Водил малинаси жаҳон бозорида харидоргир

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона туманининг 15 та маҳалласида малиначилик жадал ривожланиб, ушбу тармоқ ҳудуднинг ўзига хос драйверига айланди. Айни пайтда Водилдаги бир неча маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳоли ҳам ўз томорқасида малина етиштиришда катта тажриба эга. Шу боис мазкур ҳудудда етиштирилаётган табиий шифобахш ва дармондориларга бой малина мамлакатимизнинг барча ҳудудларига ички бозор истеъмоли учун етказиб берилади.
Қувонарлиси, кейинги йилларда туман миришкорлари маҳаллий навлардан ташқари экспортбоп, Европа навларидан ҳам юқори ҳосил ҳамда даромад олишга эришяпти. Ҳозирги кунда ҳудуддаги 5,6 мингдан зиёд шахсий томорқа эгалари, фермер ва деҳқон хўжалиги ерларида 620 гектардан ортиқ майдонда етиштирилаётган малина ҳосили дунё бозорларига етказиб берилмоқда. Бунинг самараси сифатида тармоқдаги юксалиш кўлами тобора ўсиб бориши таъминланяпти.
Шу кунларда тумандаги «Алпомиш Хосиятхон» боғдорчилик фермер хўжалигининг 14 гектар ерида Италиянинг 12 хил навдаги малина ҳосили йиғиб олиниб, экологик тоза табиий маҳсулот замонавий гофра қутиларга қадоқланган ҳолда экспортга тайёрланмоқда.
— Экспортбоп Италия малинасининг ҳар гектаридан йилига икки марта 25 тонна ҳосил олинади, — дейди «Алпомиш Хосиятхон» боғдорчилик фермер хўжалиги раҳбари Элёр Нишонов. — Ҳозирда 1 кг малина жаҳон бозорида 6 доллар эканлигини инобатга олиб, жорий мавсумда ундан ўртача 120-150 минг доллар даромад олишни мақсад қилганмиз.
Бундан ташқари, баҳорги экиш мавсуми учун 120 минг дона малина кўчати тайёрлаб сотдик. Бу ҳам қўшимча даромад.
Айтиш жоиз, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 11-12 июль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида Фарғона тумани экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида 200 гектар ерда саноат усулида Италия ва Полшанинг серҳосил малина навларини экиш бўйича ташаббус илгари сурилган эди. Бу борадаги режалар босқичма-босқич амалга оширилиб, ҳозирда «МАРWИН ФРУИТЛИНE» МЧЖ томонидан 23 гектар майдонда Полшадан келтирилган малина кўчатлари белгиланган агротехник тадбирлар доирасида парваришланмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг