Вержил Ортис ўзбек боксчиси Исроил Мадримов ҳақида нималар деди?
2025 йил 22 февраль куни Саудия Арабистонида ўтказиладиган юқори сифатли бокс оқшомида Вержил Ортис ва ҳамюртимиз Исроил Мадримов ўзаро жанг қилади. Ушбу жанг Артур Бетербиев ва Дмитрий Бивол ўртасидаги жангдан олдин, қўшимча жанги сифатида ташкил этилади. Ортиснинг сўзларига кўра, Мадримов билан тўқнашув кечанинг энг ёрқин воқеасига айланиши мумкин.
Вержил Ортис жанг ҳақида ўз фикрларини билдирди: «Мен ҳар қандай чорловни қабул қиламан. Ушбу кардда эканимдан миннатдорман. Бу ерда бўлиш мен учун катта шараф. Мен энг яхшилар билан жанг қилмоқчиман. Бу ким бўлиши қизиқ эмас».
Супер яримўрта вазн тоифасида «WBC Interim» чемпиони Вержил Ортис 22 та жанг ўтказган ва 21 тасида нокаут билан тугатган.
АҚШлик боксчининг режаларида аввал Мадримов бўлмаган. «Богачукдан кейин Кроуфорд билан жанг ўтказмоқчи эдик. Буни амалга оширишнинг имкони бўлмади. Энди Мадримов билан жанг қиламиз. Мен ўтмишдаги боксчилардек бўлишни хоҳлайман. Бу менинг мақсадим. Исроил билан классик жанг бўлади. Мадримов элита жангчиси ва мен унга қарши рингга чиқишдан жуда хурсандман», деди Ортис.
Исроил Мадримов август ойида Теренс Кроуфорд билан бўлган жангида фаолиятидаги ягона мағлубиятни қабул қилган эди. Ортис ва Мадримов илгари спарринг жангларида иштирок этган. Ортиз бу тажриба ҳақида шундай деди: «Мен жуда кўп нарсани ўргандим, у ҳам ўрганганига ишонаман. Шунинг учун, бу жангнинг томошабинлар учун жуда жозибадор бўлишига ишонч бор» .
Вержил Ортис «Golden Boy Promotions» номидан жанг қилади, Мадримов эса «Matchroom Boxing» промоутерлиги остида рингга чиқади. Ушбу рақобат ҳақида «Golden Boy» раҳбари Оскар Де Ла Хоя шундай деди: «Биз, промоутерлар, ҳар доим ўз жангчиларимизни ғолиб бўлишини хоҳлаймиз, аммо бундан ҳам муҳимроғи, мухлисларга энг яхши жангларни тақдим қилишни истаймиз. Ҳар бир жангчилар бу жангларни қабул қилишда жасорат кўрсатишди. Вержил Ортис, Богачук билан жангдан кейин Мадримов билан жанг қилишга рози бўлди. Ким бундай қилади? Бу унинг буюк жангчи эканини исботлайди» .
22 февраль куни Саудия Арабистонида ўтадиган бокс кечаси юқори даражадаги жангларга бой бўлиши кутилмоқда. Ортис ва Мадримов ўртасидаги жанг эса, профессионал бокснинг янги классик саҳифасига айланиши мумкин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг