Ватанимиз тараққиётини белгилайдиган стратегик ва маънавий йўл харитаси
Ҳар йили мамлакатимиз ривожланишининг ўзига хос йўлини белгилаб берадиган муҳим жараёнлардан бири бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг анъанавий йиллик Мурожаатномаси бу гал ҳам мамлакатимиз ва халқаро ҳамжамиятни диққат марказида жамлади. Чунки мазкур Мурожаатнома доимо муҳим ижтимоий аҳамият касб этади, унда Ватанимизнинг ўрта ва узоқ муддатли тараққиёти устувор йўналишларини белгилаб берадиган асосий парадигмалар белгилаб берилади. Унда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий-маданий соҳалардаги ислоҳотларнинг асосий мақсад ва вазифалари далиллар асосида баҳоланган бўлиб, ҳужжатда илгари сурилган ғоялар ва тамойиллар ижро ҳокимиятининг яқин келажакдаги фаолиятини мувофиқлаштириш, ислоҳотларнинг бориши устидан парламент назоратини кучайтириш имконини беради.
Мурожаатномада 2025 йилда амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижаларининг асосли таҳлил қилинганини таъкидлаш жоиз. Давлатимиз раҳбари қай соҳадан гапирмасин, унинг кўрсаткичларини аниқ фактлар билан далиллайди. Масалан, глобал савдо тизимида “ўйин қоидалари” ўзгараётган бир пайтда жорий йил экспортимиз 23 фоизга ошиб, 33,4 миллиард долларга етказилгани, Жаҳон банки эълон қилиб борадиган Давлатларнинг технологик етуклик индексида Ўзбекистон 71 поғона юқори кўтарилиб, дунёнинг ТОП-10 та мамлакати қаторидан жой олгани ҳар биримизда фахр ва шукур ҳиссини уйғотади. Шунингдек, таҳлилларда жорий йилда 5 миллион аҳоли даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушгани, қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқиб, илк бор 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айлангани ҳам алоҳида таъкидланди.
Шубҳасиз, бу галги Мурожаатнома ҳам юртимиз тараққиётининг янги босқичидаги давлат сиёсати мазмуни ва моҳиятини, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг стратегик йўналишларини ҳамда уларнинг туб мақсадларини чуқур англашга йўл очади. Унда билдирилган ғоялар, кун тартибига қўйилган вазифалар давлат бошқаруви, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, таълим-тарбия, маънавий-маърифий ҳаёт ва жамият тараққиётига доир масалаларни тизимли ва узвий ёндашув асосида қамраб олгани билан алоҳида аҳамиятлидир. 2025 йилда ўқувчи ва талабаларнинг жорий йилда халқаро фан олимпиадаларида 51 та олтин, 101 та кумуш, 126 та бронза медалини қўлга киритиб, ўз билим ва салоҳиятини бутун дунёга намойиш қилгани ўз-ўзидан маррани кенгроқ олишни тақозо қилади. Давлатимиз раҳбари юртимизда 2026 йилда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, 2027 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати, 2029 йилда эса Ёшлар Осиё ўйинлари, илм-фан бўйича 2026 йилда юртимизда илк бор мактаб ўқувчилари ўртасида нуфузли халқаро кимё ва информатика олимпиадалари, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар талабалари ўртасида муҳандислик йўналишларида, Туркий давлатлар техникум ўқувчилари ўртасида касб йўналишларида халқаро олимпиада ўтказилишини эълон қилди, бу мусобақа ва танловлар юртимизни ривожланган спорт ва илм-фан мамлакатига айлантиришга, унинг обрў-эътиборини юксалтиришга хизмат қилади. Президентимиз глобал масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди. 2025 йил Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси, ЮНЕСКО Бош конференциясининг сессияси, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити ва халқаро Иқлим форуми юртимизда ўтказилди. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчиларининг 2025 йил март ойида Хўжандда бўлиб ўтган учрашувида биринчи марта уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида тарихий шартномани имзолаб, “Абадий дўстлик тўғрисидаги декларация”сини қабул қилишди. Бундай хайрли ишлар замирида яхши қўшничилик, давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳурмат турганидан дарак беради. Ҳозирги глобал иқтисодиётда рақобатга чидамли бўлиш учун малакали касб эгалари ва мутахассислар, замонавий технологияларни талаб қилади. Юқори қўшилган қиймат яратадиган соҳаларни ривожлантириш, катта даромад келтирадиган сервисларни кўпайтириш, биоинженериядан кенг фойдаланиш, илғор агротехника ва сув тежайдиган усулларни фаол қўллаш, “яшил” энергетика, чиқиндисиз ишлаб чиқаришга ўтиш, таълим ва тиббиётда илғор хорижий тажрибаларни кенг жорий этиш учун янги технологияларни олиб кириб, кадрларни илм-фан ва инновацияларга асосланган замонавий касбларга тайёрлаб, келгуси беш йилда иқтисодиётимиз ҳажмини 240 миллиард доллардан оширишга барча имкониятлар борлиги таъкидланди.
