«Ватанпарвар» ташкилоти спортчилари дунёни лол қолдиришда давом этмоқда

22:33 19 Июль 2022 Спорт
527 0

Фото: «Ватанпарвар» ташкилоти Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 12-17 июль кунлари Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳридаги Байсерке ўқув-спорт аэродромида эркин учар авиамоделлар бўйича Жаҳон кубоги ва Евроосиё кубоги мусобақалари бўлиб ўтди.

Турли давлатлардан ташриф буюрган 120 дан ортиқ спортчилар ўзлари томонидан яратилган самолёт моделлари ва уларнинг очиқ осмонда нечоғлик парвоз қилиш имкониятларига эга эканлигини намоён этдилар.

Беллашувларда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг авиамодель спортчиларидан иборат жамоаси юқори натижаларга эришиб, мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар.

Қизғин ва шиддатли кечган баҳслар юртдошларимиз учун қуйидаги натижалар билан якунланди:

— Жаҳон кубогида Вадим Васильев (Тошкент ш.) Ф-2-Б-синфида 1-ўрин;

— Евроосиё кубогида Шамсиддин Бобоев (Тошкент в.) Ф-1-А-синфида 2-ўрин;

— Жаҳон кубогида Алексей Бундин (Тошкент в.) Ф-1-А-синфида 2-ўрин;

— Жаҳон кубогида Алишер Мирзаев (Фарғона в.) Ф-1-Б-синфида 3-ўрин;

— Жаҳон кубогида Валерий Варданян (Фарғона в.) Ф-1-С-синфида 3-ўрин;

— Евроосиё кубогида Шавкат Исматиллаев (Тошкент ш.) Ф-1-Б-синфида 3-ўрин.

Ҳар иккала – Жаҳон кубоги ва Евроосиё кубоги мусобақаларида спортчиларимиз жамоа ҳисобидан иккинчи ўринни қўлга киритдилар.

«Ватанпарвар» ташкилоти жамоаси ушбу нуфузли мусобақалардан 1 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медаллари билан қайтган спортчиларини қутлайди.

Эслатиб ўтамиз, «Ватанпарвар» ташкилоти бир қатор халқаро спорт ташкилотлари, жумладан, Халқаро аэронавтика федерацияси (FAI)нинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер