XIII асрга оид ўғирланган кошинлар Британия музейи кўмагида Ўзбекистонга қайтарилади

14:10 12 Октябр 2020 Маданият
382 0

Тарихий ва маданий меросни сақлаш ва келажак авлодларга етказиш ҳар бир мамлакат учун долзарб вазифа ҳисобланади. Ушбу масала ўзининг минг йиллик давлатчилик тарихи ва Буюк Ипак йўлининг марказида бўлганлиги туфайли бой ҳамда бебаҳо моддий маданий меросга эга бўлган Ўзбекистон учун ҳам жуда муҳимдир.

Бугунги кунга қадар Ўзбекистон ҳудудида 8208 та археологик жой, меъморий ва тарихий ёдгорликлар, муқаддас қадамжолар аниқланган. Ушбу объектлар диққат билан ўрганишни, оммалаштиришни ва уларнинг ҳақиқийлигини сақлаб қолинишини талаб қилади. Яна бир муҳим вазифа - экспонатларни мамлакат ҳудудидан ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Буюк Британиядаги Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Британия музейи билан ҳамкорлиги бундан далолат беради. Британия музейи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ноқонуний олиб ўтилган экспонатларни аниқлаш ва улар олиб кетилган мамлакатларга қайтариш бўйича иш олиб бормоқда.

Британия музейи директори доктор Хартвиг Фишернинг сўзларига кўра, сўнгги ўн йил ичида Британия музейи Ироқ, Афғонистон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларга 2500 дан ортиқ буюмларни қайтаришга ёрдам берган. Масалан, 2017 йилда. Британия музейи Бухородаги Чашмаи-Аюб мақбарасидан ўғирланган кошинларни аниқлаш ва муваффақиятли олиб келишда ёрдам берган. Ўзбекистон тергов органлари томонидан текширув ўтказилганидан сўнг, ушбу ўғирликда иштирок этган шахслар жазоланди. Ҳозирда ушбу кошин Тошкентдаги Давлат санъат музейида сақланмоқда.

Афсуски, шу йилнинг январь ойида Лондон Хитроу аэропортида эпиграфик сирланган кошинлар партияси қўлга олинганлиги ҳақида яна бир ҳолат қайд этилди. Қўшимча ҳужжатларда улар Шаржада 315 дирҳамга сотиб олинганлиги ва сотиш учун мўлжалланганлиги билдирилган. Кошинлар Буюк Британия чегара хизмати вакиллари томонидан қўлга олиниб, уларнинг ҳақиқий ёши, келиб чиққан мамлакатига аниқлик киритиш мақсадида Британия музейига мурожаат қилинган.

Covid-19 карантин ҳолатига қарамай, Британия музейида дунёнинг етти мамлакати олимлари билан маслаҳатлашув кенгаши ташкил қилди. Унда профессор Жеймс Аллан (Оксфорд университети), доктор Анвар Атаходжаев (Самарқанд), доктор Бахтиёр Бобожанов (Тошкент), профессор Шейлу Блер (Бостон коллежи), профессор Роберт Хилленбранд (Эдинбург университети), Жолион Лесли ва доктор Ричард Макклари (Йорк университети), профессор Чарлз Мелвилл (Кембриж университети), доктор Жаброил Ноканде (Миллий музей, Эрон), доктор Бернард ЎКейн (Қоҳира), доктор Андрей Омелченко (Россия Давлат Эрмитажи), доктор Баҳар Ўздемир (Анқарадаги Ҳожи Байрам Вели университети)лар иштирок этди.

Ўзаро кенгашдан сўнг кошинлар ХIII аср охири - ХIV аср ўрталарига оидлиги ҳамда Самарқанддаги Шоҳи-Зинда ёдгорлик мажмуасига тегишли эканлиги аниқланди. Шоҳи-Зинда ёдгорлик мажмуасида бир неча бор хусусан 1996, 2000 ва 2004 йилларда археологик қазиш ва тиклаш ишлари амалга оширилган.

2004 йилдаги ишлар давомида илгари мажмуада мавжуд бўлган бинолардан ҳам, сақланиб қолган ёдгорлик иншоотларидан ҳам меъморий безакларнинг кўп сонли қисмлари топилган. Топилган парчалар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институтига, Самарқанд шаҳар тарихий-маданий ва меъморий музей-қўриқхонасига, Самарқанд шаҳри тарихи музейи жамғармаларига ўтказилган.

Ушбу ишлар давомида илгари мажмуада мавжуд бўлган бинолардан ҳам, сақланиб қолган ёдгорлик иншоотларидан ҳам меъморий безакларнинг кўп сонли қисмлари топилган. Топилган парчалар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институтига, Самарқанд шаҳар тарихий-маданий ва меъморий музей-қўриқхонасига, Самарқанд шаҳридаги тарих музейи жамғармаларига ўтказилган.

Ушбу далиллар келтирилгач, кошинларни импорт қилувчи эгалик ҳуқуқини талаб қилмади. Кошинлар мусодара қилинди ва кейинчалик Ўзбекистонга репатриация қилиш учун Британия музейига топширилди.

Карантин бўлишига қарамай, Маданият вазирлиги расмий мурожаат олгандан сўнг, Маданий мерос бўлимидаги ўзбекистонлик олимлар билан биргаликда ушбу кошинларнинг келиб чиқишини аниқ жойларда ўрганишни бошлади. Кошинларнинг маълум бир ёдгорликка тегишлилигини аниқлаш учун Самарқандга борадиган ишчи гуруҳ ташкил этилди. Тадқиқотлар давомида кошинлар Хўжа Аҳмад мақбараси (XIV асрнинг иккинчи ярми), номаълум мақбара (1360/61) меъморий безакларига услубий яқинлиги аниқланди, аммо меъморий ёдгорликлардан безак парчаларининг кошинлар билан тўлиқ мос келиши ҳозирча аниқланмади. Айни пайтда кошинларнинг маълум бир меъморий ёдгорликка тегишли эканлигини аниқлаш бўйича ишлар давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Британия музейи ходимларига, шахсан музей директори, доктор Хартвиг Фишерга, Британия музейининг Яқин Шарқ бўлими катта куратори ва археологи доктор Жон Симпсон ва бошқа олимларга амалга оширилган иш учун самимий миннатдорлик билдиради. Биз Британия музейи ва Буюк Британиянинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан артефакт мерос объектларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш бўйича ўзаро ҳамкорлигимизни янада кучайтирамиз.

Маданият вазирлиги ушбу кошинларни 2020 йил декабрь ойида Британия музейида намойиш этишга рози бўлди. Яқинда Британия музейи ҳам Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан Ўзбекистондан ўғирланган ёки сотилган экспонатларни аниқлаш ҳамда улар юзасидан маслаҳат бериш бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзолади.

Маданият вазирлиги Буюк Британия музейи билан ҳамкорликни кучайтириш ва экспонатларни ўз ватанига қайтаришни ташкиллаштиришда катта ёрдам кўрсатганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг Лондондаги элчихонасига алоҳида миннатдорчилик билдирган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?