Узумдан юқори даромад олаётган жомбойлик деҳқон
Самарқанд вилояти узумчилик бўйича республикамизда етакчилардан ҳисобланади. Мамлакатимизда мавжуд 181 минг гектар токзорларнинг 55 минг гектари вилоят ҳиссасига тўғри келади. Ундаги токзорларнинг 44,5 минг гектарида майизбоп кишмиш, 6,9 минг гектарида хўраки, 4,1 минг гектарида саноатбоп узум навлари экилган. Ўтган йил вилоят боғбонлари 663 минг тонна узум ҳосили олган бўлса, жорий йил бу рақам 700 минг тоннани ташкил этиши кутилмоқда.
Вилоятнинг кўплаб ҳудудларида узум етиштирилади. Айниқса, Қўшработ, Иштихон, Пайариқ, Ургут, Самарқанд, Булунғур ва Тойлоқ туманларида узумчилик аграр соҳанинг асосий сердаромад тармоқларидан бирига айланган. Янги ва серҳосил узум навлари яратилиб, хорижга майиз экспорти йил сайин ошиб бормоқда.
Эски Жомбой маҳалласида яшовчи уста деҳқон Убайдулла Маматқулов Жомбойда ҳам узум етиштириб, юқори даромад олса бўлишини исботлади.

– Бир пайтлар “Гулнигор нурли даласи” фермер хўжалигимизга қарашли 70 гектар майдони мавжуд эди, – дейди Убайдулла Маматқулов. – Бу ерда пахта, ғалла ва сабзавот маҳсулотлари етиштирардик. Бу бизга бироз қийинчилик туғдирди. 2015 йилдан буён фақатгина 8,5 гектар майдонда узумчилик билан шуғулланиб келяпмиз. Токлар ҳосилга киргандан кейин камроқ ердан ҳам кўпроқ даромад топса бўлишини англадик. Бироқ бунинг ўзи бўлмайди, албатта. Аввало, токларимизни Фарғона вилояти Олтиариқ тумани деҳқонлари тажрибаси асосида парваришлай бошладик. Ҳар бир туп токка алоҳида меҳр бердик. Дастлаб 6 навли узум етиштирган бўлсак, уларнинг сафига яна Аватар, Бургуттумшуқ, Оқ Ризамат навлари қўшилди. “Қаловини топсанг қор ҳам ёнади”, деганлари рост. Кўпчилик Жомбойда узум етиштириб бўлмайди, дерди. Шукурки, биз бунинг уддасидан чиқдик. Узум етиштиргандаям, гектаридан 25-30 тонна ҳосил олиб, ҳар бир гектар майдондан ўртача 600 миллион сўмдан ортиқ даромад оляпмиз. Кейинги пайтларда нафақат Эски Жомбой маҳалласида, балки туманда ҳам Убайдулла Маматқуловдан ўрнак олиб, узумчилик сирларини ўрганиб, томорқасида узум етиштиришга киришаётганлар сафи кенгайиб боряпти.
– Туманда жами 143 гектар майдонда узум етиштирилади, – дейди Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг тумандаги лойиҳа офиси мутахассиси Умид Ҳасанов. – Узумзорларнинг 11 гектари войишлардан иборат. Олтиариқ тажрибаси асосида ҳосил олиняпти. Шу йил яна 6 гектар майдонда шу усулда узум етиштириш мақсадида ток кўчатлари ўтқазилди. Шу тариқа Жомбойда ҳам узумчилик кенгайиб, ундан даромад олиб рўзғорини тебратаётганлар кўпайиб бормоқда.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг