Узумчиликдан мўмай даромад олаётган маҳалла

13:56 26 Июнь 2025 Жамият
152 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Қуёш замин узра бир хил нур сочади. Лекин офтоб тафтини булоқбошиликлар бошқача ҳис қилади. Узумчиликда узоқ йиллик тажрибага эга маҳаллалар ҳосилни қуёшнинг заррин нури билан етилтиради. Мирзакалон Исмоилий номи билан аталувчи маҳаллада бўлганимизда бунга яна бир бор амин бўлдик.

Маҳаллада 405 та хонадон бўлиб, шундан 380 таси узумчиликка ихтисослашган. Суяги меҳнатда қотган аҳоли эрта баҳордан ишга киришади. Ҳар бир токка ўзгача меҳр беради. Зеро, ҳар бир шохда оила учун барака, фарзандлар учун таълимга сармоя, кексалар учун ҳаёт завқи бор! Ҳар бир хонадон катта даромад манбаидир. Томорқанинг ўзидан ўртача 3 тоннагача ҳосил олинади. Кўчаларга сўритоклар ўрнатилгач, бу кўрсаткич 4 тоннани ташкил эта бошлади. Масалан, «Ойбулоқ» кўчасининг икки четида қад ростлаган сўритоклар 4 км.гача давом этган. Бу ўтган йили 820 тонна ҳосил йиғиб олиш имконини берди. Шундан 450 тоннаси экспортга йўналтирилган.

— Авваллари томорқанинг ўзидан ҳосил олган бўлсак, энди кўчамиздан ҳам унумли фойдаланмоқдамиз, — дейди шу кўчада яшовчи Акромжон Қосимов. — Бу жараёнда банк кредитлари ҳам катта роль ўйнамоқда. Улар томонидан ҳар бир хонадонга 3 йиллик имтиёзли давр билан кредитлар ажратилди. «Ҳусайни», «Андижон қора» навли узум тез ҳосилга киргани боис ҳозирда ҳам кредит учун тўловни амалга оширяпмиз, ҳам даромад оляпмиз. Шахсан ўзим, 9 сотихдан иборат томорқамнинг 7,5 сотих қисмига ток экканман. Ҳозирдан ҳосилнинг ҳар бир килоси учун 20 минг сўмдан харидорлар бор.

Жорий йилда ҳам маҳалла аҳли узумчиликдан катта даромад олиш истагида. Меҳнатлари самараси туфайли ҳосилнинг чўғи баланд. Уларнинг айтишича, бу йил 900 тонна узум йиғиб олиш мумкин.

— Бундан беш йил муқаддам маҳалламизда камбағаллар рўйхатида турувчилар сони 125 нафардан иборат эди, — дейди маҳалла ҳоким ёрдамчиси Юсуфбек Акбаров. — Айни пайтда уларнинг сони 20 нафарни ташкил этмоқда. Камбағалликни қисқартириб, аҳолини фаровонлик сари етаклашда узумчилик бўйича тўпланган тажриба қўл келяпти. Маҳалладагилар шу билан кифояланиб қолмаяпти. Улар ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланмоқда. Ток остига экилган лоладан мўмайгина даромад олади. Очиқ томорқадан уч марта ҳосил олиш йўлга қўйилган. Чорвачилик, тикувчилик, асаларичилик билан шуғулланувчилар бор. Умуман олганда, ҳар бир оила йил давомида ўртача юз миллион сўм даромад олмаса ҳисобмас.

Ерга меҳр берган одам ҳеч қачон кам бўлмаган. Ҳар биримиз ўз хонадонимизда «Ойбулоқ» кўчасини яратишимиз мумкин. Бу бизни эртанги кунимизга қатъий ишонч билан қарашга, ҳаракат қилишга ундайди. Натижа нафақат оилавий бюджети, балки мамлакат иқтисодиётининг юксалишидаги иштирокимизни ҳам таъминлайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?