Путин жавоб беришимизни билиши шарт — Швеция мудофаа вазири

19:54 29 Сентябр 2025 Дунё
140 0

Швеция мудофаа вазири Пол Юнсон бир неча кун олдин европаликларни урушга тайёргарлик кўришга чақирган эди. У Bild нашрига берган интервьюсида НАТО ҳаво ҳудудидаги провокацияларга қандай жавоб беришини тушунтирди.

Агар НАТО ҳаво майдонини Россия самолётлари ёки дронлари бузса, уларни уриб тушириш юзасидан берилган саволга вазир қуйидагича жавоб берди:

«Буни навбатчи операция қўмондони ҳал қилади ва шундай бўлиши керак. Бу бюрократлар қарор қабул қиладиган масала эмас. Швеция ўз қадриятларига амал қилади. Агар бизнинг ҳаво ҳудудимиз бузилса, қўмондонлар зарур бўлган ҳамма нарсани қилиш ваколатига эга. Биз ҳудудий яхлитлигимизни ва Швеция ерларини ҳимоя қиламиз», — деди Пол Юнсон.

«Путин НАТОни жиддий қабул қиляптими?», деган саволга вазир қуйидагича жавоб берди:

«Путин фақат кучни тушунади. Унинг бугунги ҳаракатлари — мақсадли провокациялар. Россия иттифоқ ҳудудини синаб кўрмоқчи. Путин НАТО ҳар бир қисмини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўришини билиши шарт. Агар орқага чекинсак, бу хавфли бўлади».

Шунингдек, вазир Россия чегараларида НАТОнинг кучлироқ кўриниши ҳақида гапирди:

«Путин самолётлар ва дронларни учиришда давом этмоқда. Энди у ўз чегараларида НАТОни кўпроқ кўради. Швеция ва Финландиянинг НАТОга қўшилиши — Россиянинг Украинага бостириб киришининг оқибати эди», — деди Юнсон.

Украина Россияга қарши ғалаба қозониши мумкинми? Бу саволга Пол Юнсон шундай жавоб берди:

«Ҳеч ким Россия бу урушда ғалаба қозонади, деб айта олмайди. Путин катта ютуқларга эришмаяпти ва унинг иқтисодиёти қийналмоқда. Бир нарса аниқки, украиналиклар куч позициясидан музокара юритиши керак. Шунинг учун биз Киевни қўллаб-қувватлашни кучайтиришимиз жуда муҳим».

Ғарб Украинани етарлича қўллаб-қувватлаяптими?

«Мен яна кўпроқ ёрдам кўришни хоҳлардим. Германия, Голландия ва Шимолий Болтиқбўйи давлатлари аллақачон катта ёрдам бермоқда. Аммо бутун Европа бу жараёнга фаолроқ қўшилиши лозим. Масалан, Украина мудофаа саноатини қўллаб-қувватлаш учун музлатилган рус активларидан фойдаланишга тайёрмиз», — деди Швеция мудофаа вазири.

НАТО Украинага қўшин киритадими?

Пол Юнсон бу саволга жавобан НАТО қўшинларини Украинага юбориш масаласи сулҳ ва тинчлик келишувидан кейин кўриб чиқилиши мумкинлигини таъкидлади. Шу билан бирга, у Украина қуролли кучларини тиклашда маслаҳат ва ёрдам беришга НАТО тайёр эканини қўшимча қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?