Яйловлар деградациясининг салбий таъсири юзасидан ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди

13:21 18 Май 2024 Сиёсат
165 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг эллик иккинчи ялпи мажлисида яйловлар деградациясининг озиқ-овқат хавфсизлигига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ҳамда атроф муҳитга салбий таъсири юзасидан ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз Президентининг 2024 йил 13 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги ерлари деградациясига қарши курашиш, тупроқнинг гумус миқдори ва унумдорлигини оширишни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 мартдаги “Яйловлар ва улардаги ер ости сувларини муҳофаза қилиш ҳамда яйлов деградациясига қарши курашиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Мазкур қарорлар доирасида сув таъминоти мавжуд бўлмаган ҳудудларда тик қудуқларни қазиш, қуёш энергиясида ишлайдиган насос агрегатлари ёрдамида ер ости сувларини чиқариш ҳамда томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш бўйича Бухоро ва Навоий вилоятларида намунавий тажриба лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган.

Яйлов ерларда сув таъминотини яхшилаш ва қайта тиклашда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, шунингдек, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университети ҳамда Самарқанд давлат университетида “Яйлов экологияси ва бошқаруви” таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш режалаштирилган.

Яйловларда чорва моллари босимини камайтириш ва уларни алмашлаб ўтлатишнинг оқилона тизимини йўлга қўйиш, деградацияга учраган яйловларни қайта тиклаш ҳамда уларнинг маҳсулдорлигини оширишнинг энг мақбул усулларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш белгиланмоқда.

Нишон, Нурота, Нуробод, Фориш ва Ғиждувон туманларидаги яйловларда икки йил муддатга чорва молларини алмашлаб боқиш амалиёти йўлга қўйилган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти ҳамда “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти томонидан ФАО, ИКАРДА, Саритас ҳамда АҚШнинг Невада штати “Яйловларни бошқариш жамияти” каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

Сенаторлар олиб борилаётган ишлар билан бир қаторда яйлов ерларидан самарали фойдаланиш, уларни назорат қилиш ва деградацияга қарши курашиш бўйича айрим ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар долзарблигича қолаётганлигини таъкидлади.

Жумладан, яйлов ерларини контурлар ва фойдаланувчилар кесимида тўлиқ хатловдан ўтказиш, 4 млн гектардан ортиқ яйловда геоботаник тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда уларнинг электрон рақамли хариталарини ишлаб чиқиш зарур.

Сув иншоотларининг 2269 таси (78 фоизи) таъмирталаб ҳолатга келган. Бундан ташқари, яйловларнинг сув таъминотини яхшилаш ҳамда чорва молларини сув билан таъминлаш учун 700 дан ортиқ қудуқлар етишмаслиги айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, Бухоро чўл яйлов ўсимликлар уруғчилик илмий-ишлаб чиқариш марказини замонавий илмий лаборатория жиҳозлари ва ускуналар билан таъминлаш ишлари якунига етказилмаган.

Муҳокамалар жараёнида сенаторлар томонидан бугунги кунда мазкур соҳага оид ўзгаришлар ҳамда қонунчиликда белгиланган вазифаларни инобатга олиб, яйловларни бошқариш ва мониторинг қилиш ҳамда соҳага доир амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш, шу жумладан “Яйловлар тўғрисида”ги Қонунни қайта кўриб чиқиш лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, тегишли мутасаддиларнинг соҳада амалга ошираётган ишларини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш ҳамда уларга кўмаклашиш, ҳудудларга етук мутахассислар, олимлар ва тадқиқотчиларни жалб қилиб, уларнинг тавсиялари асосида ишларни йўлга қўйиш бўйича таклифлар берилди.

Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?