​Вазифалар масъулиятли ва мураккаб. Лекин уларнинг ижроси учун имкониятлар етарли

02:42 13 Январь 2019 Жамият
6136 0

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига амалга оширган ишчи ташрифи чоғида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг тавсияси халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши томонидан қўллаб-қувватланди. Эркинжон Турдимов Самарқанд вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.

Республикамиздаги йирик ҳудудлардан бирининг раҳбари мухбиримиз саволларига жавоб берди.

— Эркинжон Оқбўтаевич, сиз Президент тавсияси билан шундай масъулиятли лавозимга тайинландингиз. Хўш, бу юксак ишонч масъулиятини қандай ҳис қилдингиз?

— Давлат томонидан билдирилган бундай юксак ишонч, аввало, минглаб одамларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, турмуш тарзини кўтариш, дунёда мамлакатимиз нуфузи ҳамда рақобатдошлигини оширишга қаратилган улкан дастурларни рўёбга чиқаришга йўналтирилган масъулиятдир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан вилоятларга ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича тобора катта иқтисодий имкониятлар ҳамда преференциялар тақдим этиляпти. Бунинг натижасида минтақалар давлатнинг ижтимоий-иқтисодий драйверларига ҳамда ҳаётнинг барча жабҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг сифат кўрсаткичларига айланяпти. Бу вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар раҳбарларига мамлакатнинг замонавий тараққиёт босқичида муҳим ҳамда масъулиятли вазифа юклаётганини ­англатади.

Олдимизда оддий бўлмаган, лекин саъй-ҳаракатларни бирлаштирган ҳолда ечиладиган вазифалар турибди.

Бугун одамларнинг ­дунёқараши шиддат билан ўзгармоқда, жамиятимиз янада очиқ бўлиб бораётир. Бинобарин, аҳоли билан мулоқотни давом эттириш муҳимдир. Зотан, халқ билан мулоқот одамларни ташвишга солаётган муаммоларни аниқлаш ва уларга амалий ечим топиш имконини беради.

Давлат раҳбари Ўзбекистондаги ҳар бир инсон, миллати, тили ва эътиқодидан қатъи назар, эркин, тинч ҳамда фаровонликда, ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашдек олижаноб мақсадни қўйди. Ушбу эзгу ниятларга эришиш учун ҳар бир ҳудуд раҳбари шахсан жавобгар, деб ҳисоблайман.

— Яқин истиқболдаги амалий фаолиятингизда ўз олдингизга қандай устувор вазифаларни қўйгансиз?

— Умуман олганда, олдимизда замонавий корхоналар, янги иш ўринлари яратишга инвестициялар йўналтириш, аҳолининг маиший муаммоларини ҳал қилиш, замонавий талабларга жавоб берадиган таълим, илм-фан тизимини шакллантириш, рақамли технологияларни комплекс татбиқ этиш йўлидаги ­машаққатли меҳнат турибди.

Инвестициявий жараёнларни фаоллаштирган ҳолда биз иқтисодиётда ижобий суръатларга эришамиз. Бу эса ижтимоий ва инфратузилма соҳаларида йиғилиб қолган муаммоларни изчиллик билан ҳал қилиш имконини беради. Биз “яширин” иқтисодиёт ва коррупцияга принципиал қарши курашган ҳолда очиқ иқтисодиёт, соғлом рақобат учун қулай шароит яратишимиз лозим.

Ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги бўйича салоҳиятидан янада ­самарали фойдаланиш вақти келди. Самарқанд вилоятида аҳолини иш ва зарур қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш имконини берадиган 37 минг гектардан зиёд фойдаланилмаётган суғориладиган ерлар мавжуд. Бўш ётган майдонларни ишлатиш лозим. Бу келгусидаги фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бирига айланади.

Ўз навбатида, тадбиркорлик, самарали солиқ сиёсатини олиб боришни қўллаб-қувватлаш ҳам устувор аҳамият касб этади.

Президентнинг ҳудудларни комплекс ривожлантириш масалаларида аниқ амалий кўрсаткичларга эришишга қаратилган Фармон ва қарорлари ижроси изчиллигини таъминлаш стратегик жиҳатдан муҳимдир.

— Инвестициявий жараёнларни фаоллаштириш йўлидаги дастлабки саъй-ҳаракатларингиз қандай бўлади?

— Ҳудуд иқтисодиётига хориж капитал қўйилмалари ҳажмини ошириш масаласи Президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига амалга оширган ишчи ташрифи чоғида ҳал қилина бошланди. Давлат раҳбари делегацияси таркибига қўшма ло­йиҳаларни рўёбга чиқаришни режалаштираётган хориж давлатлари элчихоналари вакиллари ҳам киритилганди. Жалб қилинаётган инвестициялар интенсив боғларни кенгайтириш, пахта-тўқимачилик клас­терларини яратиш, сувни тежаш технологияларини жорий қилиш, паррандачилик, минерал ўғит, қурилиш материаллари ва бошқа саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш каби йўналишларга тааллуқлидир. Масалан, Булунғур туманида Хитой қишлоқ хўжалиги тажрибасини татбиқ этиш режалаштириляпти. “Ургут-2” ­эркин иқтисодий зонасида россиялик ҳамкорлар билан биргаликда ўсимликларни ­кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқариш бўйича корхона очилаётир. Тайёр маҳсулотнинг қарийб 30 фоизи экспортга чиқарилади.