Мурожаатноманинг асосий нуқталарини Президентимизнинг 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим олти устувор йўналишдан иборат дастур ҳақида фикр-мулоҳазалари ва ташаббуслари ташкил қилди. Белгилаб берилган мазкур олти устувор йўналиш юртимизни барқарор ривожлантириш, инсон қадрини улуғлаш ва фуқаролар фаровонлигини таъминлашга қаратилган яхлит дастур сифатида намоён бўлмоқда. Президентимиз 2026 йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номлашни таклиф қилди, чунки бугунги мураккаб замонда ёшларнинг турли синовларга чидамли, ватанпарвар инсонлар этиб тарбияланиши, халқимизни янада бирлаштириш ва жипслаштирилишида ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган маҳалланинг ўрни ва аҳамияти каттадир. Маҳалла ва яхши қўшничилик ўзаро уйғун қадриятлар бўлиб, улар жамиятда ижтимоий капитални янада бойитишга беқиёс ҳисса қўшади. “Маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади” деб таъкидлади давлатимиз раҳбари. Шунингдек, 2026 йил давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқлари, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизими каби барча-барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлишини алоҳида қайд этди. Энг устувор вазифалар қаторида маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилаш орқали юртимизни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг қиёфасини янада гўзал ва обод қилиш ишлари давом эттириш, келгуси йилдан маҳаллани ривожлантириш бўйича комплекс ёндашув жорий этилиб, ҳар бир вилоятда икки-учтадан туманни танлаб, ҳамма маҳалласидаги барча муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал қиладиган тизим яратилиши, уларда бир вақтнинг ўзида тадбиркорлик инфратузилмаси ҳам ривожлантирилиши таъкидланди. Ушбу мақсадлар учун барча манбалар ҳисобидан 8,5 триллион сўм маблағ ажратилади. Депутатларга ўз округидаги муаммоларни ҳал этиш учун 500 миллиард сўм берилади, бу борада “яшил ҳудуд”, “яшил боғ” яратиш бўйича ҳар бир депутатнинг ташаббусига қўшимча 330 миллион сўмдан йўналтирилиши белгиланди. Президентимиз келгуси йилда маҳаллалардаги аҳолини, хусусан, хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш ҳақида гапириб, бу йўналишда зарур инфратузилмани яратиш бўйича уч йиллик дастур қабул қилиниши ва бир триллион сўм йўналтирилишини айтиб ўтди. Маҳалла ёшларининг китобхонликка бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида мактаб кутубхоналари ҳар йили 10 миллион дона бадиий адабиётлар билан таъминлаб борилади. 2026 йилдан “Рақамли стартаплар” дастури кенгайтирилиб, стартап ғоясидан то экспортгача кўмаклашадиган янги тизим йўлга қўйилиши, бу жараёнда хусусий стартап марказларини ташкил этиш учун Ёшлар жамғармасидан беш йил муддатга 5 миллиард сўмгача фоизсиз ссуда берилиши, мазкур соҳадаги барча иштирокчилар ҳуқуқларини қонун билан кафолатлаб қўйиш зарурлигини таъкидлади. Мазкур рақамлар шунчаки рақамлар эмас, у маҳалла ва жамоатчиликни фаол иштирок этишга жалб қилиш орқали маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш ва фуқароларни ижтимоий-маданий фаолиятга кенг жалб қилиш, жамиятдаги бирдамлик ва ҳамжиҳатлик руҳини мустаҳкамлашга ёрдам берадиган кучдир. Маҳаллаларда, мактаб ва кутубхоналарда китобхонликни рағбатлантириш ва тарихий-маданий меросни ёш авлодга етказиш бўйича амалий ташаббуслар алоҳида аҳамият касб этади.
