Ватанингни унутма, болам...

14:16 16 Январь 2025 Жамият
149 0

Фото: Иллюстратив фото

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Санаторияга келганининг иккинчи куниёқ Роҳила бувига уч-тўрт суҳбатдош топилди. Улар қаторида мен ҳам борман. 72 ёшли онахон чамаси 600 километр йўл босиб Бухородан Паркентга ёлғиз ўзи дам олгани келган. Каминани шу қизиқтириб қўйди.

— Уйда якка қолганман, — дея хўрсинганча сўз бошлади онахон. — Кеч турмуш қурдим. Бирин-кетин икки фарзандли бўлганимда дунёда мендан бахтли аёл йўқ эди. Аммо тақдир бу бахтдан узоқ баҳра олишни раво кўрмади. Кутилмаганда турмуш ўртоғим оғир дардга чалиниб қазо қилди. Қанотидан айрилган қуш каби чўкиб қолдим. Қариндош-уруғ, қўни-қўшнидан ёлчиганман. Улар ёрдам қўлини чўзди. “Болаларинг учун яшашинг керак”, дейишди. Ошхонада ишладим. Фаррошлик ҳам қилдим. Бор аламимни меҳнатдан олдим. Ўзим емай-ичмай икки норасида ўғилни вояга етказдим.

Тўнғичим худди отасининг ўзи. Зеҳни ўткир, уддабурон, киришимли. Ўқиди. Институтдан сўнг ишлади. Укасини қаватига олди. Уйланди. Алоҳида уй ҳам тиклади. Бир куни кутилмаганда “Онажон, энди Америкага кетаман”, деб қолди. Айтгани тилим келишмайди, аллабирбалони ютганмиш. “Бориб ишлайман. Кўп пул топаман. Ҳеч нарсага зориқмай яшаймиз”, деб туриб олди. Соддалигим қурсин, “Болаларим отасиз ўсди. Тенгдошларидай кийинтиргани, едиргани қўлим калталик қилди. Майли, кейин армонда юрмасин”, деган ўйда розилик билдирсам бўладими?! Орадан бир йил ўтар-ўтмас укаси ҳам оиласи билан унинг ортидан кетди. Бийдай ҳовлида якка ўзим қолдим...

Роҳила буви шундан сўнг водийлик уч талаба қизга уйидан бошпана берди. Муҳтожликдан эмас, албатта. Пул деганларини ўғиллари ойма-ой юбориб турибди. Аммо ёлғизлик ёмон. Тўрт девор ютаман, дейди. Бахтига қизлар эс-ҳушли, оилада яхши тарбия олишган экан. Онахонни иссиқ-совуғидан хабардор бўлиб, меҳр-оқибат кўрсатишди. Ҳатто уни икки-уч бор Фарғонага олиб бориб, ҳурматини жойига қўйдилар. Онахоннинг ўғиллари ҳам у ёқда қараб туришмади. Совға-салом жўнатиб туришди. Қизлар ўқишни тугатиб кетишгандан сўнг ҳам борди-келдини, қўнғироқлашишни канда қилишгани йўқ.

— Энди хоразмлик икки талаба қиз уйимда яшаяпти, — дея давом этади Роҳила буви. — Барака топишсин, улар ҳам қўл-оёғи чаққон қизлар экан. Қўлимни совуқ сувга ургани қўйишмайди. Тўғри, ёзда таътилга чиқиб уйларига кетишганида зерикиб қоламан. Аммо ўғилларим қўнғироқ қилиб “Уйда ёлғиз қолманг. Санаторияга боринг”, дея ҳоли-жонимга қўйишмади. Шу боисдан бу ерга дам олгани келдим.

Бувини тингларканмиз, бундан 35 йилча муқаддам океанортига кўчиб кетган бир таниқли санъаткорнинг сўзларини эсладик. У “Бу ерда ҳамма нарса бору аммо Ўзбекистон йўқ”, деган эди хўрсинган кўйи.

Айтмоқчи, Роҳила буви ўғилларининг олдига бориб, яшаса бўлмасмикан? Данагидан мағзи ширин, деганларидек, невараларни бағирга босиб умргузаронлик қилганга нима етсин?!

Буви айнан шу саволни беришимизни билган каби сўз бошлади.

— Ўғлим билан келиним “Биз билан яшайсиз”, деб ёнларига чақиришди. Бордим. Икки-уч кун ўтар-ўтмас зерикиб қолдим. Ҳар иккала ўғлим кун бўйи ишда. Келинларим ҳам. Неваралар ўқишда. Уйда бўлишганида ҳам ўзаро инглизча сўзлашишади. Она тилимизда гапира олишмайди. Келиним тилмочлик қилади. Менга ўртада ўтиб бўлмас жарлик бордай туюлади. “Бу нима кўргилик” деб изтироб чекаман. Кетиш тараддудига тушганимда ўғлим “Қолганингиз маъқул. Кетсангиз биз бу ёқда хавотир олиб юрамиз” деб оёқ тиради. Кўнмадим. “Ўлиб-нетиб кетсам нима бўлади? Қабрим етти ёт юртда қоладими? Йўқ, менинг сўнгги борар жойим раҳматли отангни ёнида” дедим. Аэропортга кузатгани чиққан кенжа ўғлимни бағримга босиб, “Ватанингни унутма, болам” дедиму кўз ёшимни тия олмадим...

Роҳила буви ўпкаси тўлган кўйи шу гапларни айтганида беихтиёр ёши анчага бориб қолган танишларимиздан бирини эсладик. Унинг қизи билан куёви 16 йилдирки, Германияда истиқомат қилмоқда. Неваралари ўша ерда туғилган. Танишимиз яқинда уларни кўргани бориб келди. Айтишича, куёвининг топиш-тутиши дуруст. Аммо невараларидан сўз очилганида суҳбатдошимиз андак хомуш тортди. Сўнгра ёрилди. Неваралари немис тилида бийрон сўзлашар эмишу ўз она тилларини тузукроқ билишмас экан. ”Буларга она тилимизда гаплашишни ўргат” дея қизимга қаттиқ тайинладим”, дейди у.

Ҳа, Ватан ва тил муштарак тушунча. Уларни айри тасаввур этиш мушкул. Тилини унутган миллат эса таназзулга юз тутиши муқаррар. Маърифатпарвар аждодимиз Абдулла Авлоний “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадургон ойинайи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллат руҳини йўқотмакдир” дея ёзгани бежиз эмас. Шундай деймизу қулоғимизга Роҳила бувининг “Ватанингни унутма, болам”, деган сўзлари акс -садо бераётгандек туюлаверади...

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?