“Ватан учун ижод қил, келажак учун технология ярат!”

15:37 10 Сентябр 2025 Жамият
77 0

Учкўприк туманидаги ёшлар хиёбонида “Ватан учун ижод қил, келажак учун технология ярат!” шоири остида ижодкор ҳамда замонавий технологияларга қизиққан ёшлар иштирокида кўргазма ташкил этилди.

Кўргазмада тумандаги мактабларда таълим-тарбия олаётган 200 нафарга яқин ўқувчилар робототехника соҳасидаги илғор ишланмалари, кашфиётлари ва маҳсулотларини намойиш этишди. Тадбир қатнашчиларига оддий ёғоч, картон ва пўкакдан тайёрланган илк маҳсулотлардан тортиб, робототехниканинг сўнги ютуқлари ҳамда мураккаб технологияли ишланмалар кўрсатилди.    

— Бу ташаббус Учкўприк тумани ҳокимлиги томонидан маъқулланиб, фаолиятимизни кенгайтириш учун қўшимча жой ажратиб бериладиган бўлди, — дейди лойиҳа ташаббускори Аҳлиддин Қўчқоров. — Шунингдек, туман ҳокимлиги ҳомийлиги ва кўмагида қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этишга келишиб олинди. Шу тариқа ҳар бир ўқув гуруҳида ўртача 50-60 нафар иқтидорли ўғил-қизларни қамраб олиш ҳамда робототехника соҳаси бўйича мукаммал ўқитиш режалаштирилмоқда.

  Айтиш жоиз, мазкур йўналишда ҳаётий тажрибага эга ёш олим Аҳлиддин Қўчқоров шогирдлари билан республика ва халқаро миқёсдаги кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этиб келаётир. Яқин истиқболда бу каби ўқув курслари фаолиятини вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида йўлга қўйишни мақсад қилган.  

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».                                                                                                                  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?