Мурожаатномада келтирилган ғоялар таълим муассасалари, илмий жамоатчилик олдига ҳам янги вазифаларни қўяди. Улар олий таълим муассасаларидаги таълим мазмунини янгилашни, илмий тадқиқотлар самарадорлигини оширишни ва халқаро тажрибаларни кенг жорий этишни талаб қилади. Шунингдек, Мурожаатномада кун тартибига қўйилган ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар таълим муассасалари зиммасига маънавий-маърифий тарбияни кучайтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида камол топтириш, уларда ижтимоий фаолликни шакллантириш каби муҳим вазифаларни қўяди. Ҳар йили меҳнат бозорига 300 минг олий маълумотли кадрлар кириб келишини инобатга олиб, олийгоҳ битирувчилари ва иш берувчилар ўртасида “кўприк” бўлиб хизмат қиладиган рақамли экотизим яратилиши, унда талабаларнинг академик кўрсаткичлари ва корхоналардаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар “онлайн” тарзда кўриниб туриши, ушбу экотизим битирувчи курс талабалари учун ўзига мос иш топиш, корхоналарга эса малакали кадрларни жалб қилиш имконини бериши ҳар бир олий таълим даргоҳи масъуллари учун зарурат эканлигини яна бир бор яққол кўрсатиб берди.
Президент Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ва бошқа етакчи молия институтлари билан ҳамкорликда иқтисодиётимизни технологик модернизация қилиш, инфратузилмани ривожлантириш, барқарор энергетика ва транспорт лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ишларни давом эттиришни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Туркий давлатлар ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида анъанавий, кенг қамровли шериклик алоқалари янада кенгайтирилишини айтиб ўтди.
Маънавият соҳасидаги ислоҳотлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари, маданият ва санъат, китобхонликни ривожлантириш, маърифий муҳитни мустаҳкамлаш билан чамбарчас боғлиқ экани Мурожаатномада аниқ ифода этилди. Бу борада илмий ва ижодий зиёлиларнинг жамиятдаги ўрни ва масъулияти янада ошиб бораётганини алоҳида таъкидлашга лойиқдир. Ижтимоий-маданий ҳаётни ривожлантириш йўлида Соҳибқирон Амир Темур ва Мир Алишер Навоий боболаримизнинг таваллуд айёмлари каби тарихий саналарни кенг нишонлаш жамиятда ягона миллий онг ва ғурур шаклланишига, оилавий қадриятларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Президент Мурожаатномаси Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичига кирганлигини тасдиқлади. У нафақат 2025 йилдаги ютуқларни умумлаштирди, балки келажак учун аниқ ва амбицияли режаларни белгилади. “Инсон – давлат – қонун” учлигига асосланган ёндашув, мамлакатни замонавий, рақобатбардош ва барқарор ривожлантиришга қаратилган стратегия Ўзбекистоннинг келгуси ўн йилликдаги йўлини белгилайди. Президентимиз таъкидлаганидек: “Бизнинг асосий кучимиз – бирдамлик ва ишончдир. Ҳар бир фуқаронинг фаоллиги, ҳар бир оиланинг фаровонлиги, ҳар бир юртимизнинг ободонлиги – мана бизнинг келажагимиз гаровидир”. Президент Мурожаатномаси Ўзбекистоннинг инсон манфаатларини марказга қўйган ривожланиш моделини мустаҳкамлаб, мамлакатнинг глобал иқтисодиёт ва сиёсатдаги ўрнини оширишга қаратилган стратегик ҳужжатдир. Юртимиз бугунги кунда нафақат ўз минтақасида, балки глобал миқёсда ҳам ўзининг ислоҳотлар тажрибаси ва барқарор ривожланиш модели билан танилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномаси бу йўлда янги босқични бошланишини ва халқнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан янада юксак марраларга эришиш мумкинлигини кўрсатди.
Баҳодир МАЪМУРОВ, Бухоро давлат педагогика институти ректори, педагогика фанлари доктори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг