Ватан, сени севиб не қилолдим, мен?!

Фото: Архив сурат
Соғинч
Таниқли шоир, моҳир публицист Саъдулла Ҳаким 1951 йил 25 мартда Жиззах вилоятида туғилган. Ижодкорнинг «Ҳамал тонглари», «Сен кутган баҳор», «Ёз оқшоми», «Она сўз», «Сайланма», «Кўнгил юзи», «Кўҳна нақл» каби ўндан ортиқ шеърий тўпламлари адабиёт ихлосмандлари қалбидан жой олган. Унинг «Эсимда қолган кунлар», «Атом қаърига саёҳат» каби публицистик асарлари ҳам севиб мутолаа қилиб келинмоқда.
Шоир Гёте, Пушкин, Лермонтов, Есенин, Юнус Эмро каби дунё адабиёти вакилларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Саъдулла Ҳаким 2020 йил 11 октябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.
«БИР ҲАЙРАТ ИЧИДА…” ТУРКУМИДАН
Ошиқ қуёш
Ўзбекистон – Ватаним азиз,
Сени севиб не қилолдим, мен?!
Сенга меҳр бобида, асли,
Ким қуёшга кела олур тенг?!
Сен деб қуёш аршидан тушиб,
Меҳр тўла бағрини очар.
Эҳтиросдан юраги жўшиб,
Бошинг узра марварид сочар.
Сенга яқин келгани сари
Уялади ўзидан, чоғи,
Тақир бошин беркитай дея
Кийиб олар бахмал қалпоғин.
Бундайини кўрмаган ҳали
Олам олам бўлиб сира ҳам.
Ҳар кун келар сени кўргали,
Ҳар кун кетар умидга ҳамдам.
Онага таъзим
Сиз чиғаноқ каби ўзингиздан сўнг
Қолдириб кетасиз дуру жавоҳир.
Жаннат оёғингиз остида, демак,
Бизнинг бошимизнинг устида зоҳир.
Мадҳингиз қуёшу ойгача етган,
Не-не донишмандлар ёниб айтганлар.
Сиздан кимки кетса саҳрога кетган,
Чаманзорга қайтган сизга қайтганлар.
Қалдирғоч қош
Бошима тушмиш бу савдо қошидан,
Айланурман ҳеч кетолмай қошидан.
Ўсмани қўймиш Яратганнинг ўзи,
Айланай ҳам ўзи, ҳам наққошидан.
Саъдулла ҲАКИМ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Абдулазиз Комилов Италиянинг энг юқори давлат мукофоти билан тақдирланди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг