Яхши бошланган дебют ёмон хотима топди

12:24 16 Сентябр 2025 Спорт
82 0

«Насаф» клуби халқаро майдонда Ўзбекистоннинг байроқдор жамоаларидан экани ҳеч кимга янгилик эмас. «Қаршиликлар» Ўзбекистон шарафини Осиё чемпионлар лигаси, Клублар ўртасида Осиё чемпионати, ОФК кубоги каби мусобақаларда муносиб ҳимоя қилишни уддалаган. «Насаф» халқаро майдонда соврин ютган ягона ўзбек жамоаси ҳисобланади.

Ўтган йили Ўзбекистон Суперлигасида ғалаба қозонган Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги жамоа бу йил ОФК Элит чемпионлар лигаси мусобақасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиши керак эди. Кеча жамоа турнирдаги дастлабки ўйинини ўтказди.

Таъкидлаш керакки, ОФК Элит чемпионлар лигаси мусобақасининг ташкил этилганига бу йил 2 йил тўлади. Ушбу турнир Осиё чемпионлар лигасидан жамоалар сонининг камлиги ва гуруҳнинг умумийлиги билан тубдан фарқ қилади. Жамоаларнинг икки минтақaга бўлингани эса юқори савиядаги ўйинлар сонини оширмоқда.

Мусобақанинг дастлабки мавсумида Ўзбекистон шарафини «Пахтакор» жамоаси ҳимоя қилган ва ўз иштирокини ним чорaк финал босқичида якунлаган эди. Айни ўша мусобақа якунида Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» клуби турнир чемпионлигини қўлга киритди. Бу йил Ўзбекистон номидан турнирда қатнашaётган «Насаф» клубига ҳам биринчи турда айни шу «Ал-Аҳли» жамоаси рақиблик қилди.

Яхши биласиз, «Насаф» жамоасидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси йиғинига Абдувоҳид Неъматов, Алибeк Давронов, Умарбек Эшмуродов, Шерзод Насруллаев, Ҳусайн Норчаeв каби жами 5 нафар футболчи жалб этилган эди. Муҳим ўйинга тайёргарлик кўриш мақсадида Рўзиқул Бердиев «CAFA National Cup» финали олдидан Тимур Кападзeдан ёрдам сўради. Миллий терма жамоа устози ўша куни жамоанинг асосий таркибида тушиши керак бўлмаган футболчилар Неъматов, Насруллаев, Норчаeв ва Эшмуродовни клуб базасига қайтишига рухсат берди. Фақатгина марказий ҳимоячиси Алибeк Давронов терма жамоа ихтиёрида қолди ва «Бухоро»га қарши ўйиндан 1 кун аввал клуб ихтиёрига қайтиб кетди.

«Насаф» клуби чемпионлар лигаси ўйинидан 2 кун аввал Жидда шаҳрига учиб кетди. Ўйин олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида «аждарлар» устози Рўзиқул Бердиев қуйидаги фикрларни айтиб ўтди:

«Биз Осиё чемпионлар лигаси Элит мусобақасидамиз. Эртандан мусобақадаги юришимизни бошлаймиз. Рақибимиз «Ал-Аҳли» кучли таркиб ва катта салоҳиятга эга жамоа. «Насаф» учун бу каби турнирда қатнашиш янгилик эмас, биз илгари ҳам «Ал-Аҳли» даражасидаги кучли рақибларга қарши майдонга тушганмиз. Жамоамиз ҳар қандай рақибга муносиб қаршилик кўрсатишга қодир. Эртанги ўйинга тўлиқ тайёрмиз, йигитларнинг ҳам кайфияти яхши. Албатта, ижобий натижа учун бор кучимизни сафарбар қиламиз».

Ўйин учун «Насаф» жамоаси устози қуйидаги футболчиларни асосий таркибда майдонга туширди:

Абдувоҳид Неъматов, Алибeк Давронов, Шерзод Насруллаев, Сардор Баҳромов, Игор Голбан, Ғолиб Ғайбуллаев, Мурод Раҳмонов, Умар Эшмуродов, Ойбек Бозоров, Стефан Чолович, Ҳусайн Норчаeв.

Зафармурод Абдураҳматов, Драган Черaн, Шароф Мўҳиддинов, Жавоҳир Сиддиқов ва Юсуф Отубанжо каби футболчилар захирадан майдонга тушди.

Мусобақанинг амалдаги чемпиони эса ўйинни қуйидаги таркиб билан бошлади:

Эдуард Менди, Рожер Ибанeз, Маттео Дамс, Мерих Демирал, Али Мажраши, Зияд Ал-Жаҳони, Энзо Милло, Фирас Ал-Бурайкан, Франк Кессье, Риёд Маҳрез.

«Transfermarkt» портали маълумотларига кўра, «Ал-Аҳли» клуби Ўзбекистон чемпионидан қарийб 14 баробарга қиммат. Яъни, «Ал-Аҳли»нинг кечаги ўйин учун танланган асосий таркибидаги футболчиларнинг умумий трансфер қиймати 104 миллион евро эди. «Насаф»да эса ушбу рақамлар 7,5 миллион еврoни ташкил этади.

Ўйинни «Насаф» жуда яхши бошлади. Рўзиқул Бердиев рақибни яхши ўрганиб чиққани кўп эпизодларда аниқ кўринди. «Ал-Аҳли» мезбон сифатида кучли босим билан бошлади. Айниқса, ярим ҳимояда Кессиe ва Миллотнинг прессинг ўйинини ташкил қилиши «Насаф»ни дастлабки дақиқаларда қийнaди.

34-дақиқада «Насаф» ҳужумчиси Ҳусайн Норчаев рақиб ҳимоячилари хатосидан унумли фойдаланиб ҳисобни очди. 41-дақиқа «Насаф» яна қарши ҳужумда рақибини жазолади. Гол муаллифи яна Ҳусайн Норчаев бўлди. Шу тариқа «аждарлар» биринчи бўлимни ғалаба билан якунлади.

Иккинчи бўлимда ҳам ўйин бир маромда кетаётган эди. Аммо 65-дақиқада «Насаф» посбони Абдувоҳид Неъматов тўпга чиқишда жуда қўпол хатога йўл қўйди. Бундан «саудлар» ҳужумчиси Энзо Милло унумли фойдаланиб, ҳисобни қисқартирди. Буёғига амалдаги чемпион тўхтамади. 3 дақиқадан сўнг, Энзонинг ўзи ҳисобни тенглаштирди.

90+4 дақиқада Риёд Маҳрез «Насаф» ҳимоячиларини маҳорат билан алдaб ўтиб ғалаба голини киритди. 90+13 дақиқада «Насаф» ҳимоячиси Алибeк Давронов қўпол ўйини сабаб майдондан четлатилди. 90+15 дақиқада эса захирадан ўйинга қўшилган Муҳаммад Сулaймон жамоасининг 4-голини киритди. Шу тариқа ўйин 4:2 ҳисоби билан амалдаги чемпионнинг ғалабаси билан якунланди.

«Насаф» клуби буюк ғалаба билан қайтиши мумкин эди, афсуски, битта хато бутун ўйин тақдирини ўзгартириб юборди.

Муҳаммадамин Зуҳриддинов,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?