Умуман, 2019-2020 йилларда хорижлик ҳамкорлар иштирокида юқори технологияли йирик ишлаб чиқариш қувватларини барпо қилиш бўйича 968 та сармоявий лойиҳа шакл­лантирилди. Жалб этилган ­инвестициялар ҳудуд экспорт салоҳиятини юксалтиришга ­хизмат қилиши керак. Шундагина салмоқли капитал қўйилмалар кутилган самарани ­беради.

Албатта, қўйилган вазифаларни амалга оширишда кадрлар ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, бир қатор туманлар ҳокимлигига янги, кўпроқ самара келтирадиган раҳбарлар тайинланмоқда.

Айни чоғда давлат раҳбари топшириғига биноан, Самар­қандда халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, рақамли иқтисодиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича амалий ишлар бошланди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ушбу соҳадаги мутахассислар яқин келажакда ҳудуд ва умуман мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий имижини белгилаб беришади.

— Самарқанд вилояти ноёб сайёҳлик салоҳиятига эга. Ушбу йўналишда қандай дастурларни амалга ошириш режалаштири­лаётир?

— Ушбу йўналишдаги ишлар босқичма-босқич олиб борилмоқда. Бизнинг вазифамиз мазкур жараёнларга янги туртки беришдир. Ҳозирги кунда ­Индонезия, Туркия ва БАА инвесторлари иштирокида замонавий меҳмонхоналар қуриш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилиш арафасида турибди. Ушбу соҳада энг йирик ­дастурлардан бири “Samarkand siti” туристик кластери, йирик халқаро анжуманлар ўтказиш учун конгресс-холл, юқори даражадаги ­меҳмонхоналар ҳамда бизнес марказ қуришдир.

Малакали мутахассисларни халқаро илғор тажрибани инобатга олган ҳолда тайёрлаш мақсадида Буюк Ипак йўли ­халқаро туризм университети фаолияти фаоллаштирилади.

Туризмнинг зиёрат, тиббиёт, экологик турларини ривож­лантириш бўйича аниқ лойиҳалар ҳам мавжуд.

— Жорий йилда ­Самарқанд вилояти учун қандай ижтимоий дастурлар устувор бўлади?

— Одамларнинг бахтли-­саодатли ҳаёт кечиришлари учун қулай шароит яратиш ушбу йўналишда устувор дас­турлар ҳисобланади. Бунинг учун биз уй-жой етишмаслигидек ўткир масалани тез ва самарали ҳал қилишимиз керак. Шу мақсадда Мотруд массивида жорий йилда кўп қаватли уйлар қурилиб, янги митти туман барпо этилади. Қолаверса, немис техноло­гияси асосида алоҳида сейсмик ва шамолга бардошли бўлган 16 қаватли уйлар ­бунёд этилаётир. 50 та кўп хонадонли тураржой қуриш ҳам бу борадаги лойиҳалардан биридир. Уй-жой дастурини амалга оширишда нархни шакллантириш ва комплекс ижтимоий инфратузилмаларни яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари таълимнинг барча босқичини модернизация қилиш ишлари давом эттирилади, янги спорт ва маданият муассасаларини очиш ҳам ­режалаштирилмоқда.

Болаларни 2019 йилда мактабгача таълим даргоҳларига қамраб олиш даражасини ҳозирги 29 фоиздан 52 фоизгача ошириш кўзда тутилмоқда. Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Ҳиндистондаги ҳамкорлар билан биргаликда ҳудудда юқори технологияли тиббиёт марказларини очиш бўйича келишувларга эришилди. Айни чоғда Каттақўрғон, ­Нуробод ва бошқа туманларда тиббиёт ходимлари етишмовчилигидан кўз юмиб бўлмайди.

— Сиз Ўзбекистоннинг кўп ҳудудларида ишлагансиз. Бошқа минтақалар билан солиштирганда ­Самарқанд вилояти ижтимоий-иқтисодий тарақ­қиётда қандай ўсишга ­эришиши мумкин?

— Ҳар бир ҳудуд ўзига хос ижтимоий-иқтисодий имиж ва ривожланиш салоҳиятига эга. Самарқанд вилояти одатда агросаноат, туризм салоҳияти ва кучли таълим ресурслари билан ажралиб туради. Сўнгги йилларда бу ерда юқори технологияли, дунё бозорида рақобатдош бўлган автомобилсозлик, тўқимачилик, қайта ишлаш тармоқлари шаклланди. Аммо ҳудуднинг энг асосий ­ресурси ишбилармонлик ва ­бунёдкорлик туйғуси билан яшаётган инсонлардир. Бинобарин, давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган марраларга эришиш йўлида, биринчи навбатда, ҳудуд аҳолиси кўмагига таянмоқчимиз.

— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Ўз мухбиримиз Ринат АБДУЛЬМАНОВ суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?