллантирилади. Формат ўзгариши мумкин, аммо асосий тамойиллар ўрнида қолади.

Жамиятнинг уриб турган юраги

Ўзбек журналистикаси ҳақида сўз кетар экан, газета таҳририятининг кучли мактабини сақлаб қолиш — стратегик масала экани ойдек равшан.

Шундай шароитда газеталар замонавий анъаналардан ҳам четда эмас. Улар ҳам рақамли платформаларни фаол равишда эгалламоқда, сайтларини ривожлантирмоқда, мультимедиа маҳсулотларини яратмоқда. Онлайн-ОАВнинг бир дақиқалик тезкорлиги ортидан қувмаган ҳолда, матбуот воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини очиб бериш, далилларни ҳар томонлама таҳлил этиш ва мутахассислар ёрдамида шарҳлашга ҳаракат қилмоқда.

Газетадаги чиқишлар орасида фуқароларнинг мурожаатлари бўйича тайёрланган мақолалар ҳам анчагина. Одамлар газета таҳририятларига хат йўллашади, ўз муаммолари билан бўлишиб, кўмак сўрашади. Саҳифаларда ижтимоий-маиший мавзудаги, ислоҳотлар шароитида келиб чиқаётган қийинчиликлар ҳақидаги материаллар сезиларли жой эгаллайди. Бу эса — жамиятнинг уриб турган юраги. Шу юрак уришини ҳис қилиб туриш матбуотнинг кундалик вазифаси ҳисобланади.

Шундай шароитда босма нашрларга нисбатан: “Улар энди эскирди, долзарблигини йўқотди, рақамли платформаларга ютқазди” каби истеҳзолар учраб қоляпти. Бундай фикрдаги инсонлар бир жиҳатни ҳисобга олишмаяптики, газетанинг вазифаси фақат воқеа-ҳодисалар ҳақидаги ахборотни етказишдан иборат эмас. Матбуот — масъулият макони, тил ва тафаккур мактаби бўлиб қолаверади. Газеталарда эълон қилинган янгиликлар, шарҳ ва таҳлиллар, умуман, замон руҳи мазкур давр архивида сақланиб қолади, бир неча ўн йилликлардан кейин ҳам барча ундан фойдалана олади.

Айни пайтда мамлакатимиз келажак сари дадил интилаётганда, ислоҳотлар англаш ва изоҳлашни талаб этаётганда, жамият эса мулоқотни кутаётганда, босма ОАВнинг роли яна ҳам долзарб бўлиб бормоқда. Газеталарнинг айтадиган сўзи, таҳлил қиладиган мавзулари, баҳс-мунозара учун сабаблари бор, мунозарани эса бамайлихотир, аниқ далилларга таянган ҳолда олиб бориш учун имкониятлари ҳам етарли.

Мунтазам изланишлар маҳсули ўлароқ газеталар ҳам такомиллашмоқда. Уларнинг дизайни ўзгармоқда. Форматлар янгиланяпти, экспертлар доираси кенгайтирилиб, ёш муаллифлар жалб қилиняпти. Матбуот давр руҳига, муштарийларнинг янги талабларига мослашишга тайёр.

Тан олиш лозимки, янги даврда медиабозорнинг ривожи ҳар доим ҳам тенг шароитларда бўлмаяпти. Матбуотнинг бозор механизмларига ўтиши зарурлиги ҳақидаги мулоқотларда баъзи саволлар жуда кам ҳолатларда кўтарилмоқда. У ҳам бўлса, нашрни тарқатиш инфратузилмаси қанчалик мукаммал? Мамлакат бўйича газета сотиш киоскалари етарлими? Етказиб бериш хизмати қанчалик самарали ишлаяпти? Қоғоз нархи ва босмахона хизматлари рақобатбардошми? Мана шу саволларга жавоб топмай туриб, матбуот соҳасида формат ва барқарорлик бўйича тўлақонли рақобат ҳақида гапириш қийин.

Қатор мамлакатларда давлат босма нашрларнинг аҳамиятини англаган ҳолда, уларни маданий сиёсат элементи сифатида қўллаб-қувватлайди. Бундай кўмак нашрларни субсидиялаш ва уларни тарқатиш дастурларини рўёбга чиқариш, газетхонлик бўйича барқарор одатни шакллантириш учун имтиёзли ва бепул обуна ташкил этиш кўринишида бўлади. Бундай ташаббуслар миллатнинг интеллектуал салоҳиятига инвестиция сифатида қаралади.

Босма ахборотнинг овози ҳеч қаерга йўқолмаган. Балки қандайдир дақиқада атрофидаги баланд шовқин туфайли яхши эшитилмаётгандир. Лекин аслида, унинг кучи ҳам шунда. Баланд овоздаги хабарлар, тугамайдиган янгиликлар тасмаси даврида газета янги воқелик бўйича бир тўхтамга келувчи мулоқотлар учун майдон бўлиб хизмат қилмоқда. Шундай воқеликки — унда замонавийлик ва анъаналар бир-бирига қарама-қарши эмас, аксинча, бир-бирини тўлдиради. Рақамли оқим пухта ўйланган босма матн билан ҳамроҳ каби бирга юради. Бу йўлда давлат, жамият ва барча турдаги оммавий ахборот воситаларининг манфаатлари умумий — Ватан равнақи, тараққиёти.

Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?